Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати 8 июль куни тушдан кейин Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг навбатдаги сессияси давомида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги Пактнинг бажарилиши бўйича ҳисобот бера бошлади.

Швейцариянинг Женева шаҳридан туриб Инсон ҳуқуқлари қўмитаси сессиясини ёритаётган Озодлик мухбири Шуҳрат Бобожоннинг билдиришича, Ўзбекистон делегациясини тўрт мулозим тамсил қилмоқда.

Улар Ўзбекистон Бош прокуратурасидан Ислом Жасимов, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан Евгения Ланкевич, Адлия вазирлигидан Шаҳноза Ëқубжонова ва Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази вакиласи Дилноза Муротовалардир.

Ўтган йиллардагидан фарқли тарзда Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳисобот тақдимотида иштирок этмаяпти.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайёрланган расмий ҳисоботни тинглаш Женева вақти билан соат 14да бошланди.

БМТ Қўмитаси эътиборига Ўзбекистон тарафидан ҳавола қилинаëтган ҳисоботга дастлаб 2013 йил санаси ëзилган. Кейинроқ “техник сабабларга кўра” ҳисобот санаси 2014 йил, май деб ўзгартирилган.

Ҳисоботда 2007 йилдан то 2012 йилгача бўлган даврга оид эскирган маълумотлар қўлланилган. Масалан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳамда 2013 йил ноябрида фаолияти тўхтатилган “Форум” жамғармаси ўзбек фуқаровий жамияти эришган ютуқ сифатида ҳисоботда келтирилади.

Расмий Тошкент тақдим қилаëтган ҳисоботда иддао қилинишича: “Қисқа тарихий бир даврда Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқ ва эркинлиги тўғрисида 15 кодекс ҳамда 500 дан ортиқ қонунларни қабул қилган.”

Расмий ҳисоботга ишониладиган бўлса,“Ўзбекистонда фуқароларнинг сиëсий ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда”.

Мустақил экспертлардан ташкил топган Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита расмий ҳисоботдан бир кун олдин ëпиқ эшиклар ортидаЎзбекистон фуқаровий жамияти фаоллари тайëрлаган муқобил ҳисоботларни тинглади.

Муқобил ҳисоботни тақдим қилган Ўзбекистон - Германия Инсон ҳуқуқлари форуми вакили Алисон Гилл Озодлик мухбири билан суҳбатда қўмита эътиборини мамлакатда ҳаракатланиш эркинлигининг чекланганига қаратганлигини билдирди:

- Биз Ўзбекистонда инсонларнинг тамал ҳуқуқлари бузилаëтганлигини¸ чиқиш визаси¸ прописка мисолида аниқ далиллар билан гапирдик. Шунингдек, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат масаласини ҳам кўтардик¸ - деди Алиссон Гилл Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, БМТнинг Фуқаролик ва сиëсий ҳуқуқлар ҳақидаги Пакти иштирокчиси сифатида Ўзбекистон ўз фуқароларининг бу Пактда таъкидланган тамал ҳуқуқлари бузилаëтганини изоҳлашга мажбур.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йилда қабул қилиниб, 1976 йилда кучга кирган ушбу Пактни Ўзбекистон 1996 йили ратификация қилган.

Дунёнинг 168 давлати бу Пактнинг иштирокчиси ҳисобланади.

18 нафар мустақил экспертлардан ташкил топган Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита Ўзбекистондан ташқари Буюк Британия, Венесуэла, Испания, Канада, Македония ва Франциянинг Пакт бўйича ҳисоботларини кўриб чиқмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG