Линклар

Иссиқ туфайли касалхонага келаëтганлар кўпайди


Ўзбекистондаги фонтанлар¸ иссиқдан жон сақлаш имконларидан бирига айланган.

Ўзбекистондаги фонтанлар¸ иссиқдан жон сақлаш имконларидан бирига айланган.

Озодликнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги манбаларига кўра¸ сўнгги кунларда ҳукм сураётган аномал иссиқ туфайли офтоб уриши ва юрак-қон томир касалликлари билан госпитализация қилинаëтганлар сони кескин кўпайган. Норасмий манбалар¸ айрим вилоятларда иссиқдан ўлганлар борлигини айтмоқда.

Бухородаги болалар юқумли касалликлар шифохонаси ходимаси Озодлик билан суҳбатда ҳаво иссиқлиги туфайли беморлар кўпайганини тасдиқлади:

- Бемор кўп келaяпти. Ич кетиш, ўткир респиратор касалликлар билан оғригани бор, қон босими ошиб кетгани бор, офтоб урганлар жуда кўп. Овқатдан заҳарланганлар бор. Кечанинг ўзида биргина бизнинг касалхонага мурожаат қилганлар 84 тадан ошиб кетди. Ҳаво иссиқлиги учун мурожаатлар кўп бўлмоқда, дейди бухоролик шифокор.

Хоразмда эса ҳаво ҳарорати рекорд даражада ошишда давом этар экан¸ вилоятда жазирама туфайли одамлар нобуд бўлгани айтилмоқда.

Шовот туманида яшовчи Дилшоднинг айтишича, биргина Бешмерган қишлоғида уч қария оламдан ўтган:

- Иссиқдан ўлди, дейишаяпти. Бизку ёшмиз, қарияларга қийин бўлаяпти. Кўпчилиги рўзасини очворди. Илгарилари бунақа иссиқ бўлмас эди. Ҳозир бизда 50 даража иссиқ бўлаяпти, дейди шовотлик Дилшод.

Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда жазирама туфайли беморлар мурожаати кўпайганини тасдиқлайди, лекин иссиқ ҳаво ҳарорати сабаб ўлим ҳолати ҳозирча қайд этилмаганини айтади:

- Беморлар кўп, тўғри. Асосан, ич кетки билан кўп мурожаатлар бўлаяпти. Юрак, қон босими борларга оғир бўлаяпти. Кечани ўзида вилоят бўйича 712 та мурожаат бўлди. Бу одатдагидан икки баравар кўп. Айнан иссиқ билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Ўлим ҳолатлари бўлиши мумкин, лекин уларни айнан иссиқ боис деб, ҳозирча айтолмаймиз, - деди бошқарманинг исми сир қолишини истаган расмийси.

Расмийлар иссиқ боис ўлим ҳолатлари ҳақида гапиришни истамаётган бир пайтда Озодлик манбалари айнан иссиқ билан боғлиқ муаммолар боис оламдан ўтаëтганлар борлигини ўз атрофидаги воқеалар орқали тасдиқлашга уринмоқда.

Жумладан, Наманган вилояти Мингбулоқ қишлоғида яшовчи 61 ёшли ўқитувчи Каримжон Сулаймонов сешанба куни ҳаво иссиқлиги сабаб вафот қилган.

Бу ҳақда унинг ўқувчиларидан бири Жўравой Озодликка маълум қилди.

- Бизнинг Мингбулоқ қишлоғимизда мактабда ишлайдиган кекса ўқитувчимиз юраги қисиб оламдан ўтиб қолдилар. Тўрт кун олдин иссиқдан қийналиб касалхонага тушган эди. Икки кун ётиб, сал ўзига келганидан кейин уйига келган эди. Яна бирданига юраги санчиб, оламдан ўтди. Ёши улуғ қарияларга оғир-да. Ҳушидан кетиб қолаётганлар кўп бўлаяпти, дейди Наманган вилояти Мингбулоқ қишлоғида яшовчи Жўравой ака.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса ўзбекистонликларни иссиқ ҳаво ҳароратидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирмоқда.

Вазирлик матбуот вакили Аҳмаджон Қодиров Озодлик билан суҳбатда жазирама боис фавқулодда ҳолат қайд этилмаганини айтди:

- Бундай иссиқ республикамиз учун одатий ҳол. Ўтган йилдагига солиштирганда 5-6 даража юқорироқ бўлaяпти. Ҳозир 44 даража иссиқ қайд этилaяпти. Бу юртимиз иқлими эътиборга олинганда катта фожиа эмас. Оддий эҳтиёт чоралари кўрилганда¸ соғлиққа зарар етказиши борасида хавотирларга ўрин йўқ. Оддий иссиқ бу, деди Аҳмаджон Қодиров.

Синоптикларга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда кузатилаётган иссиқ¸ вазирлик расмийси айтган каби¸ жуда ҳам оддий эмас ва республикада бундай юқори ҳарорар 1961 йилдан бери илк бор қайд қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG