Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Рус депутатлари визасиз режимни бекор қилишни таклиф этмоқда


Россия депутатлари марказий осиёлик муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш ва виза режимини жорий қилиш таклифи билан ҳукумат идораларига мурожаат қилди. Россия коммунистлари Валерий Рашкин ва Сергей Обухов меҳнат муҳожирлари кўринишида кириб келаётган ИШИД террорчилари Россия тинчлигига жиддий хавф солаётганини иддао қилмоқда. Мутахассислар эса депутатларнинг бу хавотирларини мутлақо асоссиз эканини гапирмоқда.

Дума депутатлари Марказий Осиё давлатлари билан виза жорий қилишни таклиф этмоқда

Россия Давлат Думаси депутатлари Марказий Осиё давлатлари билан визасиз режимни бекор қилиш ташаббуси билан чиқди.

Ғояни илгари сураётган Думанинг Миллатлар масалалари бўйича қўмитаси раиси биринчи муовини коммунист Валерий Рашкин ва КПРФ Марказий қўмитаси котиби Сергей Обухов визасиз бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан кириб келаётган мигрантларни “Ислом давлати террорчилари ва экстремистик гуруҳларига алоқадорлиги синчковлик билан текшириш” зарурлигини гапирмоқда.

Бу халқ намояндалари фикрича, ИШИД жангарилари Россияга террорчилик ҳужумларини уюштириш ва уруш очиш билан таҳдид қилгани, улар Россияга кириб келишга ошиқаётгани, аммо “айрим сабабларга кўра айнан марказий осиёлик фуқаролар орасида даъват қилишда катта натижаларга эришишлари мумкинлиги” тўғрисида баёнот берди.

- Биз Ўрта Осиё халқларини ҳурмат қиламиз, ИШИд ташкилотининг террорчилик фаолияти Қуръон томонидан мутлақо номақбул эканини эътироф этаётган уларнинг дин пешволарини иззат қиламиз, аммо террорчилар алдаш, қўрқитиш ёки товламачилик йўллари билан бу мамлакат фуқароларини ёллашда муайян ютуқларга эришишлари мумкин деб ҳисоблаймиз, дея тушунтириш берди депутат Валерий Рашкин.

Бундай “хатарлар”нинг олдини олиш мақсадида ғоя ташаббусчилари ФМС ва Чегара хизмати раҳбарлари номига юборилган махсус мурожаатномада чегарада Марказий Осиё давлатлари муҳожирларини ИШИД ва бошқа халқаро террорчи-экстремист гуруҳларга алоқадорлигини синчковлик билан текширишни таклиф этмоқда. Шунингдек, Россияда ИШИД ва у билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун коммунистлар Валерий Рашкин ва Сергей Обуховлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан виза режимини жорий этиш етарли, деб ҳисоблашини билдирди.

Депутатлар Туркманистон давлати 1999 йилда барча МДҲ давлатлари билан аллақачон виза режими асосида борди-келди қилиши, Қирғизистон Республикаси эса куни кеча Россия ташаббуси билан тузилган Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгани тўғрисида хабари бўлмаса керак.

Ундан ташқари, Дума депутатлари Россияда меҳнат қилаётган 80 фоиз муҳожир ўзбек, тожик ва қирғиздир, деган асоссиз “статистика” рақамларини ҳам келтирганини кўриш мумкин. Куни кеча Федерал миграция хизмати эълон қилган расмий статистика маълумотларига биноан, Россияда яшаб келаётган 11 миллионга яқин муҳожирдан тақрибан 4,4 миллиони – марказий осиёлик, жумладан 2 миллион 156 мингги ўзбекистонликлардир.

Эслатиш жойизки, 2015 йилнинг июнь ойи охирларида “Ислом давлати” етакчилари Кавказ ҳудудида Россия вилоятини тузиши тўғрисида эълон қилингани айтилган эди. Депутатлар ўз хатларида Россия ҳудудида сўнгги пайтларда турли террорчилик гуруҳлар вакилларининг ёллаш бўйича фаолияти кучайганига эътибор қаратди. Депутатларни Россия президенти Владимир Путиннинг журналистлар олдида қилган охирги чиқишларидан бирида ИШИД Россияга тўғридан-тўғри таҳдид солмаслигини айтгани ҳам ишонтирмаган, кўринади.

