Линклар

logo-print

БМТ: Афғонистонда болалар орасида талафот кўпаймоқда


ЮНИСЕФ: 2014 йилда ҳалок бўлган афғон болалари сони 2013 йилга солиштирганда 47%га ошган.

ЮНИСЕФ: 2014 йилда ҳалок бўлган афғон болалари сони 2013 йилга солиштирганда 47%га ошган.

БМТнинг сўнги ҳисоботида кейинги ойларда мамлакат бўйлаб жангу-жадал ва зўравонликлар кўлами ошаётгани оқибатида ҳар куни ўртача етти нафар афғонистонлик бола қурбон бўлаётгани қайд этилган.

БМТ болалар жамғармаси ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги ваколатхонаси матбуот вакили Абдулазиз Фирутан Озодликка берган интервьюсида, сўнги бир йил давомида, айниқса, болалар орасида талафотлар кўпаяётганидан таассуф билдирди.

“Афсусланиб айтишим керакки, 2014 йилда Афғонистон бўйлаб ҳар куни етти бола қурбон бўлган. Жори йил охирига қадар ушбу рақам ошиши мумкин", дея огоҳлантирди ЮНИСЕФ вакили.

Жорий йилда афғонистонлик болалар орасидаги талафот борасида қўшимча маълумот бермаган Фирутан 2015 йилнинг охирига қадар болалар талафоти янада ошиши мумкинлигидан ташвиш билдириб, 2014 йилда ҳалок бўлган болалар сони 2013 йилга солиштирганда 47%га ошганини қайд этди.

БМТ ўтган беш йил бадалида Афғонистонда қурбон бўлган болалар хусусида яқинда эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, ушбу муддат ичида 2300дан ошароқ афғонистонлик бола нобуд бўлган. 5500га яқин бола тан жароҳати олган. Ҳисоботда БМТ Бош котиби Бан Ки Мун "Афғонистонда жангларнинг оғир юкини афғон болалари ўз елкаларида ташишга мажбур бўлаётганлари"дан таассуф билдирган эди.

Айни пайтда, Афғонистон Инсон ҳуқуқлари мустақил комиссияси ҳам мамлакатда болалар вазияти борасида ташвиш билдирди. Мазкур комиссия матбуот вакили Рафиуллоҳ Бедорга кўра, Афғонистонда ҳамон аёллар ва болалар урушнинг асосий қурбонлари сирасида қолмоқда:

“Мамлакатда ҳукм сурадиган вазият болалар жонини асраш учун муносиб бир вазият эмас. Бахтга қарши болалар ве аёллар жангу-жадалда асосий нишонга айланиб қолган", дейди Инсон ҳуқуқлари комиссияси вакили.

Афғон болалари нафақат уруш, балки бошқа турдаги зўровонликларнинг асосий қурбонларига айланган. Яқинда пойтахт Кобулнинг саккизинчи ноҳиясида зўрлангандан сўнг ўлдирлган уч яшар боланинг жасади топилган эди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари ҳам мамлакатда болалар уруш ва зўравонликдан азият чекаётганини эътиро этади. Вазирлик матбуот вакили Нажиб Дониш Озодликка буларни билдирди:

“Афсуслар бўлсинки, сўнги ойларда айрим вилоятларда жанглар авж олгани боис тинч аҳоли, жумладан, болалар талафоти кўлами ошган. Биз хавфсизлик кучларини жанглар жараёнида тинч аҳоли ҳаётини асрашлари борасида бот-бот огоҳлантирганмиз. Ҳарбий амалиётларимизнинг баъзи ерларда суст кетишига ҳам шу масала сабаб бўлмоқда", дейди вазирлик расмийси.

БМТга қараганда балоғат ёшига етмаган афғон болаларини жанг майдонларига жалб этилиши, тегишли тиббиёт хизматлари ҳамда етарли озиқ-овқат билан таъминланмасликлари бу ташкилот учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Мазкур ташкилот ўз ҳисоботида қарама-қарши томонлардан афғонистонлик болалар ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилмасликларини сўраган.

XS
SM
MD
LG