Линклар

Шарқий Боснияда ўн минглаб одам Сребреница қурбонларини хотирлаш маросимига йиғилади


11 июль куни шарқий Боснияда ўн минглаб одам 20 йил муқаддам Сребреницада серб қўшинлари томонидан ўлдирилган 8 минг нафар мусулмон эркак ва болаларни хотирлаш маросимига йиғилади.

Маросимда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини, Туркия бош вазири Аҳмет Довутўғлу, Урдун қироличаси Нур, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва бошқа нуфузли шахслар иштирок этиши кутилмоқда.

Боснияда бўлиб ўтган уч йиллик уруш сўнгида 1995 йил 11 июлида серб қўшинлари мусулмонлар анклавини қўриқлаётган БМТ тинчликпарвар кучларини қуролсизлантириб, анклавни ўз назорати остига олганди.

Ўша пайтда минглаб мусулмон ўрмон орқали қочиб қутулмоқчи бўлган, бироқ серб аскарлари улар кетига тушган. Серблар ўрмонларда тутилган олти минг нафар эркак ва болаларни ўлдиргани, БМТ қўшинлари базасида қолганлардан яна 2000 кишини қатл этгани айтилади.

БМТ Халқаро суди 2007 йили Сребреницада қатлиом содир этилган, дея қарор чиқарган.

8 июль куни Россия Сребреницадаги фожеани геноцид дея тан олиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ўтказмаслик учун БМТ Хавфсизлик кенгашида ўз вето ҳуқуқидан фойдаланган. Шундан сўнг Сербия президенти Томислав Николич буни “Сербия учун улуғ кун” деб деб атаган.

XS
SM
MD
LG