Линклар

logo-print

Баллистик ракеталар баҳси 5+1 билан Теҳрон ўртасидаги келишувни савол остига қўймоқда


Эроннинг баллистик ракеталар дастурига доир БМТ санкциялари хусусида чиққан баҳс Теҳрон билан дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида имзоланиши кутилган келишув масаласига тўғаноқ бўлмоқда.

Баллистик ракеталар масаласи музокараларда кўтарилмагани ва апрель ойида эълон қилинган дастлабки келишувга киритилмаганига қарамасдан “Эрон томони баллистик ракеталар билан боғлиқ санкцияларнинг олиб ташланишини талаб қилмоқда”, дея маълум қилди ғарблик расмийлардан бири. Унинг айтишича, 5+1 гуруҳи вакиллари бу талабни қондиришга хайрихоҳлик билдирмаётир.

Бундан ташқари Эрон делегацияси етакчиларидан бири Венада мухбирлар билан мулоқоти чоғида Теҳрон БМТнинг қурол эмбаргоси ҳам бекор қилинишини исташини баён қилгани келишув имзоланиши истиқболларини савол остига қўйди. Ғарблик дипломат қурол эмбаргосини бекор қилиш ҳақида "гап бўлиши мумкин эмас", дея таъкидлади.

Қўшма Штатлар ва Ғарбнинг бошқа давлатлари Эроннинг мунозарали қуролларни қўлга киритиш имконини чеклаш тарафдоридир, чунки Теҳрон Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлари урушларнинг келиб чиқишига сабабчи, деб кўрилади.

Апрель ойида дастлабки келишувга эришилгани эълон қилинган пайтда Қўшма Штатлар “мунозарали қурол ва баллистик ракеталар билан боғлиқ жиддий чекловлар” БМТнинг Эронга оид ҳар янги кўрсатмаларига киритилади, дея билдирган эди.

Бундай чекловларнинг сақланиб қолиши имзоланиши кутилаётган якуний келишувни АҚШ Конгрессидан ўтказиш учун муҳим аҳамиятга эга. Лекин мухбирларга гапирган Эрон музокарачиси “Эрон ўз ҳақларини талаб қилган ҳолда, барча санкциялар, жумладан баллистик ракеталарга доир БМТ санкциялари ҳам олиб ташланишини истайди”, дея таъкидлади.

XS
SM
MD
LG