Линклар

Теҳрон ядровий дастури бўйича музокаралар дам олиш кунлари ҳам давом этади


Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг олти йирик давлати ўртасидаги музокаралар дам олиш кунлари ҳам давом этади.

Вена музокараларидаги конструктив муҳитни юқори баҳолаган АҚШ Давлат котиби Жон Керри 10 июль куни: “Олдимизда кўндаланг турган айрим муаммоларни ҳал қилдик ва бир қадар олға силжидик, деб ўйлайман”, дея билдирди.

“Бир қадар олға силжишга эришдик, аммо ҳали кўзлаган жойимизга етиб боролганимиз йўқ”, деди Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф. “Афтидан, дам олиш кунларини ҳам Венада ўтказадиганга ўхшаймиз”, дея қайд этди Эрон бош дипломати.

Европа Иттифоқи вакиллари “Теҳрон ядровий муаммосини узоқ муддатга ҳал қилишга эришиш бўйича олиб борилаётган музокаралар учун кўпроқ вақт бериш мақсадида” Эронга қарши санкцияларга мораторийни 13 июлгача узайтирганларини билдирдилар.

Ғарб ядровий дастурини чеклаши ортидан Теҳронга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишни ваъда этмоқда.

АҚШ, Британия, Хитой, Франция, Германия ва Россия дохил жаҳондаги олти йирик давлат Эрондан ядровий қурол яратиш ишларини олиб бормаслик юзасидан кафолат истаяпти.

Ўз навбатида Теҳрон ядровий қурол яратиш амбициялари йўқлиги, ядровий дастурдан фақат тинчлик мақсадлари кўзланганини таъкидлаб келаётир.

XS
SM
MD
LG