Ўз мурожаатномасида Дума намояндалари мисол тариқасида 2013 ва 2014 йилда Москва вилоятида “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”га қарши махсус амалиётлар олиб борилганини ҳам эслади.

Исломни қабул қилган Варвара Караулова
Исломни қабул қилган Варвара Караулова

Маълумки, бу Валерий Рашкиннинг ИШИДга қарши кураш бўйича биринчи ташаббуси эмас. Бундан олдинроқ депутат Туркия орқали Сурияга кетаётган МГУ толибаси Варвара Караулованинг қўлга олиниши ортидан барча Россия олий ўқув юртларида талабалар орасида экстремистик ҳаракатларнинг пайдо бўлиши олдини олиш масаласи билан шуғулланувчи ваколатли шахсларни тайинлаш ташаббуси билан чиққан эди.

Айни пайтда, Россия Жамоатчилик палатасида фарзандлари ИШИД таъсири остига тушиб қолган россияликлар учун 14 июль куни “шошилинч линия”ни ишга туширишини эълон қилди.

Идора расмий вакили Алексей Маишев ота-оналарга психологик ёрдам ҳам берилишини айтди:

- 14 июль куни жамоатчилик билан фикр алмашуви тадбири бўлиб ўтади. Бу тадбир натижасига мувофиқ ота-оналарга биз ёллаётган шахсларга қарши курашиш бўйича махсус йўриқнома тайёрламиз, ўша куниёқ биз “шошилич линияни” ҳам ишга туширамиз, деди жамоатчилик палатаси вакили.

“ИШИД таҳдиди – сафсата!”

Россия ҳукумат доираларида “Исломий давлат” гуруҳларининг таҳдиди борасида сўнгги пайтларда бот-бот гапирилаётган бўлсада, мутахассислар бу хатар бироз бўрттириб кўрсатилаётганига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Рус сиёсатшуноси Георгий Мирский
Рус сиёсатшуноси Георгий Мирский

Россия Фанлар Академияси профессори, таниқли сиёсатшунос, тарихчи ва шарқшунос Георгий Мирский Озодлик билан суҳбатда Дума депутатларининг бу қурқувларини “сафсата” деб атади. Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассис Россия бошқа томондан таҳдид кутиши керак, дейди:

- Бу сафсата! ИШИД Шимолий Кавказга таҳдид қилмаслигини англаш учун харитага бир боқинг. Улар эгаллаётган ерлар билан Россия ўртасида Ироқнинг ярмиси, Сурия, Туркия, Эрон, учта Кавказорти республикалари мавжуд. Бу ғирт бемани гап! Россияга бошқа жойдан таҳдид бўлиши мумкин. У ерда жанг қилаётган россияликлар бир кун эмас- бошқа кун қайтиб келади. Лекин биз уларни киритмаслигимиз керак! Бизда уларга қарши курашиш осонроқ. Ғарб мамлакатларида бу масала оғирроқ, чунки уларнинг тузуми, қонун-қоидаларига мувофиқ сен бу мамлакатларга келганинг билан уларга алоқанг борлигини исботлаш зарур ва ҳоказо. Шу сабабли, Дума депутатларининг бундай ташаббусларини эшитиб, парламентимизни “халқаро шармандалик” деб бежиз атамайман! Лекин бу дегани Ислом радикализми мамлакатимизда йўқ, дейиш ҳам катта хато булади. Одамларимиз давлатимизга бўлган ва эртангги кунга бўлган ишончсизликдан бундай оқимларга қўшилиб кетмоқда, деди Георгий Мирский.

Сиёсатшунос ҳукумат аъзоларининг бундай таклиф-ташаббуслари жамиятга бўлаётган ҳақиқий таҳдидлардан адаштираётганини қўшимча қилди.

Шарқшунос олим Георгий Мирский билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:55 0:00
Бевосита линк

Россиянинг Хавфсизлик масалалари бўйича идораси котиби муовини Евгений Лукьянов ИШИД жангарилари қаторида асосан Шимолий Кавказдан бўлган 2 мингча россиялик борлиги тўғрисида маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG