Линклар

Рус мухолифатчиси Мария Гайдар Саакашвилига муовин бўлди


Михаил Саакашвили ва унинг янги ўринбосари Мария Гайдар

Михаил Саакашвили ва унинг янги ўринбосари Мария Гайдар

Рус мухолифати фаоли Мария Гайдар Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвилига ёрдамчи этиб тайинланди.

"Россиянинг энг ёрқин сиёсатчиларидан бирининг сафимизга қўшилиши бизнинг енгилмаслигимизни кўрсатади", деди Саакашвили.

33 яшар Мария Гайдар ҳали бу каби жамоада ишлаб кўрмаганини айтиб, ҳақиқий ислоҳотларни амалга оширишга ваъда қилди.

УНН агентлиги хабарига кўра, Саакашвили ўз навбатида Гайдарга Украина фуқаролигини олиб беришга ваъда берган.

Саакашвили Мария Гайдарни муовини сифатида таништирар экан унинг отаси - 1992 йилда Россия бош вазири бўлган марҳум Егорь Гайдарни ҳам хотирлади.

2014 йилнинг октябрида Алексей Навальний маҳкамаси билан боғлиқлик важи билан Мария Гайдар уйида тинтув ўтказилган.

Гайдарнинг ўзи ушбу тинтувни мухолифатдаги фаолияти билан боғлаган.

Президент Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бўлган Мария Гайдар "Социальный запрос" ижтимоий кўмак жамғармаси асосчиси ва раҳбаридир.

Мария Гайдар 2009-2011 йиллари Россиянинг Киров вилояти губернатори ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўша пайтда у минтақанини ижтимоий ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича масъул бўлган.

Михаил Саакашвили ва унинг Одессадаги янги командасига ойлик иш ҳақи Қўшма Штатлар ҳисобидан тўланади.

Саакашвили АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайет билан учрашув жараёнида мана шу ҳақда келишилганини билдириб, 8 июль куни ўзининг Фейсбук саҳифасида хабар қолдирди.

Саакашвилига кўра, АҚШ махсус хизматлари Одесса полицияси малакасини оширишда ҳам ёрдам кўрсатади.

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 30 май куни Украина президенти Петро Порошенко Фармони билан Одесса вилояти губернаторлигига тайинланган эди.

Грузияга 2004-2013 йиллар давомида раҳбарлик қилган Саакашвили икки йил аввал ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлган. Грузияда Саакашвили хизмат лавозимини суистеъмол қилганликда ва парламент депутатига қилинган ҳужумни уюштиришда айбланаётир.

XS
SM
MD
LG