Линклар

BahsOnline эшиттиришининг бу сонида яхши ҳаёт, яхши маош, яхши нафақа учун демократия ва сўз эркинлигидан воз кечасизми, деган мавзуда мунозара бўлди.

Россиядаги “Левада-марказ” эълон қилган янги ижтимоий сўров натижаларига кўра, 42 фоиз россиялик яхши маош ва етарли нафақа учун сўз эркинлигидан воз кечишга тайёр эканини билдирди.

Сўровда иштирок этганларнинг 49 фоизи сўз эркинлиги ва эркин ҳаракатланишни чеклашга қарши экани, яна 11 фоизи бу саволга жавоб беришга иккиланаётганини билдирган.

“Қаршилик потенциали ва ҳукуматни идрок қилиш” деб номланган сўров июнь ойида Россиянинг 46 минтақасидаги 146 аҳоли пунктида 1600 киши орасида ўтказилган.

Россияликларнинг аксар қисми етарли маош ва нафақани чет мамлакатларга саёҳатга ва сўз эркинлигига алмаштиришга рози эканини билдирган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда диктаторлик бошқаруви ҳукмрон бўлса ҳам, энг асосийси, юрт тинч ва аҳоли хотиржам эканлигини урғулаётганлар оз эмас.

Бундай фикрдаги шахслар фикрича, ҳамма нарсага шукр қилиб яшаш, яхши кунлар келишини кутиб, қийинчиликларга сабр қилиш ўзбеклар менталитетига хос фазилатлардир.

Фаровонлик учун демократиядан воз кечадиганлар, Сингапурнинг диктатор раҳбари Ли Куан Юнинг давлат бошқарувини мисол келтириб, демократия бўлмаган жамиятда ҳам халқ фаровонликка эришиши мумкинлигини иддао қиладилар.

Бироқ, бу фикрга қарши томонга кўра, сўз эркинлигини чеклаш мамлакатда диктаторлик режими пайдо бўлишига, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилишига олиб келади ва мамлакат ривожланишдан тўхтайди.

Хўш, сиз нима дейсиз? Сиз халқнинг фаровон яшаши учун демократия ва сўз эркинлигидан воз кечган бўлармидингиз?

Мамлакатингиз раҳбари диктатор бўлса ҳам, инсонларнинг ҳуқуқлари топталаётган бўлса ҳам тинчлик бўлгани яхшими?

Баҳсни қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG