Линклар

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги қабул комиссиялари ҳужжат қабул қилиш муддати тугашига 1 ҳафта қолганда, талабгорлар сони ошиб кетганини айтмоқда. Абитуриентлар 3 кунлаб навбат кутаётганларини айтмоқда. Давлат тест маркази 13 июль кечга қадар 250 минг абитуриент ҳужжат топширгани, 1 ўринга 4 талабгор тўғри келаётганини маълум қилди.

Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига 3 кун давомида навбат кутиб, ҳужжат топширолмаганидан арз қилган бир абитуриент Озодликка мурожаат қилди.

Унинг арз қилишича, қабул ҳайъатлари ёнида талабгорлар ҳаддан зиёд кўп, аммо ҳайъат аъзолари ҳужжатлардан камчилик топиб, уларнинг аксар қисмини қайтармоқда.

"Ўқишга тайёрланиш ўрнига бир ҳафтадан буён шу ҳужжат ортидан оввораман. Одам кўп, навбат узайиб кетган. Кейин майда-чуйда камчиликларни баҳона қилиб, ҳужжатларини олишмаяпти", деб ёзди педагогика университети қабул ҳайъатидан қуруқ қайтганини даъво қилган абитуриент.

Тошкент Давлат педагогика университети Қабул комиссияси ходими шу кунда талабгорлар сони кўплигини тасдиқлади:

"Лекин, унақа ҳужжати 3-4-кунга ўтиб кетган жойи йўқ. Келсин, раҳбариятга учрасин, ҳал қилиб берамиз", деди қабул ҳайъати аъзоси.

Тошкентдаги қатор олий ўқув юртлари қабул ҳайъатлари ҳар йили қабул ойининг сўнгги 10 кунлигида талабгорлар сони ошишини қайд этди. Бунга эса, одатан, ҳужжатлардаги камчиликлар ёки абитуриентларнинг талабалик ўрнига якуний талабгорлар нисбати шаклланишини кутиши сабаб бўлади.

Шу кунларда 2015-йилги қабулга оид мурожаатлар Озодликка кўп келмоқда ва айтилишича, бу йил олий ўқув юртига кириш истагида бўлган ёшлар сони ўтган йилгидан ошган. Жумладан, педагогика университетида бир талаба ўрнига ўтган йили 10-12 талабгор тўғри келган, бу йил эса бу кўрсаткичнинг ошиши кутилмоқда.

Тошкент Давлат Ислом институтидаги 50 ўринга эса шу кунга қадар 200га яқин талабгор ҳужжат топширган. Бу билим даргоҳига ҳужжат топширган самарқандлик Абдулла навбатда турганлар кўпчилик эканини айтди:

- 200га яқин одам ҳужжат топишрган. Жами 50 кишини олади. Мен бугун топширдим, ҳали яна қанча одам ҳужжат топшириш учун навбатда турган эди. Кўпчилик ўзи шу охирги ҳафтада ҳужжат топширади. Конкурснинг қанақа бўлишини кўриб, факультет танлайди-да,- дейди Абдулла.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қабул ҳайъати эса азбаройи талабгорнинг кўплигидан саволларга жавоб беришга ҳам вақт топа олмади:

"Одам жуда кўп, вақтимизни олманг, келинг ўзингиз кўринг!" деди Қабул ҳайъатининг гапни қисқа қилган ходими.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази сайтида қайд этилишича, 13 июль куни кечга қадар мамлакат бўйлаб олий ўқув юртларига ҳужжат топширган талабгорлар сони 250 минг нафардан ошди. Натижада, бир талабалик ўрни учун талабгорлар сони ўртача 4 кишидан ошди.

Шу кунга қадар энг кўп талабгор Термиз давлат университетида - 15 632та ҳужжат қабул қилинган ва натижада, бир ўринга қарийб 10 кишидан тўғри келмоқда. Иккинчи ўринда эса Жиззах давлат педагогика институтига 11 минг 930 киши топширган, бир ўринга 7 кишидан тўғри келмоқда. Қарши ва Андижон давлат университетларига эса 10 ярим мингтадан ҳужжат олинган, бир ўринга 8 кишидан тўғри келмоқда. Ҳали қабул тугашига яна 1 ҳафта бор.

Ўтган йили Ўзбекистон олий ўқув юртларига жами 543 мингдан ортиқроқ абитуриент ҳужжат топширган ва бир талабалик ўрни учун ўртача 9 нафардан ортиқроқ одам тўғри келганди. Бу кўрсаткич мустақил Ўзбекистон тарихида рекорд кўрсаткич, дея қайд этилган. Бу йил эса рекорднинг янгиланиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, бу йил Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул ҳар йилгидек 20 июндан эълон қилинган бўлса-да, аксар олий ўқув юртларида ҳужжатлар 23 июндан бошлаб олинди.

Қабул ҳайъатлари бунинг сабабини бу йил талабалик ўрни учун ажратиладиган квоталарга оид қарор кечиккани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган “2015-2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарор 23 июнь куни расмий матбуотда эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, бу йил республика олий ўқув юртларининг бакалавр йўналишига 57 907 талаба қабул қилинади. Уларнинг 19 120 нафари давлат гранти, 38 787 нафари эса шартнома асосида ўқийди.

Магистратура йўналишига жами 5000 талаба қабул қилинади ва уларнинг 1548 нафари давлат гранти, 3452 нафари эса шартнома асосида ўқийди.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари анъанага кўра ҳар йили 1 август куни бўлиб ўтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG