Линклар

logo-print

Байрам муносабати билан эрталаб Ўзбекистон жомеъларида мусулмонлар жамоат бўлиб Ҳайит намозини адо этдилар.

Ҳайит намози муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилди, масжидга олиб борувчи йўлларда бир чақирим масофада транспорт ҳаракати чекланди.

Тошкентдаги янги қурилган "Минор" масжидида байрам намозини адо этган Маъруфжон Озодлик билан суҳбатда кўрган-кечирганларини гапириб берди:

- Тонг саҳардан номозга бордик, одам кўп эди. Машинани узоқроқда қолдириб, икки километрини пиёда юриб бордик. Ҳар қадамда милиция қўйилган. Назорат жуда кучли бўлди. Имом "фитналарга берилманглар, осойишталигимиз бузилмасин", деган ваъзларни ўқиди. Ҳар галгидек бу сафар ҳам ёш болаларни номозга қўймади, - дейди тошкентлик Маъруфжон.

Тошкентдаги Хўжа Аламбардор масжиди мутаваллиларидан бири масжидларга ёш болаларнинг қўйилмаганини шундай изоҳлади:

- Кичкина болаларга таровеҳ намозларига ҳам бу йил рухсат берилмади. Нима сабабданлигини билмаймиз, кичкина одаммиз. Ҳар хил нарса бўлиб қолиши мумкин-да. Сийиб қўйиши мумкин, оёқ остида қолиб кетиши мумкин, ёш бола-да, шунинг учун қўйилмаган бўлиши мумкин, - деди масжид мутаваллиси.

Ўзбекистон президентининг 14 июль куни ҳайит байрамини нишонлаш тўғрисидаги фармонида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тавсияси билан ҳайит куни 18 июль деб белгиланиши қайд этилган эди.

Аммо Россия, Туркия, Европа, Жанубий Корея, Саудия Арабистон, Бирлашган Араб амирликлари, Қувайт, Қатар, Хитой, Австралия ва Индонезия каби бир қатор давлатларда Рамазон ҳайити 17 июль куни нишонланган.

Ўзбекистоннинг қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда байрам жума куни бошланди.

Ўзбекистон президентининг ҳайитни нишонлаш тўғрисидаги қарорида “Нуроний", “Маҳалла” ва бошқа тегишли ташкилотлар ўзбек халқининг миллий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда ҳайит байрамини юқори даражада нишонланишини уюштириш ҳақида кўрсатма берилган.

Ўзбекистонда Рамазон ва Қурбон ҳайитлари 1992 йилдан бери дам олиш куни деб эълон қилиниб келинади.

Рамазон ҳайити муносабати билан дунёнинг бир қатор давлатлари раҳбарлари Ўзбекистонга табрик телеграммалари жўнатган. Улар қаторида АҚШ президенти Барак Обама ҳам бор.

“Америка халқи номидан мен ва Мишель Сизга ҳамда сизнинг мамлакатингизга Ийд ал Фитр шарофати билан энг яхши тилакларимизни билдирамиз”, дейилади Обама номидан Ўзбекистон президентига жўнатилган телеграммада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG