Линклар

Толибон Афғонистон шимолида ўзбеклар яшовчи юздан ортиқ қишлоқни босиб олди


Толибон Афғонистон шимолида жойлашган Фарёб вилояти Алмор туманига қарашли юздан ошиқ қишлоқни ишғол қилган ва эликка яқин уйга ўт қўйган. Толибон сафларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари борлиги айтилади. Фарёб вилоятининг 90 фоизга яқин аҳолисини ўзбеклар ташкил этади. Маҳаллий мулозимлар Толибларга қарши миллий армия эмас, балки маҳаллий аҳолидан кўнгиллилар жанг қилаётганини айтади.

Расмийлар тарқатган хабарга кўра, ўтган уч кун ичида Толиблар Қайсор туманида 30, Алмор туманида камида 40 ва Ширин Тагоб туманида 35 қишлоқни ишғол этганлар.

Алмор туманида жангарилар ҳукумат тарафида жанг қилаётган кўнгиллиларга қарашли эликка яқин уйга ўт қўйган.

Фарёб вилояти расмийларининг маълум қилишича, Толибонга қарши жанг қилиш учун борган ҳукумат қўшинлари назорат постларини ташлаб, ортга чекинишга мажбур бўлган.

Кузатувчиларнинг маълум қилишича, Толибон жангарилари Фарёб вилояти маркази – Маймана шаҳри томон ҳаракат қилмоқда.

Вилоят расмийларига кўра, Алмор, Қайсор ва Паштункут туманларида Толибон ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанглар шиддатли тус олган.

Толибон сафларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг (ЎИҲ) 300 дан ортиқ жангариси борлиги айтилади.

Фарёб вилояти аҳолисининг 90 фоизга яқинини ўзбеклар ташкил қилади.

Майманада портлаш

Портлатилган полиция автомобили

Портлатилган полиция автомобили

​15 июль куни эрталаб Фарёб вилояти маркази - Маймана шаҳрида жойлашган "Кобул Банк" биноси олдида рўй берган портлашда камида 20 киши яраланган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир экани хабар қилинмоқда.

Ҳукумат аскарлари ўз маошларини олиш учун банкда навбатда турган пайтда полиция автомобилига ўрнатилган бомба портлатилган. Портлаш учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.

Маҳаллий расмийлар портлаш Толибон ҳаракати жангарилари томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

"Жиддий қўрқув"

Толибон ҳаракати Фарёб вилояти Алмор туманининг Қаройи қишлоғини 13 июль куни ишғол этиб, атрофдаги бошқа ҳудудларга ҳужумларни кучайтирган.

Афғонистон парламентининг Фарёб вилоятидан сайланган вакили Нақибулло Фоиқнинг айтишича, маҳаллий аҳоли вилоят марказининг Толибон томонидан босиб олинишидан “жиддий қўрқувга тушиб қолган”.

Толибон 13 июль куни кечқурун Қаройи минтақасини босиб олди, уй-жойларга ўт қўйди. Ҳозир бир минг нафарга яқин Толибон жангчилари Маймана томон ҳаракат қилмоқда. 14 июль куни Толиблар Алмор туманига қарашли бешта қишлоқни ўз тасарруфига киритди,” – деди Афғонистон парламентининг вакили Озодлик билан суҳбатда.

Маҳаллий журналистларга кўра, айни пайтда юзлаб оилалар ўз ўй-жойларини ташлаб, хавфсиз минтақаларга кўчиб кетаётир.

Форёб вилояти кенгашининг раиси, Абдулбоқий Ҳошимий, “Афғонистон ҳукумати тезкор чора кўрмаса, Фарёб вилояти Толибон назоратига ўтиши мумкин,” дейди.

Юзлаб олилалар уй-жойларини ташлаб, шаҳарларга қараб келишаяпти. Агар икки уч кун ичида олди олинмаса, мумкинки, Фарёб вилояти маркази – Маймана шаҳри суқут қилса,” дейди Абдулбоқий Ҳошимий.

Дўстум қайтмоқда

Форёбда жанглар кучайиши ортидан Дўстум Афғонистонга қайтди

Форёбда жанглар кучайиши ортидан Дўстум Афғонистонга қайтди

Фарёб вилоятида жангларнинг шиддатли тус олиши ортидан асли шу вилоятдан бўлган Афғонистон вице президенти ўзбек генерали Абдуррашид Дўстум Туркияда даволанишни тўхтатиб, Афғонистонга қайтди.

Яқинларига кўра, генерал Дўстум сешанба оқшомида Мазори Шариф шаҳрига етиб келган.

Унинг Фарёбга қайтиши баробарида Толибонга қарши курашишга тайёр бўлган кўнгиллилар сонининг ортиши башорат қилинмоқда.

Шу билан бирга Фарёб аҳолиси ва райсмийлари марказий ҳукуматни вилоятдаги вазиятга етарлича эътибор қаратмаётганликда айбламоқда.

ЎИҲ фаоллашмоқда-ми?

Афғонистон шимолида ЎИҲ жангарилари фаоллашгани хабар қилинади

Афғонистон шимолида ЎИҲ жангарилари фаоллашгани хабар қилинади

Ўтган ой Озодлик билан боғланган ЎИҲ матбуот вакили Маймана ва Жаузжон вилоятларидаги амалиётлар асосан ЎИҲ жангчилари томонидан олиб борилаётганини билдирган эди.

Унга кўра, Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида ЎИҲ тожиклар жамоати "Ансоруллоҳ" ва уйғурлар жамоати "Шарқий Туркистон Исломий Партияси" мужоҳидлари билан бирга ҳужумларни уюштирмоқда.

"Қолган вилоятларда биз билан Толиблар қолган," деб айтди ЎИҲ вакили.

Шу йил бошроғида Афғонистондаги ЎИҲ Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни ишғол қилган "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодийга байъат қилган эди.

ЎИҲ сўнгги пайтларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида яна фаоллашгани кузатилади.

Ўзбек жангарилари Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан яқиндан ҳамкорлик қилиши ишонилади.

Вазиятнинг жиддий тус олаётгани нафақат Афғонистон балки қўшни мамлакатларда ҳам хавотирларга сабаб бўлган.

Афғон расмийларининг билдиришича, мамлакат шимолидаги Фарёб ва Жаузжон ҳамда шимоли-шарқдаги Қундуз, Бадахшон ва Бағлон вилоятларида минглаб жангариларнинг тўплангани кузатилган.

Маҳаллий ҳарбийлар маълумотига кўра, жангариларнинг аксари Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларидан бўлган хорижликлардир.

Ўтган ойда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мулозими Афғонистоннинг мамлакат сарҳадларига яқин минтақаларида жангарилар тўпланаётгани билан боғлиқ вазият кузатилаётганини таъкидлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG