Линклар

Спорт шарҳловчиси ва шоир Хайрулла Ҳамидов Озодлик эълон қилган Абдулла Орипов билан суҳбатдан таъсирланиб шеър ëзиб, ўзининг Twitter саҳифасида ëйинлади. Озодлик билан суҳбатда Хайрулла Ҳамидов¸ Абдулла Ориповнинг ўзбек адабиëтидаги ўрни ва унинг шеърлари ëш авлод тарафидан ўқилаëтганига ҳам эътибор қаратди.

Абдулла Ориповнинг Озодлик билан суҳбатидан таъсирланиб, ëзилган шеърни Хайрулла Ҳамидов “Даҳо” деб номлаган:

Даҳо унутилди! Шогирдлар қани¸
Осмон йиғламоқда¸ ер эса сокин
Буюк халқ наздида яшар у ҳали.
Даҳо бу хабардан бехабар локин.

Унинг кўзларида аччиқ аламлар¸
Армонлар қатма-қат ин қуриб олмиш.
Лекин у билмаски¸ шу оғриқ дамлар¸
Тарихда энг ширин он бўлиб қолмиш.

Эҳтимол бешавқат туюлар олам¸
Бироқ адолатсиз эмас бу замин.
Машрабни волийлар осгани билан¸
Дордан олиб қолган халқ унинг номин.

Абдулла Ориповни ўзига маънавий устоз деб биладиган Хайрулла Ҳамидов Озодлик билан суҳбатда ижтимоий тармоқлар ва мақола остига қўйилаëтган изоҳларга ҳам муносабат билдирди.

Унга кўра, шоирнинг шеърларини ўқимаган “Facebook-даги авом қатлам” асоссиз тарзда унга таъна дашномлар ëғдирмоқда.

Асосий дашномлардан бири “Шоирнинг шахсий учоқ ва Туркияда вилла сотиб олгани” ҳақида.

Маълум бўлишича¸ изоҳ муаллифлари¸ коррупцияда айбланиб вазифасидан бўшатилган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари мажмуаси раҳбари Абдулла Ориповни шоир Абдулла Орипов билан адаштиришган.

Яна бир қатлам эса шоирни Совет даврида “Ленин бобомлар” деган шеър ëзганликда айблашади.

Шу ўринда “Ленин бобом” шеърини Абдулла Орипов эмас балки Қуддус Муҳаммадий ëзганлигини айтиш лозим.

Билъакс, Хайрулла Ҳамидовнинг таъкидлашича¸ Абдулла Орипов Совет даврида ўша замон талабларига қарши тарзда “Ўзбекистони улуғлаб шеърлар ëзган”

Масалан, Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деган шеъри Коммунизм улуғланган Совет Ўзбекистонида 1968 йили ëзилган. Ҳамидовга кўра¸ бу шеър ўз даври учун ўзига ҳос жасорат намунаси бўлган.

Баъзи бир шарҳларда шоирни президент Каримовга лаганбордарлик ва маддоҳликда ҳам айблашган.

Масалан, Швецияда истиқомат қиладиган собиқ имом Муҳаммадсолиҳ Абутов “Саҳвий” тахаллуси билан қолдирган шеърий изоҳида Абдулла Ориповга таъна қилади:

Эл дардин ёзмадинг, шоирлик қилиб,
Золимни мақтадинг, кимлигин билиб,
Элинг қон йиғлади, яшасанг кулиб,
Шоир бўлмоқликга ҳаққинг йўқ сени.

Шоир ижодига назар ташласак¸ юртбоши улуғланган бир қатор шеъриларга кўзимиз тушади.

Шулардан бири 1999 йили ëзилган:

Дер эдим: Ҳур замон келиб ниҳоят,
Асрий ғалвалардан холи бўлди бош.
Шундай пайт, қўзғалиб қайдин қабоҳат,
Юртбошим кўксига отмоқ бўлди тош.

Москвада ижод қиладиган рассом Аваз Мутал назарида “Маддоҳ шеърлар эмас, балки дардли мисралар Абдулла Орипов ижодини белгилайди”.

АҚШда истиқомат қилаëтган диссидент шоир Юсуф Жума ҳам Абдулла Ориповни қўллаëтганлар қаторида мана бу мисраларини интернетга жойлади:

“Кеча шоирнинг ёлғизлик деган янги шеърини ўқиб, дафъатан кўнглимдан қуйидаги байтлар тўкилди:

Мен ёлғизман дебсиз Устози нодир,
Пойингизда Ватан онадай собир.
Ерга беринг бағр, юрагингизни —
Дарддан бўшатади элагингизни.”

Хайрулла Ҳамидовнинг таъкидлашича, шоирнинг Озодликдаги суҳбати унинг ижодидаги асосий мужданинг давомидай эшитилади.

Мунаққидлар назарида бу мужда Абдулла Ориповнинг “Оломон” шеърида ўз аксини топган:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Лорка отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.
Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, сен эй, оломон?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG