Линклар

Ўзбекистон Марказий банки омонатларни жалб қилишни рағбатлантиришга уринмоқда


Ўзбекистон банклари жалб қилинган омонатлар бўйича устама фоиз ҳақи миқдорини ўзлари ҳал қиладиган бўлди. Ўзбекистон Марказий банки қабул қилган қарорга кўра, банк операцияларини амалга ошириш ва банк депозитлари ставкаларини белгилашда тижорат банкларига тўла мутсақиллик берилади.

Тижорат банклари жалб қилинган омонатлар устама фоизини Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкалари ва инфляция даражасига кўра ўзлари белгилаши мумкин бўлади. Айни пайтда, мазкур қарор қабул қилингунига қадар жалб этилган омонатларга доир устама фоиз ҳақи ўзгаришсиз қолиши ҳам қайд этилади ҳужжатда.

Ўзбекистонда омонатчилар ўз ҳисоб рақамидаги пулларини чиқариб олишда муаммоларга учраши ҳамда инфляция даражаси одатда ўрнатилган устама фоиз ҳақидан анча юқори бўлгани боис мамлакат тижорат банкларига ишонч йўқлигини айтишади кузатувчилар.

6 июлда қабул қилинган қарор уч ойдан кейин кучга кириши айтилмоқда. Мазкур қарор тижорат банкларига омонатларни жалб қилишни рағбатлантириш уриниши ўлароқ кўринмоқда.

Май ойида Ўзбекистон Марказий банки мамлакат бош вазирини иқтисодда нақд пул тақчиллиги юзага келгани ва нақд пул тушумини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG