Линклар

logo-print

Ўшлик аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Ақ журок” кризис маркази сўнгги пайтларда милиция ходимларининг ўз оиласида зўравонлик қилиш ҳоллари кўпайганини таъкидламоқда. Аммо, фаоллар ўз аёлига куч ишлатган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жазосиз қолиб кетаётганини қораламоқдалар.

Ўшдаги “Ақ журок” кризис маркази раҳбари Дарийқа Асилбекова “Ўшда оилавий зўравонликка ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг аёллари кўпаймоқда”, дея маълум қилди.

Шу кунларда Ўшда бола сотиб олишда айбланаётган Мунаргул Қамчиева ушбу марказга мурожаат қилган аёллардан биридир.

У милицияда ишловчи турмуш ўртоғи таклифи билан бир пайтлар бола асраб олишга рози бўлгани, бироқ ажрашгач, турмуш ўртоғининг кўрсатмаси билан бола сотиб олишда айбланиб қўлга олинганини даъво қилмоқда:

- Куёвим талабалик пайтларида бундай йигит эмас эди. Ишга кирганидан кейин айниди. Руҳан заифлашди. Яшаганимиздан бир-икки йил ўтгач, эримни танимай қолдим, - дейди Мунаргул Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Ҳозир ҳибсда сақланаётган Мунаргул ҳуқуф аоллари кўмагида уни бола сотиб олишда айблаётган эрига қарши исбот-далиллар йиғмоқда. У куёвидан калтак еган пайтларда тушган суратларини ҳам тайёрлаб олган.

Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиковга кўра, Мунаргулга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, у қўлга олинган.

- Мунаргул Қамчиевага нисбатан ҳозир Қирғизистон Республикаси жиноий кодексининг 124- моддасига асосан жиноят иши очилган. У милиция ҳодими билан аввал яшаб юрган. Жанжаллар натижасида ҳозир бирга яшашмайди. Ҳозирда бу ходим Ўшда эмас, Бишкекда ишлайди. Кимнинг қанчалик айби борлиги терговда аниқланади. Бироқ, бугунги кунда милиция ходимининг бу ишга алоқаси йўқлиги аниқланди. Чунки, унинг бола сотишга алоқадор эмаслиги борасида маълумотлар бор, - дейди Замир Сидиков.

Милиция ходимлари орасида оилада зўравонлик қилиш ҳоллари учраб туришини милициянинг шахсий хавфсизлик бошқармасининг маҳаллий бўлими ҳам тасдиқлайди.

Шахсий хавфсизлик бошқармасининг Ўш бўлими раҳбари Тожимамат Қурбонов оилада зўравонлик қилувчи милиция ходимлари сонини аниқ айтмаса-да, уларнинг жазоланмай қолиши одатий кўриниш эканини айтади:

- Судланганлар йўқ. Бироқ, тартибга чақирилганлар бор. “Мени куёвим урди, СОБР ходими, қўриқчилик хизматида ишлайди”, деб мурожат қилганлар бор. Бироқ, бу ҳол ўз тасдиғини топиб, иш судга юборилган ҳолат йўқ. Чунки аёллар ўз арзини қайтариб олишади, - дейди Тажимамат Қурбанов.

Ўшдаги “Ақ журок” кризис маркази раҳбари Дарийқа Асилбекова ҳукумат бу борада тегишли чораларни кўриши ва зарурий ҳуқуқий меёрларни ишлаб чиқиши лозим, деб таъкидлайди. Унга кўра, кризис марказига оиладаги зўравонликдан арзланиб келган аёллар орасида ҳуқуқ-тартибот ходимларининг рафиқалари кўпаймоқда.

- Уларнинг эрлари ҳуқуқларини билишади. Улар аёли билан ажрашса ҳам мол-мулкини ҳеч қандай қийинчиликсиз, судлашмай тортиб олишни билишади, - дейди Дарийқа Асилбекова.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ҳуқуқий билим ва айни пайтда суд, прокуратура идораларида ҳамкасблари бўлган эркаклар илмсиз аёлларидан осонгина ажрашадилар, мол-мулкни ҳам сақлаб қоладилар ва муҳими, зўравонлиги учун жазоланмайди ҳам.

Ўшдаги “Ақ журок” кризис марказига йил бошидан бери 380 аёл оиладаги зўравонликдан арзланиб мурожат қилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари милиция ходимлари орасида турмуш ўртоғини 2-3 фарзанди билан ҳеч қандай моддий кўмаксиз кўчага ҳайдаб юборганлар ҳам борлигини айтиб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG