Линклар

logo-print

Россия университети бир неча йил хизмат қилган америкалик профессорни ишдан бўшатди


Америкалик олим Кендрик Уайт содир бўлаётган бемаъни ишларни тўла идрок қилишга ҳали-ҳамон уринаётганини айтмоқда.

Америкалик олим Кендрик Уайт содир бўлаётган бемаъни ишларни тўла идрок қилишга ҳали-ҳамон уринаётганини айтмоқда.

Расмий версияга кўра, Нижний Новгород шаҳрида жойлашган Лобачевский университетининг инновация бўйича проректори Кендрик Уайт “бошқарув тизимининг ўзгартирилиши” сабаб лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда университет 30 июнь куни хабар тарқатди.

Аммо Уайтнинг ишдан бўшатилиши кремлпарастча янгиликлар дастури давомида Россия манфаатларига зарар етказувчи америкаликларнинг “ватанпарварона қора рўйхат”ини тузиш таклиф қилиниши ортидан рўй берди. Ҳукумат бошқарувидаги Россия каналининг “Вести недели” дастури нима учун америкалик шахс бундай лавозимда ишлашини сўроқ қилиб, университет залларида россиялик эмас, балки америкалик олимлар суратлари илиб қўйилганини иддао қилди.

Ғарбга қарши баландпарвоз гаплари билан маълум бўлган дастур бошловчиси Дмитрий Киселёв Уайтнинг иши “бизга зарар келтиряпти”, деди.

“Вести недели” дастурида исми тилга олинишидан бир кун ўтиб 51 ёшли Уайт Россиядан АҚШга кетди.

Ҳозирги кунда Россия-АҚШ алоқалари совуқ уруш давридагидек танг аҳволда. Бунинг асосий сабаби эса Украина бўҳронидир.

Лобачевский университети ректори Евгений Чупринов «Коммерсантъ» газетасига 30 июнь куни берган интервьюси давомида Уайтнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги саволга қисқа қилиб: “Ҳозир шунақа пайт”, дея жавоб берди.

Олийгоҳда 2013 йили дарс бера бошлаган Уайт Россиядан бирдан чиқиб кетишини қисқача изоҳлади, холос.

BuzzFeed News нашрига 2 июль куни берган интервьюсида Уайт: “Ҳалигача содир бўлаётган бемаъни ишларни тўлиқ тушунишга ҳаракат қиляпман”, деди.

Ҳозир Майамида ҳордиқ чиқараётган Уайт яқинда кўпроқ маълумот олиш учун Россияга қайтишини билдирди.

Афтидан, Уайтнинг ишдан бўшатилиши Россия илмий ҳамжамияти кўнглига ғулғула солди.

Ишчилари орасида чет эллик профессорлар бўлган бир неча институт The Moscow Times газетаси учун Уайт иши бўйича шарҳ беришдан бош тортди ва газетада ўз институтлари номи умуман тилга олинмаслигини сўранди.

“Вести недели” ҳисоботидан бир ҳафта аввал президент Владимир Путин чет эллик илмий жамғармалар зеҳнли ёш русларни “чангюткич каби” сўриб олаётганидан нолиган эди.

23 май куни Путин прокурорларга “Россия хавфсизлигига таҳдид солувчи” чет эллик ва халқаро ташкилотларни қора рўйхатга киритиш ва ёпиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади.

2012 йилда четдан маблағ олувчи ва “сиёсий фаолиятларда” иштирок этувчи нодавлат ташкилотларни “чет эл агентлари” ўлароқ рўйхатдан ўтишга мажбурловчи қонун қабул қилинган эди. Мазкур йилда қабул олинган қонун 2012 йилги қонундан анча кўпроқ кучга эга.

“Вести недели”да айтиб ўтилган қора рўйхатга киритилган илк 20 мўлжал кейинги ҳафтада ошкор қилиниши мумкин.

Рўйхатга Лобачевский университети ҳамда Мэриленд университети илмий алмашинувни рағбатлантириш учун биргаликда тузган EURECA дастури ҳам киритилиши мумкин.

Июнь ойида Путин илм ва таълим бўйича президент кенгаши олдида сўзлаган нутқи давомида: “Бу тармоқлар иқтидорли ёшларни қўллаш ниқоби остида Россия Федерацияси мактаблари атрофида кўп йилдан бери яшириниб келади. Аслида улар ёшларни чангюткич каби сўриб олади, грантларга илинтиради ва олиб кетади”, деди.

Афтидан, Уайт Кремль нишонида бўлган.

“Вести недели”да Уайтнинг Скотт Блэклинга алоқаси борлиги айтилди. Дастурга кўра, Блэклин АҚШда таълим олиш ҳақида талабалар учун семинарлар ўтказиш мақсадида бир неча марта Лобачевский университетига ташриф буюрган.

АҚШнинг Россиядаги Савдо палатаси собиқ президенти бўлмиш Блэклин июнь ойида виза қоидаларини бузганликда айбланиб, Россиядан чиқариб юборилди ва мамлакатга кейинги беш йил давомида қайтиб кира олмаслиги айтилди.

Блэклинни сайёҳ визаси билан семинар уюштиришда айблашди. Чиқариб юборилишидан аввал у Нижний Новгороддаги иммиграция изоляторида ушлаб турилди.

Вашингтон-Москва алоқалари Россиянинг Украинадаги фаолияти ортидан танглашиши сабаб АҚШдан бўлган бир неча олим ва профессор мамлакатдан чиқариб юборилди.

Россия Қримни куч билан аннексия қилганидан кейинги 12 ой давомида Россияда илмий изланишлар олиб бораётган камида тўрт нафар ғарблик жаримага тортилди, бадарға қилинди ёки шу каби чоралар қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Озодлик радиоси рус хизматига кўра, Нижний Новгороднинг ўзида кейинги ярим йил мобайнида уч ғарблик депортация қилинди.

Нижний Новгород шаҳри ва вилояти 1990-йилларда АҚШ ва Россия ўртасидаги бизнес ҳамкорлик учун синов майдони бўлган, айниқса, вилоятга Борис Немцов етакчилик қилган йилларда. Немцов кейинчалик бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган. Путиннинг ашаддий танқидчисига айланган Немцов шу йилнинг февраль ойида Москвада ўлдириб кетилган.

АҚШ-Россия жамғармаси вилоятда старт-ап технология компанияларини қўллаган.

Нижний Новгородга 1992 йилда келган Уайт Россия ва АҚШ ўртасидаги бизнес алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаган.

Президент Обама президентлигининг биринчи муҳлати давомида Россия билан алоқаларни “қайта тиклаш” сиёсатини олиб борди. Ўша даврда Уайт Россия бизнес секторини ғарбий ширкатлар ёрдамида ривожлантиришга қаратилган бир неча лойиҳада иштирок этган.

Аммо буларнинг барчаси ўтмишда қолди.

Уайтнинг ишдан бўшатилиши Москва ва Вашингтон бир-биридан не қадар узоқлашганини эслатиб туради.

Тони Веселовский қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG