Линклар

logo-print

Эрон ва дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида 14 июль куни эришилган тарихий битим Теҳроннинг ўз ядровий дастурини қисқартириши эвазига халқаро санкцияларни бекор қилиш имконини яратди. Олти қудратли мамлакатга кўра, келишув Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш қобилиятини секинлатади. Бундан ташқари, келишув Эроннинг глобал жамиятга қайта интеграция қилиши билан боғлиқ бошқа ўзгаришларга ҳам олиб келиши мумкин.

Келишув Яқин Шарқда қурол пойгасига сабаб бўлиши, Эронда сиёсий ўзгаришларга олиб келиши, йирик нефть ва газ хазиналарини озод қилиш орқали Россиянинг энергия соҳасидаги таъсирини озайтириши мумкин.

Қуйида келишув олиб келиши мумкин бўлган шу ва бошқа натижалар ҳақида ўқишингиз мумкин:

“Дестабиллаштирувчи” унсур?

Ядровий келишув скептиклари, ҳатто уни қўлловчи айрим АҚШ расмийлари Эрон равнақ топа бошласа, тушадиган қўшимча даромаддан аллақачон нотинч бўлган Яқин Шарқни янада беқарорлаштириш мақсадида фойдаланиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдиришмоқда. Санкциялар бекор қилинса, Эрон ҳозирда чет мамлакатларда музлатилган 100 миллиард доллардан кўп нефть даромадини қайтариб олиши мумкин.

Айрим мутахассислар санкцияларнинг бекор қилиниши Эроннинг 420 миллиард доллар қийматга эга иқтисодини йилига 5-8 фоизга ошириши мумкинлигини айтишмоқда.

The Daily Beast сайтида 8 июль куни чоп этилган мақолада ёзилишича, АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги расмийси “Табиийки, Эрон мамлакат ичида жуда катта миқдорда маблағ сарфлаши керак бўлса-да, санкциялар бекор қилиниши олиб келадиган енгилликлардан беқарорлаштириш мақсадларида фойдаланиши мумкинлигини биламиз ва бундан хавотирдамиз”, деган.

Аммо Жанубий Флорида университети қошидаги Стратегик ва дипломатик изланишлар маркази директори Муҳсин Миланий Озодлик билан суҳбатда келишув Яқин Шарқда “тубдан ўзгаришларга олиб келувчи” ҳодиса бўлиши мумкинлигини айтди. Сабаби, Миланийнинг айтишича, келишув ғарб ва Эрон ўртасидаги алоқаларни яхшилаши ва бунинг натижасида ҳудуддаги тарангликларни озайтириши мумкин.

АҚШ Ташқи ишлар вазирлигининг санкциялар сиёсати бўйича координатори ўринбосари ҳамда Миллий хавфсизлик кенгашида Эрон бўйича директор лавозимида ишлаган Ричард Нефю санкциялар бекор қилиниши ортидан тушадиган даромадни Эрон ҳудуддаги мақсадларига эришиш учун сарфлаши ҳақидаги хавотирлар ноўрин, деб ҳисоблайди.

Мазкур ой бошида Нефю “Эроннинг ички иқтисодий эҳтиёжлари бор, [Президент Ҳасан Руҳоний] бўлса сайланишига олиб келган ваъдалари устидан чиқиши керак”, деб ёзди.

“Ҳукумат барқарорлигини таъминлаш учун Эрон етакчилари мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишлари ва келажак пойдеворини қуриш учун керакли сармояларни ётқизишлари зарур. Сурия Президенти Башар Ал-Ассад ва ҳудуддаги бошқа арбобларни қўллаш муҳим, аммо иккинчи даражали мақсаддир”.

Ўзгараётган иттифоқлар

АҚШ Эрон билан келишувга эришишни исташи сунний араб мамлакатларида ўзларининг анъанавий кафиллари бўлган Вашингтон шиа Эронга ҳудудда эркин бўлиш имкониятини бераётгани ҳақида хавотирларга сабаб бўлди. Бу хавотирлар сабаб Форс кўрфази мамлакатлари ўзларининг халқаро иттифоқларини хилма-хил қилиш кераклигини тобора кўпроқ муҳокама қилмоқда.

Июнь ойида Кўрфаз ҳамкорлик кенгашининг (КҲГ) қувайтлик маслаҳатчиси Сами Ал- Фараж Reuters агентлиги билан суҳбатда “Обама Эрон билан алоқаларни тиклаган АҚШ президенти ўлароқ эсга олинади. Аммо уни ҳудуддаги анъанавий ҳамкорларини йўқотган президент сифатида ҳам эслашлари мумкин”, деди.

КҲГга Саудия Арабистони, Қувайт, Баҳрайн, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Уммон давлатлари киради. Фараж кенгаш куч мувозанатига эришиш учун “бошқа вариантларни – бу Россия, Франция ёки Туркия ва Покистон каби ҳудуддаги кучли мамлакатлар бўладими – кўриб чиқмоқда”, деди.

Москванинг Сурия Президенти Ассадни қўллаб келаётгани Ар-Риёд хушига ёқмаса-да, ой бошида Саудия Арабистонининг суверен маблағ фонди Россияда 10 миллиард доллар сармоя ётқизишини эълон қилди.

Саудия Арабистони Франция билан ҳам алоқаларни яхшиламоқда. Июнь ойи охирида Париж ва Ар-Риёд Саудия Арабистонида икки ядровий реактор қуришнинг иложи бор ёки йўқлиги биргаликда ўрганилаётганини билдирди. Реакторлардан тинчлик мақсадида фойдаланиш кўзда тутилган. Саудия арабистонилик расмий AFP агентлиги билан суҳбатда қиролликда ядровий қурол ишлаб чиқиш нияти йўқ эканлигини билдирди.

Қурол пойгаси

Саудия Арабистони расмийсининг AFP билан суҳбатда мамлакатнинг ядровий ниятлари тинчликни кўзлашини айтиб ўтишидан аввал Саудия Арабистони расмийлари Эрон билан эришилган келишув Ар-Риёдни уранни Эрон каби бойитиш қобилиятига эришишга ундаши мумкинлигини айтган эди. Бу шарҳлардан аллақачон таранглик ўчоғи бўлган ҳудудда ядровий қурол пойгаси бошланиши мумкинлигини хулоса қилиш мумкин.

Май ойида The New York Times газетасида чоп этилган мақолага кўра, саудия арабистонилик расмий “Эронга ўз қобилиятининг аксар қисмини сақлаб қолишга ва изланишларини тўплаб боришга рухсат берилган бир пайтда биз қўл қовушттириб ўтира олмаймиз”, деган.

Саудия Арабистони подшо оиласи аъзоси ҳамда мамлакат разведка хузматининг собиқ етакчиси шаҳзода Туркий ай-Файсал Би-Би-Сига бир неча ой аввал берган интервьюси давомида Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар ҳам шу йўлдан бориши мумкинлигига шама қилди: “Агар Эрон уранни исталган даражагача бойитиш ҳуқуқига эга бўлса, Саудия Арабистонидан бошқа мамлакатлар ҳам буни истайди”.

Жанубий Флорида университетида сиёсат бўйича дарс берувчи профессор Миланий Саудия Арабистони ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларининг ядровий ниятлари ҳақидаги таҳдидларга шубҳа билдирди. Профессорга кўра, бу мамлакатлар шунчаки ғарб мамлакатлари Эронни иложи борича кўпроқ ён беришга ундашини истайди.

Озодлик билан суҳбатда Миланий “Буни қилишдан айтиш осон. Саудия Арабистони Эрон ўз ядровий дастури бўйича эришган даражага етиш учун Эрон бошидан кечирганларни ўз бошидан кечиришга тайёрми? Саудия арабистониликлар агар бомба сотиб олишга қарор қилса ёки ядровий қурол ишлаб чиқариш қобилиятига эга бўлса, олти қудратли мамлакат Эрон билан музокаралар олиб бораётган пайтда уларни қўллаган мамлакатлар, жумладан, Исроил уларнинг энг йирик душманига айланади”, деди.

Янги энергия ўйини

Эрон халқаро миқёсда ажратиб қўйилгани сабаб ўзининг йирик энергия заҳираларидан тўлиқ фойдалана олмади. Аммо халқаро санкциялар бекор қилинса, вазият ўзгариши мумкин: Теҳрон янги энергия харидорларига эга бўлади, мамлакат газ ва нефть секторларига чет элдан сармоя жалб қилиши мумкин бўлади. British Petroleum ширкатининг дунё энергияси бўйича охирги маълумотномасига кўра, 157 миллиард баррель нефть заҳирасига эга Эрон дунёдаги тўртинчи энг нефтга бой мамлакатдир.

Мамлакатдаги газ заҳиралари бўлса 34 триллион кубометрни ташкил қилади. Бу бўлса Эроннинг нефть ва газ заҳиралари Россияникидан ҳам кўп дегани.

Бу заҳираларни дунё бозорига олиб чиқиш Теҳронни бойитади. Бундан ташқари, Европа мамлакатлари учун Россия газига муқобили пайдо бўлади. Европа Иттифоқи истеъмол қиладиган газнинг 27 фоизи Россиянинг Газпром ширкатидан олинади. Бу газнинг асосий қисми Украинадан ўтади. Ғарб мамлакатлари ҳамда Киев Россияни 2014 йилги Қрим аннексиясидан кейин юзага келган тўқнашувларни аланглатишда, хусусан, россияпараст айирмачиларга тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам беришда айблаб келади. Россия иқтисоди ҳам нефть олиб келадиган даромадга қарамдир. Ўтган йилда нефть арзонлашгани сабаб зиён кўраётган Россия Эрон нефти бозорга чиқса, янада кўпроқ жабр кўриши мумкин.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг Украина конфликтидаги ролини озайтириш учун мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилиб келади.

“Демократия сари йўл”

Эрон билан келишув нисбатан мўътадил бўлган Руҳоний ва уни қўлловчилар учун эронликларга кўпроқ эркинлик бериш ҳаракатларига қарши чиқувчи радикал етакчилар олдида ютуқ бўлиши мумкин. Аммо Ренд корпорациясининг Эрон бўйича таҳлилчиси Алиризо Надернинг айтишича, Руҳонийга эронлик мухолифлар янада кўпроқ босим ўтказиши мумкин.

Озодлик билан суҳбатда Надер “Ядровий келишув Президент Руҳоний обрўсини оширади ва унга сиёсий капитал беради. Консервативлар президент ўзининг машҳурлигидан фойдаланиб, Эронда йирик ислоҳотлар бошлашидан хавотирда”, деди.

Надер Руҳоний жуда эҳтиёткорлик билан иш тутаётганини қўшимча қилди.

“Аммо ядровий келишув унинг мулоҳазасини ўзгартирадими? Ядровий келишув унинг обрўсига ижобий таъсир қилиши мумкин, лекин у консервативлар бошқарувидаги сиёсий тизим билан ишлашга мажбур. Консервативлар ислоҳ қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатга қарши чиқади, таклиф қилинаётган ислоҳотлар қанчалик кичик бўлишидан қатъи назар”.

Аммо айрим таҳлилчиларга кўра, ядровий келишув санкцияларни бекор қилиш ва уруш хавфини бартараф қилиш ҳамда мўътадил ва ислоҳотларни қўлловчи эронликларга кўпроқ эркинлик бериш орқали мамлакатда демократик ўзгаришлар истиқболини оширади.

Бу таҳлилчилар орасида Эрон билан музокаралар олиб борган АҚШлик гуруҳнинг санкциялар бўйича етакчи мутахассиси ўлароқ ишлаган Денвер университети профессори Надер Ҳашемий ҳам бор. Ҳашемий ядровий келишув “Эронни демократия сари йўлга қайта бошлаши мумкин”, дея фикр билдирди.

XS
SM
MD
LG