Линклар

Ўзбек маҳкумларига суткасига бир яримта тухум ейиш белгилаб қўйилди


Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мулозимаси Евгения Ланкевичга кўра маҳкумлар тўйиб овқат емоқда.

Жазони ижро этиш Бош бошқармаси мулозимаси Евгения Ланкевичга кўра маҳкумлар тўйиб овқат емоқда.

Бундан буён ўзбек маҳкумлари кунига бир яримта тухум истеъмол қилишлари лозим. Маҳкум ва маҳбусларниг кундалик овқат рациони борасида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 7 июль куни қабул қилган қарорда ана шундай дейилган. Ўзбекистонда шу пайтгача ва ҳатто Совет даврида қабул қилинган қарорларда маҳбуслар таомномасида тухум бўлмаган. Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра¸ маҳкумлар бир суткада 80 грамм гўшт¸ 35 грамм балиқ¸ биринчи нав ундан ëпилган 500 грамм оқ нон ва иккинчи нав ундан ëпилган 150 грамм қора нон¸ ëрма (крупа)¸ макарон ва сабзавотлар истеъмол қилишлари мумкин. Янги қарорда маҳкумларнинг бир суткада бир кружка чой ичиши ҳам меъëрий ҳужжат билан белгилаб қўйилган.

Маҳкумларннг овқат рациони ҳақидаги қарор¸ БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасининг 114-сессиясида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари¸ хусусан, ўзбек қамоқхоналаридаги аҳвол кўриб чиқилишидан бир кун олдин қабул қилингани эътиборга молик.

Гуманизм маскани

Женевадаги муҳокамалар пайтида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан Евгения Ланкевич сўзга чиқиб, жазони ижро этиш масканларидаги “гуманизмга асосланган шароитлар”га алоҳида тўхталган эди.

ИИВ вакили Ўзбекистонда маҳкумлар етарли овқат еяётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Евгения Ланкевич оғир ишда ишлайдиганлар ҳамда бемор маҳкумларга умумий рационга қўшимча емак берилишини ҳам урғулади. У таъкидлаган бу ҳолат маҳкумлар таомномасида акс этган.

Қарорга кўра, бемор маҳкумларга умумий рационнинг 20 фоизи ҳажмида қўшимча овқат берилади. Оғир ишда ишлайдиганлар эса кунига 20 грамм қўшимча гўшт ейишлари мумкин.

Евгения Ланкевич ўз маърузасида таъкидлашича, маҳкумларнинг қанча овқат ейиши Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган тавсияга кўра белгиланган.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасининг 114-сессияси доирасида ўтган савол-жавобда қатнашган Ўзбекистон вакиласи, Адлия вазирлиги мулозимаси Шаҳноза Ëқубжоновага кўра¸ ўзбек турмаларида силга чалинганларга дори-дармон берилади¸ тиши йўқларга эса бепул протез қўйилади.

“Биздаги жазо ўташ масканлари ҳар томонлама яхши¸ Ўзбекистон ўз қамоқ тизими бўйича бошқа давлатларга ўрнак¸ биздаги қамоқ тизими тарбия маскани”, дея иддао қилди Шаҳноза Ëқубжонова Женевада қилган чиқишида.

Ўзбек қамоқлари очлик билан қийнайди

Ўзбекистон қамоқларида 43 900 нафар маҳбуснинг 58та жазони ўташ муассисаларида ярим оч ҳолда юргани БМТ Инсон Ҳуқуқлари қўмитаси мустақил экспертларига юборилган шикоятларда исбот ва ҳужжатлар билан акс этган.

Маҳбуслар ҳамда уларнинг оила аъзолари хабарига кўра, зоналарда озиқ-овқат ва ичимлик суви мавжуд эса-да, уларнинг сифати талабга жавоб бермайди.

Баъзи ҳолларда маҳкумларнинг қариндошлари қамоқхоналарда бериладиган озиқ-овқатга етарли гўшт солинмаслигини хабар қилганлар. Шунингдек, маҳкумларнинг яқинларига кўра, қамоқхона нозирлари маҳбусларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармонни кўпинча олиб қўйишади ёки вақтида эгасига етказиб беришмайди.

Ўзбек қамоқхоналарида бир неча марта жазо ўтаган журналист Носир Зокир жазони ижро қилиш масканларидаги шароит ҳақида гапиради:

- Овқат етишмаслиги тўғри. Дастлабки ҳафталарда уни ейиш жуда қийин бўлади. Бирор ой ўтгач, ўрганиб кетасиз. Кунига уч бўлак нон беришади – эрталаб битта, тушликда битта, кечқурун битта. Асосан картошка ёки макарон, баъзан эса гуруч беришади¸- дейди журналист.

Қамоқхона “баландаси”ни татиб кўрган яна бир ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаровга кўра, ўзбек маҳбуслар таомномасида тухум бўлмаган:

- Уч ой турмада ва зонада ўтирган булсам, тухум ёки балиқ беришмаган. Гўшт ўрнига қанақадир майда суякчалар беришган. Қуритилган картошка солинган сув ичганман¸- дейди собиқ маҳкум.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ўзбек маҳкумларига суткасига бир яримта тухум ейиш белгилаб қўйилганини янгилик дея таснифлади:

- Янгиликку, Совет қамоқхоналарида тухум умуман тақиқланган таом ҳисобланар эди. Ўша давр маҳкумларининг бир ойлик рациони 14 рублни ташкил этарди. Энг кам ойлик у пайтлар 70 рубль эди¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбек қамоқхоналарида 10 йил ўтирган собиқ маҳкум Муҳаммад Солиҳ Абутов ўз бошидан кечирган очлик азобларини эслар экан, “Ўзбек қамоқлари маҳкумларни очлик билан қийнайди,” дея таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG