Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:42

Жиззахда уйи бузилган оилалар давлатдан пулини тўлиқ ололмаяпти


Жиззахнинг Тошлоқ маҳалласида уйи бузилган 10 та оила ваъда қилинган пулни давлатдан тўлиқ ололмаётгани ҳақида Озодликка шикоят бўлди. Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, Жиззах шаҳар судининг 4 миллиондан 23 миллион сўмгача қарзни оилаларга ундириб бериш ҳақидаги қарори бажарилмаётир.

Озодликка 2013 йилда Жиззах шаҳрининг Тошлоқ маҳалласидаги уйлари бузилган 10та оила номидан бир шикоят келиб тушди.

Озодлик бу оилалардан учтаси билан гаплашди ва давлатнинг оилаларда қолаётган қарзи маҳаллий ҳокимият айби билан берилмай келаяпти, мазмунидаги даъволарини тинглади.

Исмини айтмаслик шарти билан интервью берган жиззахлик бир арзчи унинг давлатда қолган 4 миллион сўмлик қарзини ундириш ҳақида суд қарори шу йилнинг январь ойи охирида чиқарилганини айтди.

Айтишича, унинг уйи 81 миллион сўмга баҳоланган ва эски уйидан қоладиган қурилиш материаллари учун бунинг 7 миллиони ушлаб қолинган. Аммо, бу киши қолган 74 миллион сўмнинг яна 4 миллионини ҳам кейинчалик ноқонуний равишда чегиришга уриниш бўлганини иддао қилмоқда:

- Суд қарорида ёзиб қўйилган бўлмасам, 4 миллион сўм берилсин, деб. Мендан ташқари яна 9 та оилага суд пули берилсин, деган қарор берган. Битта қўшним 23 миллион сўм пулини ололмаган. Шундан бери пул берилмайди. Эртага келинг, индинга келинг. Молияга борсам, ҳокимиятга бор, дейишади. Ҳокимият молияга бор, дейди, - дейди жиззахлик шикоятчи.

2013 йилда шаҳарнинг Тошлоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган Навоий ва Қўзиев кўчаларида истиқомат қилувчи 62 та оиланинг уйлари бузилган ва бу ҳудудга стадион қурилган.

Шикоятни ўрганаётган Ўктам Пардаевнинг айтишича, аҳоли уйлари шаҳар ҳокимлиги, Архитектура бошқармаси, Кадастр бюроси ва шу каби масъул идоралар вакилларидан иборат 21 кишилик комиссия томонидан ўртача 60-70 миллион, янги қурилган ва яхши таъмирланган бир неча уй эса 150-200 миллион сўмга баҳоланган.

Уйлар эгаларининг ҳисобига буздирилган ва эски уйлардан чиққан қурилиш материаллари ҳам баҳоланиб, унинг пули чегириб қолинган.

Аммо иддаосича, бузилган уйи учун давлат ваъда қилган пулни майда бўлакларга бўлиб-бўлиб олган оилалар 2014 йилнинг охирига бориб, сўнгги пулларини ололмай қолган.

- Пул йўқ, пул тушмади, деб одамларни сарсон қилаяпти-да. Кимдир 4 миллион, кимдир 5 миллион, кимдир 7 миллион. Жиззах шаҳар туманлараро фуқаролик судига 4-5 та оила ариза киритган. Қолганлари қўрққан, - дейди Ўктам Пардаев.

Озодликка айтилишича, уйи бузилган 10 оила Республика прокуратурасига ҳам мурожаат қилган ва натижада, уларга пул берилмай келаётганига масъул кўрилган мулозимларга қарши жиноий иш очилгани ҳақида жавоб хати берилган.

- Хатнинг нусхаси қўлимда турибди. Унда "Жиззах шаҳар ҳокимлигининг 554-сонли қарорига асосан шаҳарнинг Тошлоқ маҳалласида жойлашган уй-жойни бузилишдан чиқарилган қурилиш материаллари тўғрисида далолатнома"ни бузган ҳайъат аъзоларига нисбатан иш қўзғатилгани ёзилган. Кейин дастлабки тергов натижаси билан тўхтатилган. Шу бўйича қолган, - дейди Ўктам Пардаев.

2013 йилдан буён пулини тўлиқ ололмай юрган жиззахлик оилалар ҳақини олиш билан бирга маҳаллий ҳокимият органларининг уларни сарсон қилаётган масъулларига чора кўрилишини талаб қилмоқда.

Озодликка бу мурожаат юзасидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги, Архитектура бошқармаси ва бошқа идоралардан бирор расмий изоҳ берилгани йўқ.

Шу кунда Жиззах шаҳри марказида яна ўнлаб хонадонлар бузилаётгани ҳақида Озодликка мурожаатлар келмоқда. Бу мурожаат тафсилотлари ўрганилмоқда, янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG