Линклар

Тожик-Қирғиз чегарасидаги отишмада 18 ёшли ўсмир ҳалок бўлди


Қирғизистон - Тожикистон чегарасидаги низо содир этилган ҳудуд.

Қирғизистон - Тожикистон чегарасидаги низо содир этилган ҳудуд.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 6 июль тушдан кейин икки давлат чегарачилари ва Сўғд вилоятининг Исфара туманида яшовчи бир гуруҳ аҳоли иштирокида содир этилган отишмада тожикистонлик 18 ёшдаги ўсмир ҳалок бўлди ва бир тожик чегарачиси яраланди.

"Қирғиз чегарачилари тожикистонликлар йўлини тўсиб қўйди"

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма 6 июль куни тушдан кейин содир этилган. Тожикистон ҳукумати расмийлари дастлабки текширув якунланганидан сўнг мазкур воқеа тафсилотлари ҳақида расман маълумот берилишини билдирган.

Сўғд вилояти Исфара туманидаги Чоркуҳ қишлоғи раиси Неъматбой Олимов эса Озодлик радиоси тожик хизматига отишма пайтида қишлоқда яшовчи 18 ёшли Боборизо Ризоев ҳалок бўлганини, Тожикистон чегара хизмати зобити яраланганини айтиб берган.

Унинг айтишича, Тожикистон фуқаролари Лангар қишлоғидан Чоркуҳ қишлоғига ўтаётган пайтда уларнинг йўлини автомашиналарда келган қирғиз чегарачилари тўсиб қўйган. Қирғиз чегарачилари уларга Чоркуҳ қишлоғига ўтишга рухсат бермаган.

“Шундан сўнг жанжал чиқиб, қирғиз чегарачилари Тожикистон фуқароларига ўқ ота бошлади”, деб айтган Неъматбой Олимов.

"Ўқ қўқисдан отилган"

Қирғизистон Чегара хизмати эса ўз баёнотида отишма учун масъулиятни тожик томонига юклади.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, Тожикистоннинг олти нафар фуқароси чегаранинг аниқланмаган ҳудудидан Қирғизистон томонга ўтиб, Боткен-Исфана йўлидан кетаётган автомашиналарга тош ота бошлаган.

“Қирғизистон чегарачиларининг Тожикистон ҳудудига қайтиш тўғрисидаги талабларига жавобан қўшни давлат фуқаролари қирғиз чегарачиларини тошбўрон қила бошлаган”, деб айтилади баёнотда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ички ишлар бошқармаси расмийси Насирдин Ташбалтаевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдириишча, тошбўрон пайтида қўқисдан отилган ўқ отишмага сабаб бўлган:

- Тожикистонликлар бизнинг чегарачиларга қўл кўтариб, уларни бўғиб, қуролларини тортиб олмоқчи бўлган пайтда қўқисдан ўқ отилиб кетгани ортидан мана шундай воқеа содир бўлди. Тожикистон томони ҳалок бўлган ўсмирнинг қариндошлари норозилик билдираётганини айтмоқда. Шунинг учун қўшни давлатдаги ҳамкасбларимиз билан алоқада бўлиб, ўз ҳудудимизда барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз, -деди қирғиз милицияси расмийси.

Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон чегарачилари ўз ватандошларини тинчитиш ўрнига қирғиз ҳарбийларига таҳдид қилганини ҳам иддао қилаётир.

“Жанжал бўлаётган жойга етиб келган Тожикистон чегара наряди тожик фуқароларининг безорилик ҳаракатларини тўхтатишга ҳаракат қилмади. Боз устига тожик чегарачилари куч ишлатиб, Тожикистон фуқаролари билан бирга қирғиз чегарачиларининг қуролларини тортиб олишга уринди. Конфликт пайтида ҳар икки томондан биттадан ўқ отилди ва бир тожикистонлик яраланди”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати баёнотида.

Тожикистон Чегара хизмати вакиллари эса мазкур воқеа тафсилотларидан хабардор эканини, бироқ бу борадаги барча маълумотлар дастлабки текширувдан сўнг ошкор қилинишини билдирган.

Тожик - Қирғиз чегарасидаги жанжалларда бир йилда 3 одам ўлган

Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида бу каби низолар тез-тез содир этилаяпти. Масалан, 2014 йилда бу ерда содир этилган жанжалларда ўқ отилиши оқибатида 3 тожикистонлик ҳалок бўлган, ҳар икки томондан камида ўн одам яраланган.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги низоларга чегара чизиғининг ноаниқлиги ортидан келиб чиқаётган сув, яйлов ва ер талаш каби муаммолар сабаб бўлаяпти.

Қирғизистон - Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 970 километрни ташкил қилади. Мазкур ҳудуднинг 560 километригина аниқланган. Чегаранинг қолган ҳудудларини аниқлаш юзасидан 12 йилдан бери давом этаётган давлатлараро музокаралар натижасиз якунланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG