Линклар

Каримов Путиндан ШҲТга ядровий давлатларни қабул қилишга оид саволларга жавоб беришни сўради


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига ядровий қуроли бор давлатларнинг қўшилиши борасида расмий Тошкентнинг саволлари борлигини баён қилди. Россиянинг Уфа шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммити доирасидаги музокаралар 10 июль куни Путин билан Каримов ўртасидаги икки томонлама учрашувдан бошланди.

Каримов Путинда изоҳ сўради

Путин билан учрашган Каримов Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиш масаласига тўхталиб, жавоб талаб қилувчи саволлари борлигини таъкидлади.

“Қўшилиш жараёни қандай кечади, қанчага чўзилади, бу давлатларни қабул қилиш масаласи қандай муҳокама қилинади, хусусан бу икки давлат оддий эмаслиги инобатга олинса, уларнинг ахир ядровий қуроли бор. Ана шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, эртага уларнинг ШҲТга қўшилиши, шунчаки сиёсий харитани ўзгартирибгина қолмайди. Ўйлашимча, бу кучлар мувозанатини ҳам ўзгартириб юборади. Шунинг учун бу позиция, ўз моҳиятига кўра оддий ҳодиса эмас. Бу масала бўйича маслаҳатлашиш эҳтиёжи бор”, деди Каримов.

Каримов бир йиллик муддатга ШҲТ раислигини қабул қилиб олаётган Тошкент мазкур саволларга жавоб олишни истайди, дея қўшимча қилди.

“Шу нарсани айтишим керакки, менда жуда кўп саволлар бор ва сиздан бу саволларга жавоб кутяпман. Фақат сиз менга аниқ ва, таъбир жоиз бўлса, тўғридан-тўғри жавоб беришингиз мумкин. Мукаммал бу саволлар, биз раисликни қабул қилиб олаётганимиз муносабати билан юзага келмоқда”, дея таъкидлади Каримов.

Бошқирдистон пойтахти Уфада ўтаётган ШҲТ саммитида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш жараёнини бошлаш масаласи бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Хавотирга ўрин йўқ

Янги аъзолар масаласи билан боғлиқ саволлари кўпайиб қолганини таъкидлаганига қарамасдан, куннинг иккинчи ярмида, Каримов ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўз олиб, Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

"Ҳиндистон ва Покистонни Шанхай ташкилотига тўлақонли аъзо этиб қабул қилиш муҳокамаларини бошлаш таклифини қувватлаб, ШҲТнинг "тўлақонли аъзо", деган сўзни айтишдан жуда мамнунман, чунки биз кузатувчи ва тўлақонли аъзолар ўртасидаги фарққа катта эътибор берамиз. Ана шу нуқтаи назардан, бу истиқболни кутаётган икки томон, агар мазкур масала яқин вақт ичида ҳал этиладиган бўлса, улар қандай маррага эришаётганини яхши тушуниб турибмиз", деди Каримов.

Оқсарой хўжайини "хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланиш фактори"га айланаётган ШҲТга аъзо бўлишни истаётган мамалакатлар сони ошаётгани "табиий ҳолдир", дея қўшимча қилди.

Куннинг биринчи ярмида янги аъзоларни қабул қилиш фикрни савол остига олган Ўзбекистон раҳбарининг бу масала хусусидаги позицияси тез орада ўзгарганини кузатувчилар у Россия раҳбариятидан тегишли жавоблар олган бўлиши мумкинлиги билан изоҳлашмоқда.

"Время новостей" газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов гап ҳозирча Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёнини бошлаш ҳақида кетаётгани, лекин ШҲТ хусусияти ва бу икки давлат ўртасидаги таранг муносабатлар инобатга олинса, уларни ташкилотга қўшиш жараёни яқин орада якунланиши амри маҳол экани Каримовни бироз тинчлантирган кўринади, деган фикрда.

- Ўзбекистон ШҲТ раиси мақомини қабул қилиб олаётганини эътиборга олиш керак. Яъни Тошкент бир йил давомида ШҲТ фаолияти кун тартиби қизғин бўлишини таъминлаб бериши керак бўлади, жумладан Ҳинсдистон ва Покистонни қабул қилиш масаласи ҳам бу даврда кўтарилади. Тошкент Ҳиндистонга хайрихоҳлик билан ёндашади, лекин Покистонга анчайин хавотир билан қарайди. Чунки бу мамлакатда террорчилик муаммоси сурункалидир, яқинларгача у ерда Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари тайёргарликдан ўтиб келган. Ўзи аъзо бўлган ташкилотга бундай мамлакатнинг қўшилиши истиқболлари Тошкентни бироз хавотирлантириши табиий. Шунинг учун Путин билан учрашувда бунда хавотирларни билдирган Каримовга тинчлантирувчи кафолатлар берилган кўринади. Биринчидан, бу жараён энди бошланмоқда, иккинчидан, Ҳиндистон билан Покистон ўртасида Кашмир минтақаси устидаги тортишувлар давом этиши уларнинг ШҲТга қўшилиши жараёни яқин орада якунланмаслигини назарда тутади. Чунки улар аъзо бўлиши учун бу масалада ўзаро муросага оид тегишли меморандумни имзолашлари, бундан ташқари ШҲТга оид 28та ҳужжатни қабул қилишлари лозим бўлади. Шу сабабдан, Россия ва Хитой ШҲТнинг аҳамиятини кўтариш учун нуфузли давлатларни қабул қилиш истагни билдираётганига қарамасдан, бу масала йилларга чўзлиши мумкинлиги Каримовга тушунтирилган,- дейди шарҳловчи.

Каримов ўз нутқи давомида, шунингдек Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг ҳарбий блокка айланишига йўл қўймаслик лозим, деган фикрни ҳам ўртага ташлади.

"Иккинчи масала, бу масалага алоҳида тўхталиш керак, деб ҳисоблайман - ШҲТ низоми ҳамда барча асосий ҳужжатларида белгиланган ва биз танлаган ўзгармас йўналиш, ШҲТ фаолиятининг бошқа мамлакатларга қарши қаратилмаслигини таъминловчи йўналишни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлашдир. Бошқача сўз билан айтганда, оддий қилиб айтганда, ҳар қандай блок тузиш ғояси ҳамда ШҲТнинг ҳарбий-сиёсий альянсга айланишини эҳтимолдан соқит қилиш керак. Ўз вақтида ШҲТ тузилиши мақсадлари ва принципларини сақлаб қолиш ва уларга содиқлигимизни мустаҳкамлашимиз керак", деди Каримов.

Аркадий Дубнов Каримовнинг бу баёноти ШҲТни Ғарбга қарши блок сифатида тақдим қилишга уринаётган Россияга огоҳлантирув, дея баҳолайди.

- Тошкентнинг бу хавотирини ҳам тушунса бўлади. У ШҲТнинг ҳарбий-сиёсий блокка айланишини истамаслиги алоҳида таъкидлаши бежиз эмас. Менимча, ШҲТ аъзоларининг кўпчилиги ҳам буни истамайди, ташкилот ичида Ғарбга қарши қарама-қаршилик руҳи пайдо бўлиши уларнинг манфаатига мос эмас. Чунки улар ШҲТдаги иштирокига қарамасдан, Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда Қўшма Штатлар билан, айниқса хавфсизлик масласида ҳамкорлик қилишни исташади,- дейди россиялик шарҳловчи Аркадий Дубнов.

Тошкент раҳбари "Исломий давлат" экстремист гуруҳидан келаётган таҳдид муаммосига ҳам тўхталди. Каримов бу таҳдидга қарши курашиш учун БМТ доирасида махсус комиссия ташкил қилиш ғоясини баён қилди.

"Исломий давлат" ҳақида кўпчилик гапирмоқда, лекин, афсуски, "Исломий давлат" юзага келишига туртки бўлган илдизлар сабабини жиддий тадқиқ қилганлар кам. Бу мавзуни янада ривожлантирадиган бўлсак, БМТ турли фикрлар, мусулмон масалаларни яхши тушунадиганлар фикрларидан келиб чиқадиган, унинг атрофида қандай баҳслар кетаётгани ва қарама-қарши фикрларни биладиган қандайдир махсус комиссия ташкил қилса, фойдадан холи бўлмас эди. Бу комиссия қандайдир таклифни илгари суриб, "Исломий давлат" нима ўзи, уни қандай қабул қилиш керак ва у билан қандай курашиш керак, деган саволда якдиллик бўлишини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилиши мумкин бўлади", деди Каримов.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзодир. Уфа саммитида ШҲТ раислиги бир йил муддатга Ўзбекистонга ўтади. Ташкилотнинг келаси саммити 2016 йилнинг сентябрида ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG