Линклар

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар бир инсонга унинг ўлимидан кейин жасадини дафн этиш ва дафн этиш учун жойни текин бериш кафолатланади.

Мамлакатнинг “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилган бу меъёрни эслаш зарурати Озодлик тингловчиси шикоятидан пайдо бўлди.

ОзодМикрофон билан боғланган тингловчи Когон шаҳрида вафот этган қариндошини дафн этишга у (марҳума) Россия фуқароси бўлгани учун маҳаллий маъмурлар рухсат бермаганидан шикоят қилган эди.

Марҳуманинг қўшниси талқинида эса, дафн билан боғлиқ можаро тафсилотлари бошқачароқ.

6 июль кунги гап

ОзодМикрофон эшиттириши билан Москвадан 6 июль куни боғланган 32 яшар когонлик (Бухоро вилояти) йигит бундан 3 ярим йил илгари Россия фуқаролигини олган яқин қариндошини 6 июль куни Когон шаҳрида дафн этишга милиция ходимлари рухсат бермаганидан шикоят қилган эди.

Исмини айтмаслигимизни илтимос қилган йигитнинг айтишича, Когон шаҳри, Ашхобод кўчаси, 4- уйда истиқомат қилган, ёши 60 га кирганда касалликдан вафот этган қариндоши – Фароғат опани дафн қилиш 6 июль, эрталаб соат 11 га белгиланган эди. Лекин жаноза намози бошланишидан олдин ўлим юз берган хонадонга бир неча милиция ходими келган ва марҳума Россия фуқароси эканлиги учун Ўзбекистон ҳудудида дафн этилишга ҳақи йўқлигини айтган.

Марҳуманинг яқинлари ва таъзияга йиғилган қўни-қўшнилар бундай талабни эшитгач норозилик билдирган ва 2 соат давом этган тортишувдан сўнг дафнга рухсат берилган.

Фароғат опанинг вафот этганини Когонда ҳамма билади

Ҳар ҳолда опанинг ўлими билан боғлиқ воқеага алоқаси бўлиши мумкин бўлган идоралар вакиллари гап нима ҳақда кетаётганини дарҳол тушунди.

“Ашхобод кўчаси, 4 уйда вафот этган Фароғат опанинг иши бўйича саволимиз бор эди”, дейишимиз биланоқ Когон шаҳар ички ишлар бўлими ходими “Ҳа, у аёл кеча жойига қўйилди”, деди. Дафн этишга милиция қаршилик қилганини ходим рад этди.

Шаҳардаги яна бир расмий идорадан марҳума тўғрисида мана бу маълумотни олдик:

“Мамедова Фароғат Хабибовна, 1953 йилда туғилган, миллати ўзбек, Россия фуқароси, Москва вилояти, Одинцово поселкасида истиқомат қилган. 2015 йил 4 июль куни Когон шаҳар Коинот кўчаси 5 уйда яшовчи ўғли Мамедов Алишер Абдуллаевичнинг уйига меҳмонга келган тўсатдан вафот этган”.

Бу маълумотни тақдим этган идора вакили Фароғат Мамедовани дафн этиш билан боғлиқ можаро бўлганидан хабарсизлигини билдиришга шошилди ва алоқани узиб қўйди.

Фароғат опа Фароғат опадир

Озодлик мухбири ОзодМикрофонга мурожаат қилган йигит айтган “бундан 4 йил олдин даволаниш учун Россияга бориб, шу мамлакат фуқаролигига ўтган, унгача эса Ашхобод кўчаси, 4- уйда яшаган Фароғат опа” билан юқоридаги маълумотномада тилга олинган “1953 йилда туғилган Мамедова Фароғат Хабибовна”нинг битта одам эканлигини аниқлади. “Ашхобод” - Фароғат опа яшаган кўча (“Коинот”) нинг эски номи, холос.

“Уйни СНБ босди”

Марҳуманинг Когондаги яқинлари билан боғланишнинг иложи бўлмади ва бунинг сабабини 6 июль куни ОзодМикрофон билан боғланган йигитнинг 7 июль кунги хабаридан тушунгандай бўлдик.

Унинг рус тилида ёзган хабарида айтилишича, унинг шикояти ОзодМикрофонда эфирга кетгач, "Фароғат опанинг хонадонига 7 июль куни милиция ходимларига қўшилиб, МХХ ходимлари ҳам келган. Уларнинг қўлида ОзодМикрофон эшиттиришининг аудиоёзуви бўлган ва ундаги овоз кимники эканлигини айтишни талаб қилишган”.

“Милиционерларда, СНБ ходимларида айб йўқ”

Озодлик мухбири марҳума Фароғат Мамедованинг “бир умрлик қўшниси” Зулайҳо опа билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, Фароғат опанинг дафн маросими кечиккани рост, лекин айб милицияда эмас, балки марҳуманинг яқинларидадир:

- Чунки, Фароғат опа тунда, соат 2 да кўз юмди, эрталаб соат 11 да эса, чиқармоқчи бўлишди. Дафн этиш учун ўлим тўғрисида далолатнома олиш керак экан. Далолатнома олиш учун боришса, унинг Россия фуқароси эканлигини билиб қолишган ва шунинг учун Фароғат опанинг уйига келишган. Шунинг учун 2 соатга кечикди дафн, деди марҳуманинг қўшниси Зулайҳо опа.

Қонун нима дейди?

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил, 27 декабрда кучга кирган “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунида марҳумларни сўнгги йўлга кузатиш билан боғлиқ барча масалалар ечими белгилаб қўйилган.

Ҳужжатнинг 7- моддасида мана бу меъёр мавжуд:

“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар бир инсонга унинг ўлимидан кейин жасадини (сақланиб қолган тана қисмларини) вафот этган шахснинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда ушбу Қонунга мувофиқ дафн этиш ва дафн этиш учун жойни текин бериш кафолатланади”.

Эътибор беринг: “ҳар бир фуқарога” эмас, балки “ҳар бир инсон”га дейилаяпти.

Россия фуқароси Фароғат опа туғилиб, бир умр яшаган Когондаги уйида эмас, балки Россияда вафот этганида ҳам Ўзбекистонда дафн этилишга ҳақли эди.

Чунки “Хорижий давлат ҳудудида вафот этган шахсни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этишда кўмаклашиш тартиби ҳақидаги Низом”нинг 42- бандида бундай дейилган:

“Айрим ҳолларда, ҳаётлик чоғидаги хоҳишига ёки васиятномасига кўра Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вафот этган чет эл фуқароларини олиб келиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўмишга рухсат берилади. Одатда, улар собиқ ватандошлар, Ўзбекистон Республикаси билан тарихий қариндошлик алоқаларига эга бўлган бошқа шахслар бўлиши мумкин”.

Ҳатто сиёсий қочқин ҳам Ўзбекистонда дафн этилишга ҳақли!

Тақдир тақозоси билан Ўзбекистондан ташқарида юрган ҳар бир ўзбекистонликни ўлим юз берганда майитни дафн этиш билан боғлиқ масала қизиқтиради ва бу қизиқишни OzodJavob эшиттириши ҳам ўз вақтида ҳисобга олган, “Ўзбекистон ўз фуқаролигидан чиққанлар майитини қабул қиладими?” деган саволга жавоб излаган эди.

Эшиттиришда Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитасининг ўша вақтдаги (2012 йил, ноябрь) раиси Светлана Ортиқова ҳам иштирок этган эди.

Сенатор Ортиқова ўшанда, ҳатто сиёсий қочқин мақомини олган ўзбекистонлик ўз майитини Ўзбекистонда дафн қилиш борасида васият қолдирса, бунга мамлакат қонунларида ҳеч қандай тақиқ йўқ эканлигини таъкидлар экан, жумладан мана бундай деган эди:

- Фарқи нима, у ҳам инсонку! Унинг охирги васиятини¸ албатта¸ қариндошлари бажариши керак. Бунга бизнинг миллий қонунчилигимизда ҳеч қанақа тўсқинлик йўқ!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG