Линклар

logo-print

Тула вилоятидаги қишлоқлардан бирида уч эркакнинг мурдаси топилгани юзасидан тергов олиб борилмоқда. Терговчилар ўзбекистонлик экани тахмин қилинаётган ва полиэтилен қоғозга ўралган ҳолда автобус бекатидан топилган муҳожирлар заҳарланиб ўлганини айтмоқда.

2015 йилнинг 11 июлида Россиянинг Тула вилояти Ленинский тумани Беликово қишлоғи яқинидаги автобус бекатида маҳаллий фуқаролар томонидан уч мурда топилди.

Тула вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмий вакиласи Зинаида Каминская Озодлик билан суҳбатда ўлганларнинг шахси аниқланмаганига қарамасдан, улар кўринишидан Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари экани тўғрисида тахминни инкор этмади:

- Дастлабки тахминларимизга кўра, улар ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган. Уларни автобус бекатида аниқлашди. Жасадлар полиэтилен плёнкасига ўралган ҳолатда экан. Ҳозир биз ким уларни ўраб, бекатга олиб келгани, бунинг сабабларини аниқлаяпмиз. Қотиллик тўғрисида гап кетаётгани йўқ. Ҳақиқатан, кўринишидан улар марказий осиёлик, - деди тергов тафсилотлари билан ўртоқлашган Зинаида Каминская.

Каминская ҳозирча жиноий иш қўзғатилмагани, дастлабки тергов ишлари давом этаётганини билдирди.

Айни пайтда, Беликово бекати ёнига ташлаб кетилган жасадлар айнан Ўзбекистон фуқароларига тегишли экани тўғрисида тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд.

Ис газидан заҳарланган хорижликларнинг танасида экспертлар бирор жароҳат йўқлигини алоҳида таъкидламоқда. Мудҳиш топилма тўғрисида хабар аввалига ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Маҳаллий фуқаролар жасадлар Беликово қишлоғи яқинидаги Рассвет қўрғонидаги қурилишлардан биридан олиб келинганини тахмин қилди.

Россиядаги “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов Озодлик билан суҳбатда мурдаларни иш берувчи яширган бўлиши мумкинлиги тўғрисида гапирди.

- Иш объектида қўлга тушмаслик, ишни тўхтатмаслик учун иш берувчи мурдаларни йўқотишга шошилган. Бу аниқ ишлаб чиқаришда содир бўлган. Уларни пакетга ўраб, қаергадир олиб бориб, ташлаб келиш кимга керак, деб ўйлайсиз?! Суд экспертизаси улар ис газидан заҳарланганини тасдиқлади. Демак, охирги кунларда тушган совуқни ҳисобга олсак, қурилишда яшаб меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳар хил йўллар билан ётоғини иситишга тушган. Жумладан, бензинли моторлар билан. Лекин, иш берувчи бундай жиноятга ўзи ҳеч қачон қўл урмайди. У ишчиларни назорат қилувчи бригадирларга буйруқ беради: “Мурдаларни у ердан йўқот!”, деб. Эртага бирор гап бўлса, “Мен уларни танимайман, билмайман”, деб туриб олади. Ўтган йилда Петербургда худди шундай ҳодиса рўй берган эди. Қурилишда пресс босиб қолган ўзбек йигитининг жасадини қопга солиб, чиқиндилар орасига кўмиб қўйишган эди, - деди Махсуд Абдужабборов.

Ҳуқуқ фаоли охирги вақтларда Тула вилояти меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ жиноятлар сони жиҳатидан “пешқадамлик” қилмоқда, деди.

У сўнгги икки ойда Тула вилоятида беш киши, жумладан уч болани чавақлаб ташлаган Фарҳод Шералиев ишидан ташқари ўзбекистонликларнинг алоқаси бўлган саккизта қотиллик қайдга олингани тўғрисида хабари борлигини айтди.

Маҳаллий Федерал миграция хизмати хабарига кўра, ўтган шанба-якшанба кунлари Тула вилоятининг биргина Ленинский туманида олиб борилган рейдлар давомида 65 нафар ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган муҳожир аниқланган.

XS
SM
MD
LG