Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:02

Аҳмадали қандай қилиб "бомж"га айланди


Москванинг Речной вокзалида оғир аҳволда топилган ўзбек муҳожири бефарқ бўлмаган юртдошлар ёрдамида Ўзбекистонга юбориладиган бўлди. Тўрақўрғонлик Аҳмадали Умаровни маҳаллий полиция ходимлари қаттиқ калтаклангани, унинг ҳамма ҳужжатларини тортиб олиб, кўчага чиқариб юборганидан кейин охирги 6 ой Россия пойтахти кўчаларида санғиб юргани маълум бўлди.

Ўтиб бораётган ҳафта бошларида ўта абгор аҳволда бўлган бир “бомж” сурати ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Юз-бети тирналган ва шишган, сочлари ҳурпайган соқолли бир эркакнинг фотосурати остида қуйидаги мазмундаги хат хам битилганини кўриш мумкин эди:

Аҳмадали тиббий ёрдамга муҳтож
Аҳмадали тиббий ёрдамга муҳтож

Умаров Аҳмадали Абдуғаниевич. Ўзбекистоннинг Тўрақўрғонидан. Ёрдам беришингизни сўрайман. Бу одам Москванинг Речной вокзал метроси ёнида ҳужжатсиз 6 ойдан буён яшаяпти. Касал, мадори йўқ ва яхши гапира олмайди. Тиббий ёрдам ва юртига жўнатиш керак. Юртдошлар, ёрдам беринг: мен бир ўзим эплолмайман. Унга ёрдам бераман деб ваъда қилдим!

Озодлик бу фото ва хатни Интернетга жойлаштирган аёлни топди ва у қандай қилиб Аҳмадали билан танишиб қолганини ўзидан тинглади.

Маълум бўлишича, асли навоийлик Валентина Елецкаянинг эътиборини тиланчилик қилиб топган емишини ити билан бўлишаётган дайди кимса тортган.

- Мен магазинга кетаётганимда у йўлак бўйида ўтирган экан. Бизда, хусусан, менда ҳам бундай одамларга муносабат яхши эмас. Аммо бу одам ити билан ўтирган экан. У кирланиб кетган оқ кўйлакда экани, бошқа бомжларга ўхшамаслигини кўрдим. Ичиб туришига қарамасдан у бошқа дайдилардан фарқланиб турарди. У ўзи емасдан итига овқат бераётган экан. Уни бир маротаба шифохонага олиб кетишганда ит “тез ёрдам” машинасига кириб олибди! Мен ҳаётимда худди шу тарзда ўзимга яқин бўлган одамни йўқотган эдим. Ёнига келиб ёрдам таклиф қилдим. Онасининг телефонини олиб гаплаша олмадим – у русча билмас экан. Кейин у ҳақда Интернетга хабар ташладим. Кеча уни йигитлар олиб кетишди – жуда хурсанд бўлдим. Чунки бошқа дайдилар менга айтиб беришдики, уни мелисалар ушлаб бекорга урган экан. У февраль ойидан бери кўчада юрибди, - дейди Валентина.

Валентина Елецкая билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:40 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош исми Аҳмадали, асли Наманганнинг Тўрақўрғонидан эканини айтган, деярли юра олмаётган ва тилдан қолаётган бу йигит қовурғаси ва бурни синган, мияси чайқалган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. У, шунингдек, кўзи хиралашиб қолгани ва рангларни яхши ажратмаётганини Валентинага гапирган.

- Бу ҳар кимнинг шахсий ҳаёти, лекин уни кўриб оғриндим, мен ҳеч бўлмаса шу одамни ҳаётини сақлаб қолишни истардим... Кўплаб кўчада юрган одамлар ўзлари шу ҳаётни танлайди, тўғри: улар ичиб, шу ҳаётдан мамнун бўлиб юради. Аҳмадали билан эса бошқача вазият: у кўчага ўз хоҳиши билан тушмаган. У алкоголнинг қулига айланган, аммо ўзи жуда яхши одам, - дея кўзига ёш олди Валентина Елецкая.

Валентина Озодлик билан суҳбатда: "Унинг яхши инсон эканини ҳатто Речной Вокзалдаги барча бомжлар тасдиқлади", дейди.

Аниқланишича, тўрақўрғонлик Аҳмадали Умаров 38 ёшда, Россияда олдин укалари билан коттеж қурилишларида ишлаб юрган. Бироқ ўтган йил бошланган миграция қонунчилигининг Россияда кучайтирилиши ортидан унинг ака-укалари Ўзбекистонга депортация қилинган ва у бир ўзи Россияда қолиб кетган.

Озодлик билан суҳбатлашган Аҳмадалининг онаси ўғли билан ярим йилча алоқа узилгани, ака-укалари депортация қилингани сабабли уни олиб келишнинг иложини топа олмаётганини айтди.

- Шу боламга Москвада ёрдам берсаларингиз бўлмасмикан? “Речной вокзал”да кўчада ўтирибди экан. Болам икки йилдан ўтди кетганига. Паспортини бир йил олдин йўқотганича иш топа олмаяпти. Ана шу ёғда ичиб, мени куйдиряпти-да... Укалари билан бирга ишлаган – улар ҳаммаси депорт бўлиб кетгани учун боролмаяпти. Менинг бир тийин пулим йўқ-да у болага жўнатишга, - деди онахон Озодликка.

Аҳмадалининг онаси билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00
Бевосита линк

2015 йилнинг февраль ойида у полициячилар қўлига тушган. Қаттиқ калтакланган Аҳмадалига тегишли барча ҳужжатлар россиялик ҳуқуқ мухофазачилари томонидан “гаровга” олиб қўйилган. Етарли маблағ тўплай олмаган ва руҳан чўккан наманганлик муҳожир ичкиликка берилиб кетган ва аста-секин шаҳар дайдиларига қўшилиб қолган.

Айни пайтда, бу йигитнинг ижтимоий тармоқлардаги юзи шишиб ва ёмон аҳволда экани тасвирланган фотосуратларни кўрган кўплаб ўзбек муҳожирлари унга ёрдам қўлини чўзишга интилди. Бир-икки кун давомида унинг фотосурати деярли барча ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, минглаб маротаба “репост” қилинди.

Аҳмадали Умаровга амалда ёрдам беришга шошилганлардан бири Москвада фаолият юритаётган ўзбекистонлик журналист, шоира ва блогер Соҳиба Ҳайитбоева бўлди. Озодликка бу ҳақда гапирар экан, Соҳиба фотосуратларни Фейсбук тармоғида кўргач, Валентинани топгани ва бошқа ўзбекистонликлар ёрдамида Аҳмадалини ётоқхонага жойлаштирганини сўзлаб берди.

- Одноклассники, Фейсбукда эълон бердим у ҳақда. Кейин онасига телефон қилдим. “Ўғлим олти ойдан бери йўқ бўлиб кетди”, дейди. Кейин онахон орқали Валентинани топдим ва у билан Речной Вокзалда учрашдим. Менга бир ўзбек бола ёрдам берди. Кафени олдида Аҳмадалини топдик бомжлар орасида. “Бу ёққа келинг”, деб четга чиқариб олдик ва гаплашдик. Ҳақиқатан аҳволи оғир, ҳаммаёғи кўкариб кетган. Оёқда туролмайди. Ўша бола таксини гаплашди ва уйига олиб бориб, болалар чўмилтириб, кийимини алмаштирди. Умуман ҳужжати йўқ экан: отделда полиция ушлаб урган, ҳужжатларини тортволиб, қўйворишган. Ҳамманинг иродаси ҳар хил-да – у кучсизроқ эканки, шунақа аҳволга тушиб қолган, - дейди Соҳиба.

Озодлик билан суҳбатда у ўзбекистонлик йигитга кўмак беришни хоҳловчилар жуда кўплигига ҳам эътиборимизни қаратди.

Соҳиба Аҳмадалини Тўрақўрғонда кутиб оладиган одамлар ҳам топилгани, энди масала уни ҳужжатларини элчихона орқали ҳозирлашда ва Ўзбекистонга юбориш учун билетга, кийим-кечакка кетадиган маблағда эканини маълум қилди.

“Энг аввало, уни бироз даволаш керак!”, дея давом этади у:

- Ҳозир у ичкиликдан чиқиб кета олмаяпти. Уни ювдириш керак, қонини. Бу қиммат турар экан. Унга дўхтир топиб, капельница билан ювдирвориш керак. Лекин кечагидан аҳволи анча яхши. Душанба куни элчихонадан паспортини йўқ қилди, деб сертификат оламиз. Наманганда ҳам одамларни топиб қўйдим: аэропортда кутиб олиб, уйига олиб бориб қўйишади. Одамларимиз яхши – ҳеч қайсиси қараб турмади: эълон беришим билан ҳамма ёрдамга шошди! Ўзи ҳам яхши одам экан. “Ҳозир рўза пайти” десам, рўзани эшитиб роса йиғлади: “Мен рўза ойларида шу аҳволда юрибманми?! Ўзимни ёмон кўриб кетяпман” деб. Аслида у ёмон одам эмас – шунчаки қийин вазиятда тушкунликка тушиб қолган одам, холос, - деди Соҳиба Ҳайитбоева.

Соҳиба Ҳайитбоева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:38 0:00
Бевосита линк

Наманганлик Аҳмадали Умаровга ҳозирда тиббий ёрдамга муҳтож.

Унга ёрдам қўлини чўзиш истагида бўлган Озодлик мухлислари радиомиз орқали Соҳиба Ҳайитбоевага мурожаат қилишлари ёки Сбербанкнинг4276 38 00 8087 9500 VISA картасига имкон қадар маблағ ўтказишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG