Линклар

Ўзбек расмий матбуоти жинсий озчиликларга қарши зўравонликни тарғиб қилмоқда


АҚШда бир жинсли никоҳдан ўтаётган келиб чиқиши хитой бўлган фуқаролар.

АҚШда бир жинсли никоҳдан ўтаётган келиб чиқиши хитой бўлган фуқаролар.

“Ўзсаноатқурилишбанк” филиал бошқарувчиси ўзгалар мулкига кўз олайтирди. Наманганлик милиция нозири пора билан ушланди. Марказий банк раиси ўринбосари “терминал тўлиб қолиши” ҳақидаги баҳоналарни асоссиз деб атади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сенатнинг собиқ раиси: Тадбиркорнинг мулкини бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганларга жазо жорий этилади”

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига тадбиркорларга тегишли бино ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан туриб бузиб ташлаганлик учун жазо киритилади (“Инсон ва қонун”, 7 июль).

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг собиқ раиси, айни пайтда Хоразм вилояти Адлия бошқармаси раҳбари Илгизар Собиров маълум қилади.

И.Собировга кўра, 2015 йилнинг августида мазкур кодекс тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилишга доир алоҳида XVI-боб билан ҳам тўлдирилади.

“Ўзсаноатқурилишбанк” филиал бошқарувчиси ўзгалар мулкига кўз олайтирди”

“Ўзсаноатқурилишбанк” Бунёдкор филиали бошқарувчиси Олим Азизов ҳамда унинг қўл остидаги 4 нафар ходим ўзгалар мулкига кўз олайтиргани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 9 июль).

Банк бошқарувчиси алдов йўли билан “Марказий газ ойл” фирмаси таъсисчиси М.Расуловнинг 60 миллион сўм маблағини банк ҳисобига ўтказган ва пулни турли баҳоналар билан вақтида қайтармаган.

Қайд этилишича, тергов жараёнида бошқа жиноятлар ҳам фош қилинган. Маълум қилинишича, “ўзи хон, кўланкам майдон” деб ўйлаган банк ходимларига тегишли жазо тайинланган.

Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг ҳомофобик баёноти ҳукумат газетасида эълон қилинди

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов АҚШ Олий суди бир жинслилар никоҳига рухсат берганини кескин қоралади. “Адолат кўзгуси” газетасининг 9 июль кунги сонида таниқли режиссёрнинг ҳомофобик баёноти сарлавҳага олиб чиқилди.

“Бу ҳеч бир динга – исломга ҳам, буддавийликка ҳам, христианликка ҳам тўғри келмайдиган нарса. Ўйлаяпсизми? Иккита эркак қандай қилиб оила қуриб яшайди? Бу қанақаси? Охир замон келяпти, деб ўйлаб қоласиз. Ўйламасдан отардим. Ёки ҳаммасини борса келмас деган оролга жўнатиб юборардим. Ўша ерда қандай хоҳласанглар яшайверинглар, деб сургун қилардим”, деган таниқли режиссёр.

Шу билан бирга, Зулфиқор Мусоқов порахўрликка қарши жиноий жазони ҳам уч баравар кучайтириш лозимлигини таъкидлайди.

“Бизнинг ривожимизни тўхтатаётган омил – коррупция, қавм-қариндошчилик, порахўрлик, пулга ўқишга кириш... Энг асосий нарса нима биласизми? Ёлғон. Амалнинг кетидан қувиб, оқни қора дейиш, қорани оқ. Ёлғон нимадан чиқади? Коррупциядан”, дея мулоҳаза билдирган З. Мусоқов.

“Наманганлик милиция нозири пора билан ушланди”

Наманган вилояти Уйчи тумани ИИБда фаолият юритиб келган 31 ёшли профилактика инспектори пора билан ушланди (“Диёнат”, 9 июль).

Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган милиция ходими шикоятни ўрганиш асносида уч-тўрт сўм ишлаб олишдек шайтоний хаёлга берилган. Шу туманлик аёл таниши ҳақорат қилгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Милиция нозири эса ҳақорат қилишда айбланаётган эркакдан ишни босди-босди қилиш эвазига 400 доллар пора талаб қилган. Фуқаро дастлаб талаб қилинган пулнинг 100 доллар ва 200 минг сўмини берган.

Милиция нозири ҳадеб қўнғироқ қилиб поранинг қолган қисмини беришни талаб қилавергач, у Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилган.

Қайд этилишича, милиция инспектори жиноят устида, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

“Актриса Шаҳзода Муҳаммедова уни “ўйнаш” деб айблаган шоу бизнес сайтини судга берди”

Актриса Шаҳзода Муҳаммедова уни “ўйнаш” дея айблаган shok.uz cайтини судга берди (“Даракчи”, 9 июль).

Шоу бизнес сайти “Актрисанинг ажрашган эрига банкир билан юрган бошқа актриса ўйнаш бўлиб олди” сарлавҳали мақола эълон қилган.

Мақолада гарчи Ш.Муҳаммедованинг номи тилга олинмаган бўлса-да, аммо айнан актрисага тегишли ишоралар билан фикр билдирилган.

“Яна туҳмат, яна миш-миш… Аввалига бир актёрга, сўнг ёши каттароқ бир банк ходимига тенглаштирди. Shok.uz cайти нафақат мени, балки бошқа ҳамкасбларимни ҳам ғийбат қилиб, обрўйини тўкиб келаётгани учун жавоб беради!” деган Ш.Муҳаммедова.

“Марказий банк раиси ўринбосари: Терминал тўлиб қолгани ҳақидаги баҳоналар асоссиз”

Он-лайн терминал эгалари фуқароларга кўпинча ҳисоб тўлиб қолгани сабабли пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилиш имконсиз эканини баҳона қилади. Жумладан, ўртачирчиқлик Лазиза Мухонова ҳам таҳририятга шу масалада мурожаат қилган (“Оила даврасида”, 9 июль).

Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Муродилла Эшматов “савдо картаси тўлиб қолди” қабилидаги важларни асоссиз деб баҳолаган.

Раис ўринбосарига кўра, он-лайн терминаллардан тўлов амалга оширилганда маблағ бир вақтнинг ўзида савдо ва хизмат кўрсатиш корхонасининг банкдаги ҳисобрақамига ўтади. Демак, терминал тўлиб қолиши мумкин эмас.

“Cоққачи” хонандаларнинг касофати билан тўйлар дискотекага айланиб кетмоқда”

Ўзбек тўйларида бирровга хизматга чақирилаётган хонандалар кўпайиб бормоқда, ҳолбуки яқин ўтмишда ҳам “бирровчилар” йўқ эди (“Ҳуррият”, 8 июль).

Газетага кўра, “Мана шундай “юлдузлар”нинг касофати билан миллий тўйларимиз дискотекага, тунги клубларга айланиб бормоқда”.

Мақолада санъаткорларнинг маънавий савияси паст бўлишига қарамай, улар жамиятнинг энг олди қатлами сифатида тақдим этилаётгани ҳам танқид қилинган.

“Хонандалар учун миллат маънавиятининг умуман қизиғи йўқ. Муҳими, яхшигина соққа ишлаш. Ҳайдовчи йўл қоидасини бузса жазога тортилади. Нима учун “фононда”лар қоидани бузса жазога тортилмайди? Очиғи, телевидение қулоғини бурашдан қўрқиб қолдик. Кўрсатув олиб бораётган ҳам, маслаҳат бераётган ҳам, кинода роль ўйнаётган ҳам, овқат пишираётган ҳам, клипларда автомобилини, уйини кўз-кўз қилаётганлар ҳам хонандалар бўлиб қолди”, деб ёзади газета.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG