Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:27

Греция референдуми ЕИ учун қандай маъно касб этади?


Carnegie Europe маркази таҳлилчиси, Марказнинг Strategic Europe рукни бош муҳаррири Жуди Демпси 6 июль куни Озодлик радиосининг Брюсселдаги мухбири Рикард Жозвиак билан Грецияда бўлиб ўтган референдум натижаси ва унинг Европа Иттифоқи учун қандай маъно касб этиши ҳақида суҳбатлашди.

Озодлик: Греция Европа Иттифоқининг мамлакатга қарз бериш шартларига қарши овоз берди. Энди нима бўлади?

Жуди Демпси: Мен сизга нима бўлмаслигини айтиб бераман. Европа келажагига миллий ҳукуматлардан воз кечиб, умумевропача назар солиш амалга ошмайди. Греция бўҳрони Европанинг бўҳрон нима ҳақда эканлигини англашдаги ақл бовар қилмайдиган камчилигини ошкор қилди.

Бу бўҳрон фақат пул ёки Греция давлатининг мудхиш аҳволи ҳақида эмас. Бу бўҳрон Европа келажаги ҳақидадир. Муҳокамалар асосан Грецияга босим ўтказиш, Грециянинг жиддий муаммоларни ечишдан қайсарлик билан бош тортиши ҳақида бўлди. Аммо кенгроқ манзара, яъни Греция еврозонани тарк этадиган бўлса, бунинг валюта иттифоқига катта зарар кўрсатиши эътибордан четда қолиб келмоқда.

Энг муҳими, сиёсий ва иқтисодий интеграция томон интилиш ғояси тўхтаб қолди. Бу Европа етакчилари учун катта муваффақиятсизлик бўлади.

Озодлик: Греция бўҳрони бутун еврозонага таҳдид солади, деб ўйлайсизми?

Демпси: Ҳа, юз фоиз. Бу даҳшатли бўлиши мумкин. Кичик мамлакат бўҳронини – биламан, бу жуда-жуда катта туйилади – ҳал қила олишмагани Европа ва Европа интеграциясининг келажагига таҳдид солади.

Озодлик: Еврозона молия вазирлари Брюсселда 7 июлда учрашади. Унинг ортидан еврозона мамлакатлари етакчилари учрашади. Нима деб ўйлайсиз, улар бирор муросага кела оладими?

Демпси: Буни айтиш жуда қийин. Мен олмон шарҳловчиларга ҳамда Германия ва бошқа Европа мамлакатлари сиёсий элиталарига қулоқ солиб келяпман. Улар Грециянинг тарк этиши нималарга олиб келишини тўлиқ англаб етганлари йўқ ёки буни хоҳламайдилар, деб ўйлайман.

Ципрас янги жиддий пакет ишлаб чиқса ва янги молия вазирини тайинласа атмосфера озгина ўзгариши мумкин. Аммо шов-шувларининг ўзи етарли эмас. Нима бўлишини билмайман. Греция чиқиб кетмайди, деб умид қиламан. Мен ростдан нима бўлишини билмайман. Мен истаган нарса улар бунинг Европа учун қандай маъно англатишини ва ғарбий Болқонлар, Греция, қочқинлар, Кипр, трансатлантик алоқалар, Европанинг ўз аъзолари билан, биқинидаги мамлакатларнинг эмас, балки ўз аъзоларининг бўҳронини ҳал қилишига таъсир қиладиган стратегик оқибатларини кун тартибига қўйишлари керак.

Агар европаликлар институт ва Европа Иттифоқи сифатида бу муаммони ҳал қила олмаса, демак биз ғафлат томон кўр-кўрона кетмоқдамиз.

Озодлик: Россия мазкур бўҳрон яратган бўшлиқни тўлдира оладими, нима деб ўйлайсиз?

Демпси: Менимча, бу жуда муҳим савол. Греция чиқиб кетадиган бўлса, биз Украина бўҳронини ҳам ҳал қила олмаймиз, сабаби иккиси ҳам бардошлиликка бориб тақалади.

Иккиси орасида осмон билан ерча фарқ бордек туйилишини биламан, аммо иккиси ҳам Европанинг узоқ келажаги ҳақида. Тубдан ислоҳ қилиш учун, олигархлардан қутулиш учун, коррупцияни тугатиш учун, шаффофлик яратиш учун… сизга маълум бўлганидек, Россия бизни Украинада муваффақиятсизликка учрашимизни хоҳлайди, Грецияда ҳам мағлубиятга учрашимизни кутяпти. Россиянинг Европа Иттифоқининг ушбу ўтакетган заифлигидан фойдалана олиши аниқ.

Интервьюдан сўнг:

Греция Бош вазири Алексис Ципрас7 июль куни Брюсселда Европа давлатлари лидерларига Афинанинг қарзлари масаласини “ижтимоий адолат ва иқтисодий асосланган ҳолда ҳал этиш” юзасидан лойиҳани тақдим этди.

Европа Иттифоқи раҳбари Дональд Туск мазкур масала шу ҳафта охиригача кўриб чиқиши лозимлигини билдирди. Туск Европа Иттифоқига аъзо 28 давлат раҳбарини Брюсселда бу борада ўтадиган саммитда иштирок этишга чақирди.

“Бу инқироз учун барчамиз масъулмиз ва уни бартараф этиш ҳам барчамизнинг зиммамизда”, деб билдирди Дональд Туск.

Греция Бош вазири Алексис Ципраснинг мазкур масалада бугун Европа парламентида чиқиш қилиши кутилмоқда.

5 июль куни Грецияда ўтган референдумда сайловчиларнинг 60 фоиздан кўпроғи кредитор давлатлар Афинага таклиф қилган инқироздан чиқиш дастурига қарши овоз берган эди. Грециянинг кредиторлардан 240 миллиард евро қарзи бор.

Мазкур давлат 30 июль куни Халқаро валюта жамғармасига мазкур қарзнинг бир қисми бўлган 1 миллиард 550 миллион еврони тўлай олмагани ортидан расман “банкрот давлат” деб эълон қилинган эди.

XS
SM
MD
LG