Линклар

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Хитой президенти бўйини калталатди

  • Фаррух Юсуфий

Уза.уз нашри сайтида берилган хабардан лавҳа.

Уза.уз нашри сайтида берилган хабардан лавҳа.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Хитой Президенти Си Цзиньпин бўйини калталатиб қўйишди. Ўтган ҳафта Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида президентлар давра бўлиб тушган расмда бўйи 180 см келадиган Си Цзиньпин Ислом Каримовдан савлатлироқ кўринмаслиги учун давлатга қарашли хабар агентлиги Хитой етакчиси танасининг бир қисмини кесиб ташлади.

Физиологларнинг айтишларича одам танаси ўртача 21 ёшгача ўсади. 40 ёшлардан кейин одам бўйи ҳар ўн йилда ўртача бир сантиметрга чўкишини ҳам айтишади физиологлар. Лекин табиий физиологик қонунлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга тааллуқли эмас кўринади. Ҳар қалай, Ўзбекистон расмий хабар агентликлари одам танасига Яратганнинг Ўзи берган бу хусусиятларни президентга раво кўрмайди.

РИА Новости агентлиги олган бу расмда Ислом Каримов хитойлик ҳамкасби Си Цзиньпиндан анчайин пастроқ эканини кўриш мумкин.

РИА Новости агентлиги олган бу расмда Ислом Каримов хитойлик ҳамкасби Си Цзиньпиндан анчайин пастроқ эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги дохил нашрлар президент Каримовнинг юзи ва қаддини расмларда, собиқ “Совет Ўзбекистони” газетасида компартия раҳбарлари расмларини ретушлангандек, у ёқ бу ёғини тўғрилаб, ёшартириб тақдим қилишларига ўрганиб қолганмиз.

Уза.уз нашри ишлов берган бу расмда Каримовнинг бўйи хитойлик ҳамкасби билан тенг. (Расм Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтидан олинди)

Уза.уз нашри ишлов берган бу расмда Каримовнинг бўйи хитойлик ҳамкасби билан тенг. (Расм Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтидан олинди)

Лекин Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ижодкорларининг маҳорати, аниқроғи фантазиялари парвоз қила оладиган чўққиларнинг чеки йўқ шекилли. Ўтган ҳафта Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити давлат раҳбарларининг давра расмида нафақат 77 ёшли ўзбек президенти ёшартирилган, балки унинг хитойлик ҳамкасби танасига ҳам дахл қилинган.

Уза.уз нашри эълон қиладиган расмларда давлат раҳбари йилдан йилга ёшариб боради.

Уза.уз нашри эълон қиладиган расмларда давлат раҳбари йилдан йилга ёшариб боради.

Дахл қилиниб ҳам, 62 ёшли Си Цзиньпин ёшартирилмаган. Расмий маълумотларга кўра, бўйи нақд 180 сантиметр келадиган Хитой раҳбари 170 сантиметрлик ўзбек ҳамкасби билан бўйи тенг бўлсин учун қайчилаб қўйилган.

Одам танаси физиологияси ғалати, қайсар нарса бўлади. Тана эгасини кўпинча уялтиради. Уза.уз бунга қанчалик қаршилик қилмасин, кимдиир танаси семизликка мойил бўлганидан қийналади (камина каби), кимдир ойнага қарашга юраги бетламайди, яна кимдир бўйи пастроқ бўлишидан кўнгли ўксийди.

Семиз супер жосус Агент 007 ролини ижро этган актёрга ўхшагиси келади, ойнадан ўпкалайдиган Доктор Живагони ижро этган мисрлик актёр Умар Шарифни хавас қилади. Пакана баскетболчиларга идеал деб қарайди.

Ўзбекистон президентини 90-йилларда кўрган ҳамкасбларимизнинг айтишича, Ислом Каримов анча келишган, бўй-басти ўзига ярашиб турадиган киши. Бошқа масалаларда комплекслари бор, йўқлигини билмадигу, гавдасидан уялишига ҳечам ҳожат йўқ, дейишди ҳамкасбларим.

Унда нега Уза.уз агентлиги президент савлатини оширишга, бунинг учун бошқа давлат, давлат бўлиб ҳам Хитойдек қудратли давлат президентини қайчилаб қўйишдийкин? Ё улар ўз президентлари савлатидан шунчалик уялишадимики, Хитой президенти танасига қўл текизишгача боришди? Хитойликларнинг эшитиб қолиб, жанжал қилишидан қўрқишмадимикин?

Яна бир мулоҳаза, Уза.уз нашри ижодкорлари маҳроати бироз оқсашини ҳам айтишимиз зарур, менимча, чунки Хитой раҳбари бўйини қисқартиришга қисқартиришибдию, лекин қолган президентлар бўйларини ҳам шунга мослаб қўйишмабди. Натижада, бўйи 180 см келадиган Си Цзиньпин бошқаларга нисбатан ҳам анчайин пастроқ бўлиб қолган. Ундан кўра Каримовнинг ўзини узайтириб қўйишса бўлмасмиди? Президентнинг бошқа жойларини (масалан юзини) ретуш қилишадику. Шундай қилганларида балки Ўзбекистон президенти тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмондан ҳам баландроқ бўлармиди. Ё бўйига дахл қилишдан қўрқишдимикин?

P.S. Расмда Ўзбекистон президентининг бўйи узайтирилмасдан, Хитой раҳбари калталатилганини Озодликнинг фотографлари ва Photoshop компьютер дастури бўйича мутахассислари тасдиқлашди. Мутахассиснинг айтишича, расм Nikon D4 фотоаппаратида олинган, энг қизиғи санаси 2017 йилнинг 6 сентябри, деб берилган. Афтидан фотоаппарат нотўғри созланган бўлса керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG