Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:03

Охирзамон имоми даъвоси бўлган тожикистонлик шайх 16 йилга қамалди


16 йилга кесилган шайх Темур.
16 йилга кесилган шайх Темур.

Тожикистон Олий суди 8 июль куни “сохта пайғамбар” ўлароқ танилган Саидмаҳдихон Сатторов иши юзасидан ҳукм чиқарди. Суд қўйилган айбловлар бўйича Сатторовни айбдор деб топиб, уни 16 йилга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди.

Шайх Темур номи билан ҳам маълум бўлган Сатторов иши бўйича маҳкама жараёни Душанбедаги 1-тергов ҳибсхонаси залида - ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Сатторовнинг адвокати Мавлудхон Солиҳов маълум қилди.

30 июнь куни давлат қораловчиси Дилафруз Исмоилова айбнома хулосасида суддан Саидмаҳдихон Сатторовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраганди.

Сешанба куни эса Сатторов ўзига берилган сўнгги сўз имкониятидан фойдаланиб, ёшини эътиборга олган ҳолда уни озод қилишни сўради.

“Маҳкама жараёни чоғида таклиф қилинган гувоҳларнинг барчаси менинг уларга таҳдид қилганим, босим ўтказганимга оид айбловларни инкор қилишди. Ҳатто жабрланувчилар ҳам шахсан мен томонимдан уларга ҳеч қанақа босим, таҳдид ёки зўравонлик бўлмаганини эътироф этишди”, деганди Саидмаҳдихон Сатторов 7 июль кунги сўнгсўзида.

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрида яшаб келган 65 ёшли Сатторов товламачилик, умумий мажбурий таълимга тўсқинлик қилганлик ва кўпхотинлиликда айбланиб, шу йилнинг 16 февраль куни Бош прокуратура талабномасига биноан ҳибсга олинганди.

Қўлга олинишидан 10 кунлар муқаддам Тожикистон давлат телевидениеси “Шайх Темур” ҳаётига бағишланган фильм намойиш қилганди. Унда Сатторов одамларнинг ишончига кириб, товламачилик билан шуғуллангани, ёш аёлларни дуоибад билан қўрқитиб, ўзига хотин қилиб олгани таъкидланган. Фильмда “шайх”нинг қимматбаҳо автоуловда келаётгани, унинг мухлислари эса унинг машинасини ва қўлини ўпгани акс этмиш кадрлар намойиш қилинган.

Фильм муаллифларига кўра, Сатторов 2012 йили Темур исмини Саидмаҳдихонга ўзгартирган. Фильмда у 2011 йил охири 2012 йил бошларида ўзини охирзамондаги ҳақ пешво – Имом Маҳдий, деб эълон қилгани айтилади.

Сатторов расман Тожикистоннинг Турсунзода тумани Работ жамоатига қарашли Асбоб қишлоғида яшаб келган. 1950 йили Ваҳдат туманида туғилган бу одам ёшлигида ҳатто икки марта судлангани ҳақида маълумотлар бор. Сатторовнинг Шаҳринав ва Ҳисор туманларидаги бир неча қишлоқда уйлари ҳамда 7 нафар хотини борлиги айтилади.

“Шайх Темур”га кўпроқ Тожикистоннинг Ҳисор водийсида яшовчи кишиларнинг ихлоси баланд бўлиб, бу ердаги одамлар ҳатто шайхнинг гапига қулоқ солмаган одамлар Худонинг ғазабига гирифтор бўлишига ишониб келганлар.

XS
SM
MD
LG