Линклар

logo-print

Ўзбек махсус хизматларига жосуслик дастурлари етказиб берадиган ширкат ҳакерлик ҳужумига учради


Одамларнинг Интернет тармоғидаги фаолиятини кузатиб бориш учун компьютер дастурлари ишлаб чиқарадиган Hacking Team ширкатига ҳакерлик ҳужуми уюштирилди. Қароргоҳи Италияда бўлган бу ширкат мижозлари орасида Ўзбекистон махсус идоралари ҳам бор.

Hacking Teamга ҳужум қилган ҳакерлар ширкатга қарши 400 гигабайт ҳужжатни ўғирлаш билан биргаликда унинг Твиттердаги саҳифасига ҳам кирганлар. Мазкур аккаунт орқали улар ширкат компьютеридан олинган айрим скриншотларни эълон қилиб, шу тариқа Hacking Team ҳужумга учраганини очиқлаганлар.

Ширкатдан ўғирланган аудиоёзувлар, электрон почта ёзишмалари ва молиявий ҳисоботларни ҳакерлар BitTorrent торрент-трекерига жойлаштирганлар.

Ҳакерлар ёйинлаган маълумотларга кўра, ширкат мижозлари орасида 36 мамлакат, шу жумладан, постсовет ўлкаларидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Озарбайжон идоралари бор.

Hacking Team вакиллари ҳақиқатан ширкатга ҳакерлик ҳужуми уюштирилганини тасдиқлаб, бу борада текширув бошланганини билдирганлар.

Hacking Team турли мамлакатларнинг махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари киберфазода ишлатадиган Remote Control Systems (Масофадан назорат қилиш тизимлари) деб умумий ном билан аталувчи жосуслик дастур таъминотини ишлаб чиқишга ихтисослашган. Ширкат маҳсулотларидан турли платформаларда, шу жумладан, Windows, Android, OS X операцион тизимли қурилмаларда фойдаланса бўлади. Hacking Team ширкатининг энг машҳур маҳсулотлари DaVinci ёки Galileo жосуслик дастурлари бўлиб, улар кўп маротаба антивирус дастурларини ишлаб чиқарувчи ширкатлар диққат-эътиборини ўзига жалб этган. Бу дастур иловалари одамларнинг глобал тармоқдаги фаоллигини кузатибгина қолмай, уларнинг очиқ ва ҳимояланган каналлар орқали амалга ошираётган ёзишмаларини ўқиш, ўзаро телефон сўзлашувларини тинглаш имкониятини яратади.

Hacking Team анча ёпиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти ҳақида яқин-яқингача унча кўп нарса маълум эмасди. Ширкат фаолияти ҳақида жаҳонга жар солган илк ташкилотлардан бири Wikileaks бўлган.

Итальян ширкати фаолияти кўпчиликка ошкор бўлгач, унинг дўстларидан душмани кўпайди. Ўзларига қарши уюштирилган сўнгги ҳужумни ҳам Hacking Team вакиллари бутун дунё бўйлаб уларга қарши бўлган ташкилот ва одамлар кўплиги билан изоҳлаганлар.

Ширкат фаолиятини номақбул санайдиган халқаро ташкилотлардан бири “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотидир. “Чегара билмас мухбирлар” ўз ҳисоботларида Hacking Team ширкатини “Интернет душманлари” саналмиш ташкилотлар қаторига қўшган. Мазкур рўйхатда Hacking Team ширкатидан ташқари Европада фаолият юритадиган ҳамда Интернетда кузатувни амалга оширувчи дастурлар яратиш билан шуғулланадиган Gamma, Trovicor, Amesys ва Blue Coat каби ташкилотлар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз,“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистон ҳукуматини ҳам бир неча йиллардан буён “Интернет душманлари” рўйхатидан туширмай келади. Айни ташкилот Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни йиллардан буён “эркин матбуот кушандаси” ўлароқ тақдим қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG