Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Тожикистонда “Душанбенинг айиқ одами”га ҳайкал ўрнатишмоқчи


Талабшоҳ Шайхов ва унинг айиғи Мария.
Талабшоҳ Шайхов ва унинг айиғи Мария.

Тожикистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Душанбе кўчаларини 20 йилдан кўпроқ кезиб, одамларнинг кўнглини овлаган “айиқ одам” Талабшоҳ Шайхов ва унинг айиғи Марияга ҳайкал ўрнатиш учун маблағ тўплаш ниятидалар.

Талабшоҳ Шайхов “Душанбенинг айиқ одами” номи билан машҳур эди.

Оқ соқолли Шайхов ва унинг айиғи Марияни Тожикистон пойтахти кўчаларида 20 йилдан ошиқ вақт давомида кўриш мумкин бўлган. Оқсоқол ва айиқ шаҳар кўчаларида сайр қилган, суратларга тушган, ҳатто жамоат транспортидан фойдаланган.

Эндиликда тожик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “айиқ одам” Шайхов ва Марияга ҳайкал ўрнатиш учун маблағ тўплаш ниятидалар. Шайхов ҳам, Мария ҳам 2013 йилда қазо қилган.

Facebook фойдаланувчиси Хосият Назарали: “Мен уларни эслайман. Талабалик давримда шаҳар марказига уларни кўриш учунгина борардим. Уларга ҳайкал қўйиш ажойиб фикр, чунки Душанбенинг ушбу ғайриоддий ва ўзгача турғунлари ҳақида болаларимиз ҳам билишини хоҳлаймиз”, деб ёзди.

“Ҳа, улар Душанбенинг ўзига хос фазилати эди. Мен маблағ тўплаш ғоясини қўллайман!” деб ёзди Алексей Логиновский.

Бошқа юзлаб фойдаланувчи ҳам бу ташаббусни қўллашини билдирди.

Тожик матбуотига берган интервьюлари давомида Шайхов Марияни илк бор 1990-йиллар бошида қўшнисиникида кўрганини айтган. Ўша пайтда онасини овчилар ўлдирган айиқча олти ҳафталик бўлган.

Қўшниси айиқчани сотмоқчи бўлган. Шайхов эса уни бир эчкига алмашган ва уйига олиб кетган.

Шайхов айиқчага ўша пайтда рус телеканалида жуда машҳур бўлган сериал қаҳрамони номини берган.

Мария идишчадан сут ичиб, кейинчалик Шайховнинг “бошқа 13 боласи” еган овқатни бўлишиб катта бўлган. Шайховнинг уйи Тожикистон шимолидаги Жиргатол туманига қарашли Ялаш қишлоғида бўлган.

Аммо Мариянинг тобора кучайиб бораётган иштаҳаси эгаси учун муаммо бўла бошлаган. Шайхов айиғини эркалаб, “қизим” деб атаган.

Берган интервьюларининг бирида Шайхов Мария кунига 10-12 килограмм овқат истеъмол қилишини айтган.

Шайхов оиласи ва қишлоғини ортда қолдириб, Душанбега кўчиб борган ва айиқдан харажатларини қоплаш учун фойдалана бошлаган.

Шаҳар турғунларининг айтишича, Мария олдинга ўмбалоқ ошиб, болаларни елкасига миндириб ўйнатган. Эгаси эса айиқни жиловидан ушлаб, назорат қилиб турган.

Шайхов ва Мария Душанбеда шуҳрат қозонган. Шаҳарда уларнинг бирга автобусда кетаётганини, овқатланаётганини ёки гавжум кўчадан эҳтиёткорлик билан ўтаётганини кўриш мумкин бўлган.

Интервьюларидан бирида Шайхов ҳатто президент Эмомали Раҳмон уни айиғи билан Наврўз байрами тадбирига таклиф қилганини, президент унга 200 доллар тўлаганини айтган.

Ҳамма ҳам Шайховни қўлламаган: айримлар уни ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда айблаган.

Facebook фойдаланувчиси Леся Маренкова: “Бечора ҳайвон. Унинг жиловидан қанақа қилиб тортганини эслайман”, деб ёзди.

Шайхов вафот этганида 80 ёшларда бўлган. Мария эса эгаси вафотидан икки ой ўтиб ўлган.

Яна бир Facebook фойдаланувчиси Тахмина Сафарова: “Биз уларга ҳайкал қўйишимиз зарур”, дея фикр билдирди. Сафарова фикрича, “одамларга бунча бахт ва хурсандчилик ҳадя қилганларни ёдда тутиш керак”.

Фарангиз Нажибулла қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG