Линклар

logo-print

Агар бошқа муҳимроқ ишингиз бўлса, ўқиманг бу блогни. “Барибир бекор ўтирибман, ўқиб қўяверай” десангиз, ишонинг, сарлавҳада ваъда қилингандан кўп вақт йўқотмайсиз.

Гап вақт ҳақида.

Вақтни аяб, телеграф усулида ёзаман.

Ўзбекистонда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бор.

Фонд сайтида унинг 2015 йил 1- чорак фаолияти якунлари тўғрисида маъруза эълон қилинган.

Маърузага тиркалган иловалардан Ўзбекистонда 9804 та ФЎЎБО борлиги маълум бўлади.

ФЎЎБО -Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.

Улар:

Шаҳарча фуқаролар йиғини,

Қишлоқ фуқаролар йиғини,

Маҳалла фуқаролар йиғини,

ёки

Овул фуқаролар йиғини шаклида бўлади.

9804 та ФЎЎБОнинг 9046 таси ҳузурида “Ота-оналар университети” очилган.

Бу билим даргоҳларида ота-оналарнинг

ҳуқуқий

маънавий-аҳлоқий

ва

физиологик “билимлари оширилади”.

Билимларни ошириш иши “тадбир” дейилади.

2015 йил 1- чорагида 9046 та “Ота-оналар университети”да ҳаммаси бўлиб 30 252 та тадбир ўтказилган.

Ҳар бир тадбир 1 соат давом этган бўлса, бу 30 252 соатлик тадбирдир.

30 252 соатни қонунда белгилаб қўйилган иш куни меъёри - 8 соатга бўламиз.

Натижа – 3781,5.

Чиққан натижа кундир. Иш кунидир.

Тушунмаяпсизми?

Айтмоқчиманки, агар ўша 9046 та “Ота-оналар университети”да 3 ойда ўтказилган ва 30 252 соатга чўзилган тадбирларда 1 (бир) киши қатнашган бўлса, у (ўша 1 киши) ҳаммаси бўлиб 3781,5 иш куни сарфлабди.

3781,5 иш куни дам олиш кунларини қўшиб ҳисобласа, тақрибан 15 йил бўлади.

Демак, ўша 1 (бир) киши ўз умрининг 15 йилини

ҳуқуқий

маънавий-аҳлоқий

ва

физиологик “билимлари ошириш” билан банд бўлибди.

Ўша 30 252 соатга чўзилган тадбирларда 100 киши қатнашган бўлсачи?

1000 киши қатнашган бўлсачи?

10 000 киши қатнашган бўлсачи?

10 000 кишининг 150 000 (бир юз эллик минг) йиллик умри “Ота-оналар университети” тадбирида ўтган бўлиб чиқадими?

Бўлиши мумкинмасе?!

Шахсан мен ишонмайман.

Мен умуман ўша 30 252 та тадбир ўтказилганига ишонмайман – ишонмасликка ҳақим бор-ку, тўғрими?

Ишонмасликдан кўнглим таскин топади: шунча одамнинг вақти бекор ўтмабди, деб ўйлайман.

Ўйлайману лекин барибир “Ота-оналар университети” очилган 9046 та ФЎЎБОдаги 9046 ходимнинг ўтказилган тадбирлар тўғрисида “Маҳалла” фондига жўнатиш учун ҳисобот ёзишга кетган вақтига ачинаман.

Ахир уларнинг ҳар бири бу иш учун 1 соатдан сарфлаган бўлса, ҳаммаси бўлиб 9046 соат сарфладику?!

Уларни деб, мана, менинг ҳам вақтим кетди.

Сизнинг ҳам вақтингиз кетди.

Бўлар иш бўлди. Яна бир гап:

Юқорида айтганимиздай, “Ота-оналар университети”да физиологик билимлар ҳам берилар экан.

Баъзилар ўзларининг табиий физиологик-шаҳвоний эҳтиёжларини қўл билан қондирадики, бу ҳаракатнинг тиб илмида О ва М ҳарфлари билан бошланадиган иккита номи бор. Лекин ўша сўзлар ўзбекча луғатларга киритилмагани учун бу ерда келтиришга ийманиб турибмиз.

Гап нима ҳақда кетаётганини бошқалар тушунмаса ҳам, физиологлар тушунди.

“Ота-оналар университети”нинг физиология домлалари ҳисобот тузувчиларга шу ҳақда ҳам дарс ўтишармикан? О ёки М билан бошланувчи сўзлар билан нафақат физиологик-шаҳвоний эҳтиёжни қондириш, балки ҳар қандай бемаҳсул ҳаракатга нисбатан ишлатилишини тушунтиришганмикин?

***

Юқоридаги матнни ўқишга 2 дақиқаю 10 сония вақтингиз кетди.

1(бир) соатда бундай матндан 25 – 30 тасини ўқиб ташлашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG