Линклар

logo-print

Абдулла Орипов: Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим?


Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов

Ўзбек шеъриятида Навоийдан кейин энг кўп мутолаа қилинган шоир, деб билинган 75 яшар Абдулла Орипов Озодликка берган эксклюзив интервьюсида ўзбек миллатининг бугунги ҳолидан ўкинишини таъкидлади. "Ўсишдан тўхтаган, маънавияти қашшоқлашган" бугунги авлод орасида ўз вақтида унга хушомад қилган, бугун эса унутган “шогирд”ларидан ëзғирди.

"Унутилдим"

Шу кунда Тошкентда яшаётган нафақадаги 75 яшар ижодкор Озодлик мухбири билан суҳбатда бугунги миллат, авлод, зиёлилар ва ижодкор аҳли ҳақидаги хулосаларини тилга олди.

Суҳбат аввалида эса шогирдлари ва мухлислари томонидан унутилганидан шикоят қилди:

- 15 йил шуларга раислик қилдим. Кўчада юрган болаларни олиб келиб, народний (халқ ëзувчиси) қилдим. Депутат қилдим, одам қилдим. Бу - маломат эмас. Мен вазифани топширганимдан кейин соғлигимни сўраб телефон қилишмайди булар, келиш у ëқда турсин. Мен буларга раҳмат, дейишим керакми?! Мен пушаймон бўламан. Олдин булар бошига кўтаришар эди. Ҳозир эса унутилдим. Меҳр-муҳаббат, оқибат деган гаплар ғойиб бўлгани, ҳақиқат. Мен буни ҳазм қила олмайман. Атрофда руҳан гадо одамлар, руҳан майиб одамлар. Ожиз одамлар. Қалбан қул одамлар. Пишмаган қовунлар булар. Тафаккур қилмайди улар. Булар мол–мулк изидан, бойлик изидан, амалдор изидан кетади. Навоий ëки Махтумқулини изидан кетмайди. “Пулинг қанча?” деб сўрайди. Энди муҳит шунақа, Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим. Улуғ миллатимни орзу қиламанки, бунинг энди мисоли кўп.

Озодлик: Мисол шуки, сизнинг ҳам, бизнинг ҳам дўстимиз Омон Матжон “Халқ улким манглайида юлдузин борлигин билса, қадрласа” деб айтганди-да, Шукур Бурҳонга қарата.

- Шу-да. Юлдуз борлигини билса-да у. Билмаса нима қилади, билмаса у.

Озодлик: Оломон бўлади.

- Энди халқим, деб кўп кўтарамиз. Чунки ота-онамиз бу. Лекин шароит шундай бўлган 800-1000 йиллар мобайнида. Тараққиëтдан, ҳалиям шунисига шукур ўзини унутмаган. Тараққиëтдан орқада қолиб-қолиб кетган. Ўртада Беруний чиқса ҳайратланиб қарашган: “Бу қанақа одам ўзи бу? Биз қатори юрса бўлмайдими, пода боқиб” деб. Машраб чиқса, “бу тентак” деб олиб бориб осишган. Каттаю кичикнинг даражаси шу. Осаëтганда ëнида турган катта муллалар бир-бирига шивирлаб “Машраб ҳақ эди” , деб айтган экан. Кўраяпсизми даражага, савияга кўп боғлиқда у. Мен буни тилаб олмайман, талаб ҳам қилмайман.

Озодлик: Мана ҳозир шеърингиздан бир парча ўқиб берсам:

Ҳаëт сени улуғлай нечун,

Кўзим очиқ, эмасман гаранг,

Сенда шафқат йўқдир мен учун,

Ижарангда яшайман аранг,

Шунақа бездингизми ҳаëтдан?

- Безганман, чунки дўст топа олмайман. Битта-яримта бор. Бу улуғ дўстларимдан фахрланаман. Улар иш билан банд. Лекин кўпинча зиëлилар, асл ҳаëтда зиëлилар, биласизми, ҳеч дўст бўлган эмас. Қолган-қутган ëзувчи, шоирлар ҳам киради шунга. Мен шундан Абдулла Қаҳҳорларни, Ойбекларни соғинаман. Улар йўқ энди. Булар доим ичида тўла ҳасад. Ҳасад, ҳасад, ҳасад. Бир жойга бориб, тезакни босиб олсангиз ҳам: “Бу тезакни мен босишим керак эди” дейди. Тушундингизми? Шуларнинг орасида яшаш, сиз ўйлайсиз, кишига завқ берадими? Улар ҳеч қачон яхшилик тиламайди. Касал бўлсангиз, хурсанд бўлади. Кўп шеърлар ëзганман: “Менинг жанозамни кутдинг бўлмади, кечиргин жўра” деганман. Сиз билмайсиз, гапирасиз ука. Мени кечиринг. Бошидан ўтган одам билади буни, - дейди гина аралаш ҳасрат билан Ўзбекистон Халқ Шоири Абдулла Орипов.

Қуйида Халқ шоири билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Кечки Орипов

Санъатда рассомларга таъриф берилар экан "эрта Рембрандт¸ кеч Рембрандт”, деб фарқлантирилади. Яъни, 30 яшар Рембрандтнинг асари 60 яшар Рембрандтдан фарқли. Биз ўзбек шеъриятида ҳам шундай ҳодисани кўриб турибмиз. Абдулла Ориповнинг сўнгги шеърларида¸ умр ибтидосидаги Орипов айта олмаган дард тасвирини кўрамиз. Масалан, ўзбек расмий матбуотида нашр этилмаган мана бу мисраларни мутолаа қилсак.

Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,

Шу йўлда тобланди, ақл ва юрак.

Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,

Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,

Нажот деворига тирмашдим узоқ.

Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,

Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,

Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.

Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,

Сенга ўтрик айтиш нимага керак?

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,

Оёғин яладим мушукдай ҳатто.

Эгилди бир замон тик бўлган қомат,

Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

Энди сен боболар шавкатига боқ,

Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.

Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ.

Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

Марказқўмдан нажот истаган шоир

Абдулла Орипов Совет даврида шўро тарғиботи руҳида шеър ëзганини эътироф қилади:

- У маҳаллардаги шеърларим мавзу тарафдан ҳам, шаклий жиҳатдан ҳам, албатта тақлид эди. Ўша кезларда ҳамма шоир асосан Сталин, Москва-Кремл ҳақида ёзишарди. Мен ҳам «ё бисмиллоҳ» деб ўшаларни куйлай бошлаганман. Бир куни хонадонимизга туман раҳбарлари меҳмон бўлиб келишдию, чамамда мусалласхўрлик ҳам қилишди. Уларнинг баъзилари шеър ёзиб юрганимдан хабардор экан шекилли, дафъатан чақириб, менга «шеър ўқи» деб қолишди. Мен «Кремл деворлари» деган шеъримни тантанали равишда ўқидим. Яқинда юз ёшни қоралаб, қазо қилган Ҳамроқул ота Мамедов эди шекилли (ўшанда райижроқўм раиси), кайфияти баландмикан, дадиллиги қўзиб, «ўғлим ўзинг Кремлни кўрганмисан?» деб қолди. Мен «Йўқ» дедим. У киши «Бўлмаса кўрмаган нарсангни бундай кейин ёзма!», деб қолди. Ўшанда еган дашномим менга ҳозиргача дарс бўлиб келаётир, - дея таъкидлайди шоир.

Ҳаёт йўли

Абдулла Орипов Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида деҳқон оиласида 1941 йили дунёга келди.

Ўрта Осиё Давлат дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимига кириб, 1963-йилда тамомлади.

1963 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идорасининг Ўзбекистондаги раҳбари вазифаларини бажарди.

Абдулла Ориповнинг талабалик йилларида яратилган шеърлари республика вақтли матбуотида чоп этилди. 1965-йилда биринчи шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» китоби чоп этилди, шундан буён шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980) «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилди.

Абдулла Орипов Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига ўгирди, Некрасов, Украинка, Шевченко асарларини ҳам она тилига таржима қилди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган.

Рассом Шуҳрат Абдурашидов чизган Абдулла Орипов портрети

Рассом Шуҳрат Абдурашидов чизган Абдулла Орипов портрети

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG