Линклар

logo-print

Ўзбек муҳожири рад этилган севги учун ўзини ўлдирмоқчи бўлди


Uzbekistan / Russia - Migrant climbed onto the roof to commit suicide in Orenburg, 14.07.2015.

Uzbekistan / Russia - Migrant climbed onto the roof to commit suicide in Orenburg, 14.07.2015.

Оренбургда полиция ходимлари 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросини 12 соат давом этган музокарадан кейин суд томидан сакрамасликка кўндирди. Полицияда ўзбекистонлик йигит рад этилган севги туфайли ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини тушунтирган.

14 июль куни эрталабки 8:30 ларда Россиянинг Оренбург шаҳар полиция бўлимларидан бирига қўнғироқ қилган маҳаллий фуқаролардан бири шаҳарнинг Постникова кўчасидаги Ленин туман суди биноси томида эркак киши турганини хабар қилди.

Ҳодиса жойига етиб келган полиция ходимлариga том четига ўтириб олган ёш йигит ўзини пастга ташлаб юборишини айтди, дейди Озодлик билан суҳбатда Оренбург вилояти бўйича полиция бошқармаси Ахборот бўлими инспектори Александр Караванский:

- У бинонинг бир ёнидаги ўт ўчириш учун хизмат қиладиган нарвонидан тепага кўтарилибди. Бу суд биноси эканини у билмаган экан. Ниятлари жиддийлигини тушуниб, биз тезда ҳодиса жойига Оренбург вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги психологларини чақиртирдик. У руҳшуносларга ўзини бебахт муҳаббат туфайли ўлдирмоқчи бўлганини тушунтирди, деди Александр Караванский.

Полиция бошқармаси вакилларига кўра¸ исми ошкор этилмаётган 20 яшар Ўзбекистон фуқаросининг Оренбургга Медногорск шаҳридан келган.

Ҳодиса жойига полициячилардан ташқари ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар ҳамда тез ёрдам машиналари чақирилган¸ оператив ходимлар бино тагига қутқарув батутини ёйган.

Александр Караванский¸ Ленин туман суди биноси тузилиши ўзбекистонлик муҳожир олдига билинтирмасдан яқинлашишга имкон бермаслигини ҳисобга олиб, полициячилар у билан қизғин музокара олиб борди, дейди. 12 соат давом этган сўзлашувлардан кейин, кечки соат 9:30 ларда, муҳожир йигит психологлар сўзларига кўниб, тўрт қаватли бинонинг чердаги орқали пастга тушган.

Шаҳарни жунбушга келтирган воқеа юзасидан полиция бўлимида бу шахсга нисбатан маъмурий протокол тузилган:

- Маъмурий жазо сифатида унга суд бир сутка ҳибсда қолдириш жазосини қўллади. Уни “Оренбургское” махсус приёмнигига бир суткага жойлаштиришди, холос. Аллақачон чиқариб юборилди у, уйига кетди. Аввалига севгилиси унинг туйғуларини рад этгани учун томга чиққани, кейин бошқа нарсаларни гапирди. Хуллас, биз охиригача бу йигитни тушуна олмадик, деди Александр Караванский.

Севги бобида иши юришмаган ошиқларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари биринчи маротаба кузатилмаётган бўлса-да, Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида ўзини-ўзи ўлдириш ҳолатларининг асосий сабаби иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқлиги маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG