Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори бўлиб қолаëтган “Билайн” ширкати ўз хизматлари сифатини мониторинг қилишга қаратилган янги дастурни ишга туширди. Ширкат вакиллари Mobile Quality Analyzer (MQA) ускунаси воситасида овозли хизматлар ва мобил Интернет сифатини мунтазам кузатиш имконини кенгайтириш мақсад қилинганини таъкидламоқда.

Яқин кунларда“Билайн” мижозлари ўз смартфонларига ушбу дастурни юклаб олиш ва ширкат хизматлари сифатига мунтазам баҳо бериш имконига эга бўладилар.

“Билайн” жамоатчилик билан ишлаш бўлими ходимасининг айтишича¸ ҳозирча бу мониторинг мосламаси ширкат ходимлари ичидаги кўнгиллилар телефонига ўрнатилган ва яқин орада мижозларга тақдим этилади:

- Бу мониторинг хизматларимиз сифатини яхшилаш мақсадида тақдим этилаëтган хизмат. Янги база станциялари ишга тушиши муносабати билан ҳозир ширкатимизда модернизация жараëни кетаяпти. База станциялар¸ яъни янги антенналар ҳозир тест режимидан ўтган. Бошқармадан лицензия тегиши билан биз антенналарни ëқамиз¸ албатта. Ҳозирча абонентларимиз учун монитринг хизмати ëқилмади¸ ташкилот ичидаги мониторинг бор. Бу мониторинг асосида қайси томондан камчилик¸ чекланиш бўлаëтган бўлса¸ шуни бартараф этишга ҳаракат қилишади мутахассисларимиз. Бу мониторинг оқибатида¸ алоқа сифати¸ Интернет тезлиги¸ умумиятла биз кўрсатадиган хизматлар сифати яхшиланади¸ дейди “Билайн” ходимаси.

Ўзбекистондаги беш мобил алоқа оператори орасида энг йиригига айланган “Билайн” ширкати фаолияти ўтган ой расмий идоралар ташаббуси билан маҳаллий матбуотда танқидга учраган эди.

Расмий ўзбек нашрлари яқинда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг “Билайн” мобил алоқа оператори фаолияти юзасидан хулосасини эълон қилган эди.

Инспекция хулосасига кўра¸ компания мижозлар ҳисобидан асоссиз равишда пул ечиб олган, айрим ҳудудларда узоқ вақт давомида алоқанинг йўқолиб қолиши кузатилган.

Жорий йилнинг январь-май оралиғида инспекцияга “Билайн” фаолияти юзасидан келиб тушган шикоятлар ўтган йилга нисбатан 29,7 фоизга ортган. Давлат инспекцияси шикоятлар асосида мониторинг олиб бориб, “Билайн”нинг хизмат кўрсатишини қониқарсиз деб баҳолаган.

Қайд этилишича, давлат инспекцияси “Билайн” ширкатига кўп маротаба кузатилаётган қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берган, акс ҳолда, чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон алоқа тизими расмийлари эътирози ортидан лицензиядан маҳрум этилган Россиянинг МТС ширкати тажрибасидан келиб чиққан хориж операторлари¸ хусусан¸ “Билайн” бундай огоҳлантиришни жиддий қабул қилган кўринади.

Ҳозирга келиб абонентлари сони 10¸5 миллиондан ошган “Билайн” хизматлари¸ айрим мижозларнинг айтишича¸ тарифлари бошқа операторларга нисбатан қиммат эканига қарамай¸ сифат жиҳатдан қониқарсиз бўлиб қолмоқда.

Ҳозирга қадар телеком ширкатлари хизматчилари телефон қилиб¸ камида 10-15 минут вақтингизни олиб¸ хизмат сифати ҳақида савол беришар ва жавобларингиз автоматик тарзда ëзиб олинар эди. Энди “Билайн” Ўзбекистонда биринчи бўлиб смартфон учун мониторинг юкламаси таклиф қилса¸ демак ширкат ўзига хос ижтимоий сўровнинг янги ва қулай шаклига ўта бошлаганини кўрсатади¸ дейди “Билайн” мижозларидан бири:

- Бунақа юкламани¸ ҳар қалай Ўзбекистонда биринчи марта “Билайн” киритаяпти¸ адашмасам. Хизмат сифатига оддий одамларнинг ўзи баҳо берадиган қилиб қўйса¸ албатта¸ яхши бўлади. “Билайн” ҳозир Ўзбекистондаги энг катта¸ абонент сони бўйича биринчи ҳисобланади. Лекин сифат бўйича эмас. “Билайн” энг қиммати¸ лекин унда ҳам мобил алоқа баъзан ўз-ўзидан ишламай қолади. Тошкентдан бошқа аксар ҳудудда уларнинг антенналари умумий электр таъминотига боғлиқ ва свет ўчиши билан ўша ҳудуддаги антенна ҳам ишламай қолади¸ алоқа йўқолиб қолади. Бу энди¸ ширкатлардан кўра каттароқ муаммо¸ дейди биргина “Билайн” эмас¸ балки унинг рақобатчилари хизматидан ҳам фойдаланиб келаëтган мижозлардан бири.

Ўзбекистонда “Билайн” бренди остида хизмат кўрсатаëтган ширкат бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган Россиянинг Vimpelcom ширкати шўъбасидир.

Асосан постсовет давлатлари¸ қолаверса¸ Осиë ва Африкадаги жами 14 мамлакатда фаолият юрғизаëтган Vimpelcom 2006 йилда ўзбек мобил алоқа бозорига кирган.

Айни кунларда¸ акциялари АҚШ биржаларида очиқ савдога қўйилган Vimpelcom фаолияти, Ўзбекистонга кириш учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганлик юзасидан мавжуд жиддий айбловлар муносабати билан Америка¸ қолаверса¸ Европа терговчилари томонидан тафтиш қилинмоқда.

Мазкур тергов доирасида АҚШ прокурорлари Vimpelcom ширкатининг юзлаб миллион долларини музлатиш ҳаракатини бошлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG