Линклар

logo-print

Уфада БРИКС ва ШҲТ саммитлари бошланди


Узбекистон Президенти Ислом Каримовни Бошқирдистон раҳбари Рустам Ҳамитов кутиб оляпти

Узбекистон Президенти Ислом Каримовни Бошқирдистон раҳбари Рустам Ҳамитов кутиб оляпти

Россиянинг Уфа шаҳрида 8-10 июль кунлари БРИКС ва Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти саммитлари ўтказилмоқда. Мазкур йиғин Россиянинг Украина бўҳронидаги роли боис Ғарб билан қарама-қаршилик вазиятида Москванинг яккаланиб қолмаганини намойиш қилиш воситаси сифатида кўрилмоқда. Учрашувлар давомида икки ташкилотга аъзо давлатларга оид молиявий ва иқтисодий масалалардан ташқари, халқаро хавфсизлик, Украина можароси, Греция иқтисодий бўҳрони ва “Исломий давлат” таҳдиди каби муаммоларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда. 9 июль куни Уфага учиб келган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ШҲТ доирасида қатор учрашувлар ўтказади.

9 июль куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россиянинг Шанхай Ҳамкорлиги ташкилоти саммитида қатнашиш учун Уфа шаҳрига етиб келди.

БРИКС ташкилоти аъзолари учрашуви

БРИКС ташкилоти аъзолари учрашуви

Саммитнинг биринчи кунида БРИКС (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) раҳбарларининг норасмий учрашувлари бўлиб ўтди ва 9 июль куни йиғилишнинг расмий қисми бошланди. БРИКС музокараларида Халқаро Валюта жамғармаси ислоҳоти, ташкилот доирасида Тараққиёт банкини ташкил қилиш, Украинадаги вазият, Греция иқтисодий бўҳрони ва “Исломий давлат” таҳдидига доир муаммолар муҳокама этилади.

БРИКС саммити якуни бўйича жаҳон сиёсий ва иқтисодий вазиятига баҳо берилган Уфа Декларациясининг қабул қилиниши кутилмоқда.

БРИКС етакчилари тузилманинг ҳарбий-сиёсий тусга эга эмаслиги, ташкилотнинг асосий мақсади – иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш эканига алоҳида урғу бермоқда.

Владимир Путин бу ташкилот саммити доирасида Хитой Президенти Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Бразилия Президенти Дилма Руссеф, Жанубий Африка Президенти Жейкоб Зума билан учрашувлар ўтказади.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашув давомида президент Путин ҳар бир мамлакат ўз манфаатларини кўзлаб у ёки бу ташкилотга аъзо бўлиши, жумладан Россия ҳам оғир иқтисодий сиёсий вазиятда янги ҳамкорларни қидираётганини таъкидлади.

- Биз иқтисодиёт, халқаро сиёсатда юзага келган оғир вазият билан тўқнашаётганимизни жуда яхши англаб турибмиз. Лекин, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, сўзсиз, олдимизда турган муаммо ва масалаларни ҳал этамиз,- деди Россия раҳбари.

ШҲТга аъзо бўлмоқчи давлатлар сони кўмаймоқда

10 июль куни Уфада Шанҳай ҳамкорлиги ташкилоти саммити бошланади. ШҲТ саммити Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашувдан бошланади. Уфа саммитида ШҲТ раислиги Путиндан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга топширилиши эълон қилинади.

Бу йиғилишда, олдин хабар қилинганидек, ШҲТ ташкилотига Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш жараёнини бошлаш билан боғлиқ масала кўриб чиқилади. Бундан олдинроқ Эрон ҳам ШҲТга қўшилиш истагини билдирган эди.

Шунингдек, 2015 йилнинг 2 июль куни Миср Араб Республикаси ШҲТда ҳамкорлик мақомини берилиши сўраб ариза топширгани маълум бўлди. ШҲТ котибияти бугунги кунда жами яна 11 мамлакат, жумладан Арманистон, Озарбайжон, Бангладеш, Беларус, Шри-Ланка, Сурия, Украина, Мальдив Ороллари ва Камбоджа ташкилотга кузатувчи ёки ҳамкор сифатида қўшилиш нияти борлигини маълум қилган.

ШҲТ доирасида бўлиб ўтадиган икки ва кўп тарафлама учрашувлар чоғида тузилманинг муҳим халқаро ҳодисаларга якдил муносабати ишлаб чиқилади. Давлат раҳбарлари қатор ҳужжатларга, хусусан ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш Стратегиясига имзо чекиши режада.

Ташкилотчилар Бошқирдистон пойтахтига БРИКС ва ШҲТ ҳамда унга аъзо давлатлар билан турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлган яна 16 давлат расмийлари келишини айтмоқда.

Бундан ташқари, тузилмалар доирасидаги учрашувлар давомида Уфада Шанхай Ҳамкорлиги ташкилотининг 8-чи Ёшлар кенгаши йиғилади. Ўзбек ёшлари иштирок этмаётган бу бирлашмага “Россия ёшлар иттифоқи”, Россия Ёшлар жамоатчилик палатаси, Тожикистон Ёшлар иттифоқи, Қозоғистон Ёшлар конгресси, Қирғизистон Ёшлар жамоатчилик кенгаши, Умумхитой ёшлар федерацияси ва Қозоғистоннинг “Нур-Отан” партияси ёшлар қаноти аъзодир.

Уфа кўчаларидаги уйлар "бегона" кўзлардан сақланган

Уфа кўчаларидаги уйлар "бегона" кўзлардан сақланган

Уфада бу икки йиғилишни ўказиш тўғрисида 2012 йилда келишилган эди. Расмий маълумотларга кўра, ўтган 3 йилда тайёргарлик ишларига 10 миллиард рублдан зиёд маблағ сарфланган.

Бошқирдистон пойтахтидаги хавфсизликни таъминлашга 10 мингдан ортиқ полиция ходими сафарбар қилинди.

Озодлик мухбирлари бевосита саммит ўтказилаётган тумандаги ҳар бир уй олдида металл изловчи мослама кўтарган полиция ходими тургани, кўчаларда канализация қопқоқлари сварка қилинганини хабар қилмоқда.

Айни пайтда, шаҳарнинг марказий қисми тўлиқ тўсилгани ва саммит тугагунча “оддий” одамлардан тозаналгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG