Линклар

Вена битимидан кейин ҳам Эронга қарши санкцияларнинг айримлари кучда қолади


Битим имзоланиши Теҳрон кўчаларида байрам қилинди

Битим имзоланиши Теҳрон кўчаларида байрам қилинди

Теҳрон ядровий дастурини қисқартириш бўйича Венада 14 июль куни битимга эришилиши ортидан БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи сўнгги йилларда Эронга қарши жорий қилган иқтисодий ва энергия соҳасидаги санкцияларнинг кўпи тўхтатилади ёки олиб ташланади.

Лекин санкцияларнинг айримлари, хусусан, ядровий бўҳрон бошланишидан анча аввалроқ Қўшма Штатлар тарафидан бир томонлама равишда жорий этилган жазо чоралари номаълум муддатга кучда қоладиган кўринади.

АҚШ санкциялари ўтган асрнинг 80-йилларида қўлланган ва Эроннинг террорчиликка ҳомийлик қилиши, инсон ҳуқуқларини топташи ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш уринишларига доир хавотирларга алоқадордир.

Эронда Исломий Инқилоб ҳамда 1979-80 йилларда Теҳрондаги АҚШ элчихонасида америкаликларнинг гаровга олингани билан кенга қамровли санкцияларга қуйидагилар киради:

-- АҚШ тарафидан Эронга хорижий ёрдам кўрсатилиши, қурол эмбаргоси ҳамда ҳарбий ва тинч мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулотлар экспортини назорат қилишга доир чекловлар.
-- АҚШ фуқаролари ва банклари Эрон ширкатлари билан олди-берди қилиши, жумладан Эронга сармоя қилишга доир тақиқ ҳамда учинчи мамлакатларнинг Эрон билан савдо алоқаларини назорат қилиш.
-- Вена битимида асосий истиснолардан бири ўлароқ Эроннинг ортда қолиб кетган фуқаровий авиациясини ривожлантириш учун АҚШ аэрокосмик ширкатларининг бу мамлакатга йўловчи самолётларни сотиш ёки ижарага беришга рухсат этиш кўзда тутилган. Исломий Инқилоб ортидан Эроннинг АҚШ самолётлари ва эҳтиёт қисмларини сотиб олишига тақиқ қўйилган эди. Эрон фуқаровий авиацияси асосан 1979 йилгача сотиб олинган АҚШнинг Боинг самолётларидан иборатдир.

БМТ ҳам яқин келажакда Эронга нисбатан қўлланилган иккита муҳим санкцияни кучда қолдиради:

-- БМТнинг қурол-яроқ эмбаргоси келаси беш йил давомида кучда қолади.
-- Ракета технологияларини сотиб олишга доир БМТ тақиқи ҳам саккиз йилга кучда қолдирилади.

Европа Иттифоқи жорий қилган санкцияларнинг айримларини кучда қолдирадими, йўқми бу борада ҳозирча якуний қарорини бергани йўқ. Европа санкцияларининг аксари, жумладан Эрон нефтини Европа бозорига экспорт қилиш ва Исломий Республиканинг Европа банк тизимидан фойдаланишига тақиқ яқин ўтмишда ядровий масалада зиддиятлар бошланганидан кейин жорий этилган.

Ҳозирча Европадаги йирик ширкатлар Эрон билан бизнесни қайта йўлга қўйиш иштиёқини билдираётгани Брюссель санкцияларни тез орада олиб ташлаши мумкинлигига ишора қилмоқда.

Эронга нисбатан санкциялар юмшатилишига доир манзарадан Теҳрон яқин орада Европа ва Осиё бозорларига нефтини олиб чиқиши ҳамда халқаро банкларда музлатилган миллиардлаб долларлик активларини қайтариб олишга ҳаракат қилишини хулоса қилиш мумкин.

Лекин санкциялар тўла олиб ташланиши, жумладан жаҳоннинг энг йирик иқтисоди ҳисобланган Қўшма Штатлар билан савдо алоқаларини тиклаши қачон амалга кўчиши ҳозирча савол остида қолмоқда.

Бу масала энди Оқ уй билан президент Барак Обаманинг АҚШ Конгрессидаги оппонентлари ўртасидаги сиёсий кураш натижаларига боғлиқ бўлади. Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар, қолаверса, айрим Демократлар ҳам президент Обама битимга эришиш мақсадида Теҳронга ҳаддан ортиқ ён босди, деган фикрда.

Республикачилар назоратидаги Конгрессда ядровий бўҳрон бўйича битимга эришиш учун Эронга нисбатан санкцияларни юмшатиш эмас, аксинча кучайтириш керак деган кайфият сақланиб қолмоқда.

АҚШ Конгресси шу йил бошроғида президент Обамага босим ўтказиб, санкциялар олиб ташаланишидан аввал ядровий битимни 60 кун ичида кўриб чиқиш ваколатини қўлга киритди. Обама битимни савол остига олувчи ҳар қандай қарорга вето қўйишини билдирган. Конгресс ветони айланиб ўтиши учун қонун чиқарувчиларнинг камида учдан икки қисми буни ёқлаги керак бўлади. Бундай сценарий амалга кўчиши амри маҳол бўлса-да, конгресс вакилларининг Вена битимида кўзда тутилмаган санкциялар юмшатилишига қаршилик қилиш салоҳиятини оширади.

Конгресс билан қарама-қаршилик чўзилиб кетадиган тақдирда ҳам Оқ уй маъмурияти АҚШ корпорацияларига Эрон билан бизнес қила олишларига йўл очиш учун президентнинг ижроия ваколатларини ишга солиш воситасида айрим санкцияларни бекор қилиш имконини сақлаб қолади. Бу ваколатларга президентнинг ўзи ёхуд салафлари жорий қилган санкцияларни бекор қилиш ҳамда Конгресс тарафидан жорий этилган санкцияларни қай даражада амалга ошириш масаласида қарор бериш киради.

Лекин парламент тарафидан аввал жорий қилинган ёхуд янги санкцияларни кучга киритишни пайсалга солиш ҳаракатлари конгресс қарама-қаршилигига учраши ҳамда президентнинг қонунни кучга киритмаётганликда айбланиб, зиддиятни янада кучайтириши муқаррардир.

Вашингтондаги ноаниқлик вазиятида АҚШ санкцияларининг қай кўламда олиб ташланишини башорат қилиш қийин. Обаманинг ўзи ҳам бу масалада баёнот берганича йўқ. Ҳозирча Обама Вена битими хусусидаги баёнотларида санкциялар босқичма-босқич бекор қилиниши ва Эроннинг битим шартларига қанчалик амал қилишига боғлиқ бўлишини таъкидлади.

Вена келишувига кўра, санкцияларни бекор қилиш жараёни БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон ўз ядровий дастурини қисқартира бошлаганини тасдиқлаганидан кейингина бошланади. Агар Эрон шартларни бажармаса, Вена битими доирасида тузилган халқаро кенгаш кўпчилик овоз билан санкцияларни қайта кучга киритиш масаласини ҳал қилади. Мазкур кенгашга дунёнинг олти қудратли давлати – АҚШ, Россия, Хитой, Британия, Франция ва Германия ҳамда Эрон вакиллари киради.

XS
SM
MD
LG