Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:10

Лавров: Ўзбекистон билан икки фуқаролик масаласи муҳокама қилингани йўқ


Сергей Лавров 15 июлда президент Ислом Каримов билан Тошкентда сўзлашди.
Сергей Лавров 15 июлда президент Ислом Каримов билан Тошкентда сўзлашди.

Тошкентга 15 июль куни ташриф қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Ислом Каримов билан учрашганидан сўнг журналистларга Россия Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

"Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишни кўпайтирмоқчимиз"

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров президент Ислом Каримов билан учрашувидан сўнг журналистларга берган суҳбатида Тошкент сафаридан кўнгли тўлганини айтиб ўтди.

Унга кўра, учрашув чоғида томонлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ижобий ривожланаётганини таъкидлаган. Лавровнинг айтишича, рубль қадрининг тушиб кетиши ортидан икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларда бир оз сустлашув кузатилаяпти. Лавров бу ҳолат Москвада кузда бўладиган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғинида муҳокама қилинишини ҳамда товар айрибошлаш кўрсаткичини сақлаб қолиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилишини билдирди.

Лавровнинг айтишича, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сотиб олиниши ҳам иқтисодий алоқалар кўрсаткичини сақлаб қоладиган омиллардан биридир:

- Биз ўзбекистонлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, озиқ-овқатларни ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларни Россия регионларига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтирувчи схемаларни фаол ривожлантириш истагида эканимизни таъкидладик. Россия бундан манфаатдор, - деди Сергей Лавров.

"Ўзбекистонда қуролли кучларни модернизациялашга кўмаклашаяпмиз"

Россия расмийсининг айтишича, Москва ва Тошкент ўртасида ҳарбий –техник ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда:

- Ўзбекистон қуролли кучларини модернизациялашга кўмаклашиш бўйича дастур амалга оширилмоқда. Бу борада ўтган ойда конкрет музокаралар ўтказилган, бундан буён ҳамкорлик қилишнинг ўзига ҳос параметрлари муҳокама қилинаётир, - деб билдирди Россия Ташқи ишлар вазири.

Унинг айтишича, кейинги йилда Россияда Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан маданий тадбирлар ўтказиш, бу юбилейни нишонлаш ҳам режалаштирилмоқда. Маданий соҳадаги ҳамкорлик масаласига тўхталар экан, Сергей Лавров президент Ислом Каримовга “рус тилига қаратаётган эътибори учун” миннатдорчилик билдирди.

"Россияда Каримовни кутишаяпти"

- Мен Россияда Ислом Абдуғаниевични давлат ташрифи билан кутишаётганини тасдиқладим. Уфада яқинда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги учрашувда бу таклиф Ўзбекистон президентига Россия президенти томонидан билдирилган эди. Мазкур ташриф муддатини тез кунларда аниқлаш ва унинг кун тартибини белгилаш ҳақида келишиб олдик, - деди Лавров.

"Икки фуқаролик ҳақида гап-сўз йўқ"

Россия Ташқи ишлар вазири Тошкентда Свято-Успенск кафедрал соборини ҳам бориб кўриб, провослав диндорлар билан учрашди. Диндорлардан бири учрашув чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасида икки фуқароликни жорий этиш масаласи билан қизиқди. Сергей Лавров икки фуқаролик масаласи яқин йилларда ҳал этилмайдиган муаммо эканини таъкидлади:

- Йўқ, бизда бундай келишув йўқ. Биз фақат Туркманистон билан икки фуқаролик тўғрисидаги келишувга эга эдик. Бироқ туркманлар бу келишувни бекор қилди. Одамлар жуда ноқулай аҳволга тушиб қолди: улар келишув амалда бўлган пайтда қонуний тарзда икки фуқаролик олган, ҳозир эса уларни у ёки бунисидан бирини танлашга ундашмоқда. Биз Туркманистон билан 2003 йилгача икки фуқаролик олганларнинг фуқароликлари сақланиб қолиши ҳақида шартномага эгамиз. Бошқа давлатлар билан бундай шартномамиз йўқ. Ҳатто бизнинг қонунларимизда ҳам бу нарса кўзда тутилмаган. Сизлар рус тили ва рус маданияти ташувчиларига яқинда жорий этилган енгиллатилган тарзда Россия фуқаролигини бериш тартибидан фойдаланиб фуқаролик олишингиз мумкин,- деб билдирди Сергей Лавров.

XS
SM
MD
LG