Линклар

Тожикистоннинг Бадахшон вилоятидаги Ғунд дарёсида келган сел дарё ёқасида жойлашган 32 хонадонни бутунлай ювиб кетди. Дарё сувининг ҳаддан ташқари кўпайганлиги сабабли Помир-1 ва Хоруғ ГЭСлари фаолияти тўхтатилди.

Бадахшон вилоятининг Шуғнон туманидаги Ғунд дарёсига 16 июль куни келган сел Сўчон қишлоғидаги камида 32 та уйни бутунлай ювиб кетди.

Шуғнон тумани ҳокими Азиз Ғиёевнинг Озодлик радиосига айтишича, ҳозирча сел келтирган талафот қанчага тушиши ҳисоблаб чиқилмаган, лекин бу талафот "жуда ҳам кўп" бўлиши мумкин:

“Тўрт кўприк, икки километрлик автомобиль йўли, икки ярим километрлик электр тармоғи ҳам йўқ бўлди. Сел катта кўприклардан бирини ағдариб дарё ичига кўндаланг қилиб қўйди ва бунинг оқибатида дарё ичида узунлиги бир ярим километрлик кўл пайдо бўлди”, деди Азиз Ғиёев.

Танг қишлоғида истиқомат қиладиган аҳоли дарёда вужудга келган кўлдан хавотир олишаётганини Озодликка айтдилар. Агар селдан ҳосил бўлган бу сунъий дамба ўпирилиб кетса, чор атрофдаги бир қанча қишлоқларни ювиб кетиши мумкин. Бу қишлоқ аҳолиси энг зарурий нарсаларни олиб, уйларини тарк этган. Баъзилар тоққа чиқиб палаткада яшамоқда.

Танглик Муқимнинг айтишича, сел уларнинг қишлоғидаги уч уйни ва қишлоқ дўконини ювиб кетган.

​Ҳокимга кўра, айни пайтда кўприкларнинг ювилиб кетгани боис Сўчон қишлоғига фақат вертолётлар кўмагида биринчи ёрдам кўрсатмоқда.

“Помир Энержи” корхонасидан Озодликка хабар беришларича, айни пайтда энергетиклар сел ювган электр тармоқларини тузатишга киришган.

Ғунд дарёсининг суви ҳаддан ташқари кўтарилгани боис “Помир Энержи” компаниясига қарашли "Помир-1" ва "Хоруғ" ГЭСларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Оқибатда Шуғнон, Роштқалъа, Рўшон ва Ишкошим туманлари чироқсиз қолган.

Экспертларнинг айтишларича, иссиқ ҳаво туфайли музликларнинг эриши жадаллашгани ва сув оқимининг кўпайиши сел келишига сабаб бўлган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассисига кўра, Сучон дарасидан бошланган сел Ғунд дарёсига жуда кўп тош ва лойқа оқизиб келган. Мутахассислар ҳозир сунъий кўлнинг йўлини очиш ва сувни сиздириш имкониятларини қидирмоқда.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар хизматининг кўп сонли қутқарувчилари сел оқибатларини бартараф этишга сафарбар қилинган.

XS
SM
MD
LG