Линклар

Туркиядан Сурияга йўл олган ўзбеклар дохил 45 киши қўлга олинди


Газиантепда қўлга олинганлар дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилган

Газиантепда қўлга олинганлар дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилган

Туркия хавфсизлик идораси хабарига кўра, охирги уч кун ичида "Исломий Давлат" гуруҳига қўшилиш мақсадида Сурияга ўтмоқчи бўлган 45 хорижий фуқаро, жумладан ўзбекистонликлар қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, 45 хориж фуқаролари Газиантеп шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан тутилган.

Туркиядаги хабар агентликларининг маълум қилишича, Газиантеп Хавфсизлик Мудирлиги Террорга қарши мужодала шўъбасининг ходимлари ҳаво йўллари билан Туркияга келган турли мамлакат фуқароларининг автобусларда Газиантеп шаҳрига равона бўлишлари маълум бўлгач, ҳаракатга кечганлар.

Жума куни бошлаб уч кун давом этган амалиётда полиция ва хавфсизлик кучлари хориж фуқароларини "бирма-бир қўлга ушлади", дейилади давлат агентликлари тарқатган хабарда.

Газиантеп хавфсизлик идорасининг маълум қилишича, тутилган хориж фуқароларининг баъзилари ўз хотин ва фарзандлари билан бирга бўлган.

Якшанба куни Газиантеп шаҳарлараро автовокзалида тутилган 25 хорижликнинг аксари Тожикистон фуқаролари бўлган.

Жума кунидан буён ушланганлар орасида яна Ўзбекистон ва Россия фуқаролари ҳам бор.

Газиентепда қўлга олинганларнинг 9 нафари эркак, 10 нафари аёл ва қолганлари 12 ёшгача бўлган болалар экани айтилади.

Хавфсизлик кучлари томонидан тутилган хориж фуқаролари дастлаб маҳаллий шифохонада тиббий кўрикдан ўтказилгани ва сўнгра Газиантеп Террорга қарши мужодала шўъбасига олиб кетилгани хабар қилинади.

Полицияга кўра, тутилган Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқароларининг аксари Сурияга "ҳижрат" учун равона бўлганликларини эътироф этишган.

Илова қилинишича, улардан баъзилари "Исломий Давлат" гуруҳи сафига қўшилиб, "жиҳод" қилиш ниятида бўлганликларини айтганлар.

Газиантеп полицияси тутилганлар депортация этилишдан аввал Муҳожирлик Идорасига топширилишини билдирган.

Газиантеп шаҳри Туркия-Сурия чегарасига яқин жойлашган.

Туркия Сурия билан 877 километр ва Ироқ билан 331 километр умумий чегарага эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG