Линклар

Махсус хизмат: "Исломий давлат" Бишкекда террор ҳаракатларини режалаштирган


Бишкекда 16 июль куни ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида вайрон бўлган уйлардан бири.

Бишкекда 16 июль куни ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида вайрон бўлган уйлардан бири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Бишкекда 16 июль куни жисмонан йўқ қилинган ва айримлари қўлга олинган террор гуруҳини “Исломий давлат”га мансублиги ҳақида билдирув тарқатди. Хабарда айтилишича, гуруҳ Бишкекда портлашларни уюштириш мақсадида 500 килограмм аммиак селитраси сотиб олган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, қуролланган гуруҳ 17 июль куни Бишкек марказий майдонида ўқиладиган ҳайит намози пайтида ва Қантдаги Россия ҳарбий ҳаво базасида бир вақтнинг ўзида портлашлар уюштиришни режалаштирган.

- Улар Бишкекдаги ҳайит намози пайтида портлашлар содир этишмоқчи бўлган. Бунгача қўлда ясалган портловчи моддаларни тайёрлаш учун 500 килограм аммиак селитрасини сотиб олишган. Қантдаги авиабазада ҳам теракт уюштиришни кўзлашган, - дейди Рахат Сулайманов.

Хавфсизлик хизмати хозирча қўлга олинганларнинг шахсини очиқламаяпти. Бироқ аввалроқ қамоқдан қочган Қозоғистон фуқароси Жанбулат Амиров гуруҳ раҳбари экани айтилганди. Амиров 16 июль куни Бишкек марказида махсус хизматлар ўтказган махсус амалиёт чоғида жисмонан йўқ қилинган 4 одамнинг бири. Қўлга олинганларнинг “Исломий давлат” гуруҳига аъзо экани ҳам айтилмоқда.

Шу йил бошларида диншунос олим Кадир Маликов халқаро анжуманлардан бирида “Исломий давлат” гуруҳи Марказий Осиё давлатларида тартибсизликларни уюштириш учун моддий кўмак кўрсатаётгани ҳақида гапирган эди.

Бундан ташқари “Исломий давлат” гуруҳининг “Мовароуннаҳр” деб аталувчи Марказий Осиё қаноти ташкил этилиб, унга 70 миллион доллар ажратилгани ҳам айтилган.

Қирғизистон парламенти депутати Феликс Кулов бундан ярим йил аввал мамлакатда август-сентябрь ойларида “Исломий давлат” гуруҳи томонидан терорчилик ҳаракатлари содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Феликс Кулов 17 июль куни журналистларга берган суҳбати чоғида террорчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириш учун қирғиз махсус хизматларининг моддий-техник базасини яхшилаш зарурлигини айтди:

- Туркманистон жанубида бошланади, деб мен бунгача айтганман. Айтганимдек, Туркманистонда террор ҳаракатлари содир этилди. Энди куч ишлатар тузилмаларга жиддий эътибор қаратмасак, террорчиликка қарши туриш қийин бўлади, - деди Феликс Кулов.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг билдиришича, 16 июль куни Бишкекда ўтказилган аксилтеррор амалиётидан сўнг террорчилар яширинган уйдан катта миқдордаги пул, етти автомат, беш тўппонча ва кўплаб гранаталар топилган.

16 июлда Бишкек марказидаги Панфилов-Горький кўчалари кесилишида ва ГЭС-5 мавзеида террорчиларни қўлга олиш амалиёти ўтказилган эди. Амалиёт пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 4 ходими яраланган ва террорчи экани айтилаётган олти нафар одам ўлдирилган. Амалиёт пайтида қўлга олинган беш одамга нисбатан тергов ишлари олиб борилаётгани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG