Линклар

Душанбе дарёсидан қурол қидирган Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ходимлари қурол ўрнига бир арава қулфу калит топишди. Қўмита ходимларининг айтишларича, бу сеҳру жодуга берилган одамларнинг дарёга отган қулфларидир.

Душанбе дарёсидан топилган қулфлар одамларнинг сеҳру жодуга берилиб борилаётганига далил бўлиши мумкин.

Бу ҳақда 16 июль куни матбуот анжуманида гапирган Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси Хайриддин Абдураҳимовга кўра, одамлар чўмиладиган кўл ва дарёлардан “пақир-пақир қулфу калит” топилган.

“Бир ҳодиса суриштируви юзасидан биз Душанбе дарёсидан қурол изладик. Лекин қурол ўрнига пақир-пақир қулфу калит топдик. Бу қулфларнинг баъзилари тошларга боғланиб дарёга ташланган экан. Албатта, кимдир дарёга калла ташласа, унинг боши ўша қулфга бориб уриши аниқ. Яна одамлар келиб нега бу қулфларни чиқарaяпсизлар деб, таажжубланишaяпти ҳам. Ҳайронман, бунинг нима таажжубли жойи бор? Хуллас, қарийб бир арава қулфу калит топдик”, деди Хайриддин Абдураҳимов.

Жорий йилнинг олти ойи давомида мамлакатдаги кўлу дарёларда 50 киши нобуд бўлган. Бироқ уларнинг қанчаси сув тагидаги темир-терсаклар сабаб ўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Тожикистонда сони беш минг нафарга етган фолчи ва дуохон фаолияти 2007 йилда қонун билан тақиқланган эди. Аммо аксарият фолбинлар “халқ табиби” патентини олиб ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.

Уламоларнинг айтишларича, асосан, эрларини бошқа хотинга кўнгил қўйишини олдини олишга ҳаракат қилган аёллар ёки бойиб кетаётган танишига ҳасад қилган одамлар сеҳргару жодугарлар ҳузурига борадилар.

Тожикистонликлар орасида сеҳру-жодуга ишонадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳукумат амалдорларидан бошлаб санъаткору сиёсатчиларгача тумор ёздириб олишади, қулфу калитларга дуо ўқитиб дарёга улоқтиришади.

Тожик уламоларининг айтишларича, исломда сеҳру жоду билан шуғулланиш қатъиян ҳаром қилинган ва кимдир бундай амаллар қилса у дунёю бу дунёсини ҳам куйдиради. Уламолар сеҳру жоду орқали топилган пулни ҳам ҳаром деб ҳисоблайдилар.

Тожикистонда сўнгги йилларда сеҳру жоду билан шуғулланган ўнлаб сохта мулла фош қилинди.

Жумладан, Қуръон оятлари билан дам сола туриб шаҳвоний ишлар қилган, “жодугар мулла” номи билан тарқалган видеоролик қаҳрамони Асадулло Иброҳимов Душанбе шаҳри Сино тумани суди қарорига кўра¸ 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Тожикистон марказий телевидениеси дам солиш баҳонасида аёл мижозларининг номусига теккан бошқа сохта муллалар ҳақида ҳам бир неча кўрсатув ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG