Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:56

Ўзбекистондаги энг қиммат лагерлардан ота-оналар норози


Ўзбекистондаги энг қиммат ва нуфузли саналадиган Happy Summer ва West Camp ёзги болалар оромгоҳларидаги шароитлардан қониқмаган ота-оналар ўз норозилигини билдирмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали қизғин муҳокамага сабаб бўлган шикоятларда айтилишича, оромгоҳларда болалар учун шароитлар етарли эмас. Ота-оналар лагерларда иссиқ сув йўқлиги, бассейнлар тозаланмаслиги ортидан болалари касалланганидан шикоят қилишди.

Facebookдаги "Жамоатчилик назорати" ("Общественный контроль") гуруҳида бир ҳафтадирки, Happy Summer ва West Camp болалар оромгоҳларидаги шароитлардан норози бўлган ота-оналар ўртасида муҳокама давом этмоқда.

Happy Summer лагерида фарзандининг 12 кун дам олиши учун 900 минг сўмга яқин пул тўлаганини айтган Рахила Абдуллаева исмли аёл оромгоҳдаги шароитлардан қониқмагани ҳақида ёзди:

“"Оромгоҳда таъмирлаш ишлари тугалланмаган, қурилиш хом ашёлари сочилиб ётибди. Ювиниш хонасида эса қўрқинчли манзара гувоҳи бўлиш мумкин. Даҳшат. Мен бундай катта миқдордаги пул эвазига болалар учун анча яхши шароитлар яратилиши лозим, деб ҳисоблайман", деб ёзади аёл.

Абдуллаева оромгоҳдаги бассейнлар аҳволидан қониқмагани ва иссиқ сувнинг йўқлигидан шикоят қилди:

“Бассейн сувини фильтрланг, иссиқ сув билан таъминланг! Ҳожатхонадаги шароитларни яхшиланг, хоналарни оқлаб, саранжом-саришталикни йўлга қўйинг!.. Бошқа нарсалар ҳақида майли гапирмай қўя қолай”, деган Рахила Абдуллаева боласи лагерда касалланганини ҳам қайд қилган.

Shirin Abdurashidovaнинг Facebookда ёзишича, Happy Summer оромгоҳида дам олаётган ўғлини иссиқ сув бўлмагани учун уйга қайтариб олиб келган:

“Унинг отрядида иссиқ сув бўлмади, болам 4 кун чўмилмади... Камчиликлари жуда кўп. Аниғини биламанки, у ерга бошқа болаларимни жўнатмайман”, деб ёзди Shirin Abdurashidova.

Mavluda Abdullaevz исмли фойдалувчи эса West Camp оромгоҳида невараси 7 кун дам олганидан сўнг касалланиб қолгани ҳақида ёзди:

“Иссиқ сув йўқ, болалар совуқ сувда чўмилишган, ўғил болалар учун ҳожатхона кўчада, бир нечта тараканга ҳам кўзим тушди... Неварамни бир ҳафтадан сўнг шамоллаб қолгани учун олиб келдик. Энди дам олиш ўрнига шифокорларга қатнаб, дори-дармон қилаяпмиз”, деб ёзади Mavluda Abdullaevz.

Happy Summer оромгоҳида фарзанди дам олаётган тошкентлик аёл Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда лагерда болаларнинг овқатланиши жуда яхши эканлиги, бироқ шароитлардан озгина кўнгли тўлмагани ҳақида гапирди:

“Овқатларига гап йўқ. Олти марта овқатлантиришади. Лекин лагерга боргунча йўлга озгина қарашса бўларди. Машина юриб бўлмайди, жуда расво. Парковка учун ҳам жой муаммо. Манга ёқмагани, битта хонада 8та кровать қўйишган, кроватлар орасида жуда озгина жой қолган. Юриш қийин. Ман бир борганимда души ишламай қолган экан. Кейин душидаги занавескалар жуда кирланиб кетган. Ювиб туришса бўларди. Лекин бошқа лагерларга нисбатан ёмон эмас. Ўғлимга ёқаяпти”, деди тошкентлик аёл.

Kun.uz сайти ҳам ушбу икки оромгоҳдаги муаммолар ҳақида ёзди. Мазкур сайт ёзишича, бошқалар ҳам шундай ҳолатларга гувоҳ бўлишганини қайд этишган.

Маълум бўлишича, Happy Summer оромгоҳи вакиллари Facebookдаги "Жамоатчилик назорати" ("Общественный контроль") гуруҳидан лагер ҳақидаги постларни ўчириб ташлашни айтиб таҳдид қилган. Гуруҳ аъзолари таҳдид битилган мактубни ўз саҳифасида ҳам чоп қилишди.

Озодлик West Camp оромгоҳи билан боғлана олмади. Лекин Happy Summer оромгоҳи ходими билан гаплашдик. Ўзини оромгоҳ менежери деб таништирган аёл, лагерь муаммолари ҳақида матбуотга гапирмасликларини таъкидлади:

- Бизларнинг бунақа мажбуриятимиз йўқ. Лагернинг ичида қанақадир проблема бўлаётган бўлса, бизлар журналистларга айтмаймиз. Бу лагерни ичида бўлаётган проблема. Уни проблема деб ҳисобламаймиз ҳам. Чунки масалан, 250та одам олган бўлсак, 249таси яхши деб қайтиб кетди, хурсанд бўлиб қайтиб кетди. Фақат битта ота-она норози бўлди. Бу энди ота-онанинг вкусига боғлиқ. Бу- лагерь, 5 юлдузли отел эмас. Бу-лагерь. Болалар учун Ўзбекистон бўйича энг пристижный лагерь ҳисобланади. Ҳамма удобстволар бор. Олти маҳал овқатлантирамиз. Бассейнимиз ҳар куни тозаланиб туради. Керакли фильтрлар бор. Дорилар сепиб турамиз-а. Хлорка бор. То есть ҳамма удобстволар бор болалар учун,- деди ўзини Happy Summer оромгоҳи менежери деб таништирган аёл.

Инглиз тилига ихтисослашган ушбу иккита оромгоҳга Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан жой ажратилган. WestCamp Хумсонда, Happy Summer эса Бурчмулла посёлкасида жойлашган.

7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган ушбу лагерларда 12 кун дам олиш учун тахминан 600- 900 минг сўм пул тўлаш лозим.

XS
SM
MD
LG