Линклар

Қозоғистоннинг Ўрал шаҳри чеккасида истиқомат қилувчи Айнаш икки йил давомида Мариядан ҳеч қандай хабар олмаганди.

2013 йилнинг июль ойида Айнашнинг 27 ёшли ўғли Талғат рафиқаси Мария ва қизи Софияни олиб уйдан чиқиб кетган. Ўша йили Айнашга Қозоқ миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) Талғат Сурияда эканлиги ҳақида хабар берган.

Мариянинг хати ўғли уйга қайтишини кутаётган Айнашнинг умидларини барбод қилди. Мария Талғат миниб олган автомобиль ҳаво ҳужумига учрагани, натижада у ҳалок бўлгани ҳақида ёзди.

Талғат Тореевни ўз оиласини Сурияга олиб боришга ва “Исломий Давлат”га қўшилишга нима ундади?

Озодлик радиоси қозоқ хизмати билан суҳбатда Айнаш футбол карьераси тугаганидан кейин ўғли тушкун аҳволга тушиб қолганини айтди. Талғат иш топишда ҳам қийналган. Айнаш Талғатнинг мамлакатдан чиқиб кетиши олдини ололмагани учун Қозоқ миллий хавфсизлик қўмитасини ҳам айблайди.

Болалигида футбол Талғатнинг жону дили бўлган. Ўсмирлик чоғида уни FC Ўрал ёшлар клубига олишган.

Талғат 2005 йилда машинасозлик соҳасида таҳсил олиш учун Ғарбий Қозоғистон агротехника университетига ўқишга кирган. Ўқиш билан футболни бирга олиб бориш қийин бўла бошлаганидан кейин ўқишни ташлаган.

Аммо Талғат 2009 йили Туркияда бўлиб ўтган синовдан ўта олмаганидан кейин унинг премьер лига ўйинчиси бўлиш орзуси пучга чиққан.

- Талғат дарҳол сўнди, - деб эслайди онаси. - Савдо, нефть ва газ каби бир неча соҳада ишлашга уринди, аммо бирор ерда ҳам узоқ турмади.

Кейинроқ Талғат онасига намоз ўқий бошлашини айтиб, динга берилган. Талғат онаси билан ижарага олинган квартирада яшаган. Уйда борган сари камроқ кўрина бошлаган Талғат эндиликда кўпроқ вақтини масжидда ўтказган. Соқолини ўстириб олиб, онаси пиширган таомларни ейишдан бош тортган, чунки онаси намоз ўқимагани учун уни “нопок” деб ҳисоблаган.

Хавотирга тушган Айнаш маҳаллий имом олдига ёрдам сўраб борган. Кейин эса Диний ишлар бўлимига борган. Бўлим ходимлари Талғат “тўғри йўлда” эканлигини, хавотирга ўрин йўқлигини айтган.

Пировардида Айнаш МХҚга борган. Қўмита зобитлари Айнашдан интервью олган, ўғли текширилишини айтган. Зобитлар ўз сўзидан чиққан бўлиши мумкин, лекин улар Талғатнинг радикаллашгани ҳақида онасига хабар бермаган.

Талғат Марияга 2011 йил уйланган. Эр-хотин учун диний эътиқод ўта муҳим бўлган. Талғат Марияга келган меҳмонлар билан суҳбатлашишни ман қилган. Меҳмон келганида Мария қизи София билан бошқа хонада ўтирган.

Кейин Талғат, Мария ва ёш София Сурия кетишган.

Айнашнинг айтишича, Талғат кетганидан кейин беш ой ҳеч қандай хабар келмаган. Кейинроқ Мария WhatsApp орқали улар Туркияда эканликларини айтган. Кейинги хат 2014 йилнинг 20 январида келган. Бу сафар Мария Сурияга ўтганлари ҳақида ёзган.

- Агар МХҚ ўғлим у ерга бориши мумкинлигига ишора қилганида, уни мамлакатдан чиқишига тўсқинлик қилиш учун қўлимдан келганини қилган бўлардим, - дейди Айнаш. - Ҳукумат вакилларининг бирортаси ҳам менга ёрдам бера олмади. МХҚ ким [Сурияга] бораётганини билади. Улар нимага бунинг олдини олмайдилар?

Айнаш ўғлининг ҳалок бўлгани ҳақидаги хатдан кейин Мариядан ҳеч қандай хабар олмаганини айтади. Аммо у Мария ва София уйга қайтишини сўраб, ҳар кун илтижо қилади.

МХҚ Озодлик радиосига Талғатнинг ўлганини тасдиқлашдан ёки рад этишдан ҳам, Мария ва Софиянинг тақдири ҳақида маълумот беришдан ҳам бош тортди.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG