Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:27

Қирғизистон АҚШ билан ҳамкорликни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда


Азимжон Асқаров
Азимжон Асқаров

Қирғизистон ҳукумати АҚШнинг ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотини бериш қарорига жавобан Бишкек билан Вашингтон ўртасида 22 йил аввал имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик келишувни бир томонлама равишда бекор қилиш билан таҳдид қилди. Қирғизистон ҳукумати Қўшма Штатлар умрбод қамоққа ҳукм этилган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нуфузли мукофотни тақдим қилиш қарорига норозилик билдириб, АҚШ элчисини ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди.

АҚШнинг Бишкекдаги ишончли вакили Ричард Майлс 17 июль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, АҚШ Давлат депатраментининг 2014 йилги Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотини Азимжон Асқаровга топшириш қарори юзасидан норозлик нотаси топширилди.

Бишкек расмийлари бу хусусда тарқатган баёнотда Қирғизистон фуқароси Азимжон Асқаров “этник низони келтириб чиқарганлик, оммавий тартибсизликларни уюштирганлик ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимини вахшиёна ўлдирганлик”да айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа маҳкум этилгани таъкидланади.

Азимжон Асқаровга нуфузли халқаро мукофотнинг топширилиши муносабати билан Қирғизистон ҳукумати Қўшма Штатлар билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик келишувини бекор қилиш ниятини ҳам билдирди.

“Қирғиз Республикаси ҳукумати 1993 йилнинг 19 май куни Вашингтонда имзоланган Қирғиз Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувини бир томонлама равишда денонсация қилиш ниятини билдиради”, дея баён қилди ташқи ишлар вазирлиги.

“А.Асқаровга АҚШ Давлат департаменти мукофотининг топширилиши Қирғизистон ва АҚШ ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатларга мос келмайди, ҳукуматнинг Қирғиз Респубкликасида этник тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш уринишларига путур етказади, фуқаровий тинчлик ва жамият барқарорлигига хавф солади”, дейлади баёнотда.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Қирғизистон суди тарафидан Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонишларини айтиб келишади. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келади.

XS
SM
MD
LG