Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:59

OzodMaktub: "Маҳалла раиси имзони ўзи қўйиб, ҳужжатни сохталаштиряпти"


Озодликка Қўқон шаҳридан мактуб йўллаган муштарий маҳалла раиси нафақа ва ëрдам учун ажратилган пулларни ўзлаштираëтганини иддао қилди. Унинг даъвосича, маҳалла идораси биносини ҳам раис ўзлаштириб олган.

Қуйида мактуб таҳрирсиз, алоҳида шахсларнинг исми қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда:

"... Маҳалла раиси "Қарияларни қадрлаш йили" давлат дастури муносабати билан маҳалланинг кам таъминланган оила кексаларига давлат томонидан ёрдам сифатида берилган пулларни ўзлаштириб, пулнинг ўрнига уйидаги кераксиз эски материалларни тарқатди.

Бунинг устига пулларни тарқатгани тўғрисида рўйхат тузиб, рўйхатдаги одамларнинг номидан сохта имзо чекиб ҳокимиятга тарқатган.

Ахир ким ҳам эски материал олиб пул олдим, деб имзо чекади?
Рўйхатдаги фуқароларнинг айримларига берибди, ўша эски йиртиқ материалларини.

Масалан, "М. О.нинг номига ёрдам кўрсатилди" деб унинг номидан имзо чекиб юборишган.

М.О.нинг қизи А. ўша эски матога ҳам муҳтожлигини эшитиб¸ раисга мурожаат қилса¸ раис юзсизларча сўкиб ҳайдаб юборибди.

О.нинг ёши 90дан ошган. Тўшакка михланган қари касал, қизидан бошқа боқувчиси йўқ. Булар қийналса ҳам ортиқча югур-югур қилгани орқасида катта лавозимда қариндоши йўқлигидан қўрқишар экан.

Ю.дан аввалги раислар О.га моддий ёрдам пули беришарди.

Ю. ҳеч кимдан қўрқмайдиган кимсага айланган. Чунки "Гиёҳванд моддалар сотиб" бойиб кетиб, маҳаллага раис бўлиб олган. Укаси бор-да, қинғир ишларини пул билан босди-босди қиладиган.

Бундай дейилишига сабаб Ю. янги раислик курсисига ўтирган пайтида ишга олиш учун бировдан пора олиб қўлга тушганди. Лекин Қўқон прокуратураси ариза қонуний 30 кун ичида диктофон ашёвий далил билан берилса-да, рад қилиб юборилди сабабсиз.

Шундан буён фуқаролар Ю. билан ўйнашиш хавфли деб қўрқиб қолди.

Ю. кундан кунга фуқароларнинг ҳаққини еб, оёқости қилиб ҳаммага ҳақорат билан мурожаат қилади...

Қўқонда давлат идораларига шикоят берганлар ҳеч кимга ёқмайди.

Маҳалланинг фондида болалар пули, моддий ёрдам нафақаларига лимит етарли бўлса-да¸ ёрдам¸ нафақа сўраб ариза берганларнинг аризасини асоссиз равишда рад қилиб келаяпти.

Давлат кам таминланганларга ажратган нафақаларни мансабидан фойдаланиб мақсадсиз сарф қилиб бой оилаларга бериб юбораяпти.

Нафақа тайинлаш ҳужжатларини ўзи тайёрлаб, нафақа тайинлаш махсус комиссияси билан маслаҳатлашмай уларнинг имзоларини ўзи қўйиб¸ ҳужжатларни сохталаштирмоқда.

Шуларни оммага ёритиб халқни қутқарсаларинг! Халқ батамом ҳимоясизга айланган".

Маҳалла фаоли

XS
SM
MD
LG