Линклар

logo-print

ЎзМТРК раҳбарларидан бири “сиёсий хато” учун ишдан олинди


"Ахборот"да президентнинг Қашқадарё сафари кечикиб ёритилгани "сиёсий хато" сифатида баҳоланди.

"Ахборот"да президентнинг Қашқадарё сафари кечикиб ёритилгани "сиёсий хато" сифатида баҳоланди.

Шу йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Олим Тошбоев лавозимидан четлатилди. Олим Тошбоев истеъфосига Президент Ислом Каримовнинг Қашқадарёга қилган сафари ўз вақтида эфирга берилмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Жой-жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь – 1 июль кунлари Қашқадарё вилоятига борган президент Ислом Каримов сафари тафсилотлари ТВда кенг ёритилмагани Олим Тошбоев истеъфосига сабаб бўлган.

Озодликнинг Ўзбекистон ТВдаги манбасига кўра, президентнинг Қашқадарёга ташрифи тафсилотлари, хусусан, унинг Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Камол Султон” фермер хўжалиги даласига боргани билан боғлиқ лавҳалар Олим Тошбоевнинг масъулиятсизлиги сабабли бир кун кечикиб эфирга берилган.

“Ўша куни президент Тошкентга келиб, “Ахборот”ни кўрган. Ўзининг фермер даласидаги чиқишини ТВда кўрмаган. Маълум бўлишича, ўша куни эфирга берилиши керак бўлган лавҳа Олим Тошбоевнинг уйига кетиб қолгани муносабати билан назорат кўригидан ўтмаган ва эфирга берилмай қолган экан. Роса тўполон бўлиб кетди, Тошбоев шунинг учун статья билан ишдан олинди. Буни юқоридан “сиёсий хато” деб баҳолашган”, дейди Озодлик манбаси.

44 яшар Олим Тошбоев сўнгги 10 йил давомида телерадиокомпаниянинг “Ўзбекистон” канали директори, компания раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаб келаётганди.

Озодлик радиоси 2014 йил апрелида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида Бош прокуратура томонидан бошланган кенг кўламли молиявий тафтиш ҳақида хабар берганди. Телеширкатдаги Озодлик манбаси мазкур тафтишга телерадиокомпания реклама бўлимидаги коррупция ва давлат пулларини талон-тарож қилиш ҳолатлари сабаб бўлганини билдирган эди.

Мобил мухбирларимизнинг суриштирувларига қараганда, компания раисининг биринчи ўринбосари истеъфосидан олдинроқЎзбекистон Республикаси Президенти девони ҳузуридаги Ҳисоб палатаси тафтишчилари миллий телерадиокомпаниядаги талон-тарожликлар, телелойиҳаларни қалбаки молиялаш ортидан юзага келган қонунбузарлик ҳолатлари тўғрисида тўпланган материалларни прокуратура органига тақдим қилган. Прокуратура ТВ иши юзасидан тергов олди суриштирувларни олиб бормоқда.

Мобил мухбирларимизнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура томонидан сўнгги бир ой давомида телеширкат тизими тафтиш қилиниб, бир неча юз миллион сўмлик талон-тарожликлар ақниқланган. Бунинг ортидан ширкат раҳбарий тизимидаги шахслардан бири (Озодлик айбсизлик презумпциясига амал қилган ҳолда мобил мухбирларимиз ким эканини аниқлаган мазкур раҳбар исмини ошкор қилишдан тийилади - муҳаррир) прокуратуранинг махсус ҳисоб рақамига 50 миллион сўм миқдоридаги камомадни олиб бориб шахсан тўлаган.

Озодликнинг телеканалдаги манбаси ТВда талон-тарожликка йўл қўйиб, жавобгарликка тортилаётган раҳбарлар бу билан чекланмаслигини айтади. Масалан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги каналлардан бирининг директори ҳам (исми ва телеканал номи Озодликка маълум- муҳаррир) прокуратура ғазнасига 8 миллон сўм миқдоридаги келтирилган зарарни тўлаган.

“Аммо бу шахснинг юқоридаги ҳомийлари уни жавобгарликдан озод қилиб, журналлардан бирига бош муҳаррир этиб тайинланишига эришди”, деб билдирган ТВдаги Озодлик манбаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG