Линклар

Эронликларда умид ва келажакка ишонч пайдо бўлмоқда


Кўчада иш берувчи кутиб ўтирган эронлик мардикор Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасида имзоланган шартнома ортидан кутилаётган "яхшиликка етишгунича" яна 5-6 ой талаб қилиниши айтилмоқда.

Кўчада иш берувчи кутиб ўтирган эронлик мардикор Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасида имзоланган шартнома ортидан кутилаётган "яхшиликка етишгунича" яна 5-6 ой талаб қилиниши айтилмоқда.

Узоқ пайтдан бери иқтисодий санкциялар таъсирини ҳис қилиб келаётган оддий эронликлар мазкур ҳафтада эришилган ядровий дастур бўйича тарихий келишув натижаларини интиқлик билан кутмоқда. Кўпчилик мазкур шартноманинг имзоланиши халқаро ҳамкорликни кенгайтириб, иқтисодий шартларни яхшилайди, янги бизнес имкониятларига ҳамда ғарб мамлакатлари билан алоқанинг яхшиланишига сабаб бўлади, деб ишонади.

14 июль куни эришилган келишувдан боши кўкка етган 19 ёшли теҳронлик Ҳамид: “Ҳаётимизга умид қайтди. Аввал мен ва мен тенгги авлоднинг келажаги йўқдек туюларди”, дея хитоб қилди.

Агар Эрон келишувга риоя қилса, жорий қилинган санкцияларнинг энг кучлилари, жумладан, Эроннинг халқаро молия тизими билан бўлган алоқасини узиб қўйган санкциялар бекор қилинади.

Эрон пойтахтида истиқомат қилувчи санъаткор: “Кўпдан бери энди биринчи марта эркин нафас ола олаяпман”, деди. Исми ошкор бўлишини истамаган санъаткор муҳим озиқ-овқат, дори-дармон ҳамда бошқа маҳсулотларнинг нархи тушишига умид қилишини қўшимча қилди.

“Одамлар иқтисодий босимдан жуда қийналди”, деб сўзини давом эттирди санъаткор.

Аммо санъаткор Эронда туб ўзгаришлар рўй бермаслигини айтди:

“Биламан, мамлакат ўзгармайди – коррупция йўқ бўлмайди, кўп [сиёсий ва ижтимоий] ҳуқуқларимиз бузилаверади”.

Келишув халқаро молиявий битимларга қўйилган чекловлар бекор қилинишига олиб келади. Бу эса четга пул жўнатишда ва четдан пул олишда муаммоларга дуч келган эронликлар ҳаётини енгиллатади. Эришилган келишувга кўра, эронлик талабаларга ғарб университетларида ядро фани, ядро техникаси ёки энергия соҳасида таълим олиш ман қилинмайди.

Эришилган келишув тобора ўсиб бораётган инфляция ҳамда миллий валюта бўлмиш риалнинг қадрсизланишига ижобий таъсир қилиши мумкин.

Исми ошкор бўлишини истамаган теҳронлик журналист бу соҳалардаги ўзгаришлар “одамларни кўпроқ пул сарфлашга ундайди, бу бўлса бизнес учун яхши”, деди.

Журналист кўп одам молиявий қарорларга келиш учун келишувга эришилишини кутганини қўшимча қилди.

“Келишувга эришилгани сабаб ноаниқлик ариди”, деди теҳронлик журналист.

Аммо таҳлилчилар санкциялар таъсирида қолган ҳамда узоқ йиллардан бери нотўғри бошқарилиб келинаётган иқтисоднинг қайта тикланиши осон бўлмаслигини айтмоқда.

Лондонда фаолият юритувчи иқтисодчи Меҳрдад Эмадий санкциялар бекор қилинганидан кейин эронликлар ўзгаришларни ҳис қилишлари учун олти ойдан бир йилгача вақт ўтишини айтди. Санкциялар бекор қилинса, Эрон ҳозирда чет мамлакатларда музлатилган 100 миллиард доллардан кўп нефть даромадини қайтариб олиши мумкин.

Эмадийнинг айтишича, келгуси ойларда Эронда инфляция даражаси пасайишини кузатиш мумкин бўлади.

“Айрим маҳсулотларнинг нархи тушади. Бундан ташқари, риалга нисбатан чет эл пул бирликлари озгина қадрсизланади”, деди Эмадий.

Кўп эронликлар энергия, автомобиль ҳамда туризм соҳаларига ётқизиладиган сармояларнинг ўсишини ва бунинг ортидан янги иш ўринлари яратилишини кутмоқда.

Эмадий ишсизлик даражаси тушиши учун уч йилгача вақт керак бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

“Ҳозир эронликлар учун энг катта муаммо инфляция эмас – инфляция даражаси 42 фоиздан 14 фоизга тушди. Энг катта муаммо кенг тарқалган ишсизлик ҳамда хусусий секторларда заводларнинг ярим қувватда ишлаётганидир”, деди иқтисодчи.

Эрон нефть вазирининг нефть ва кимёвий ишлар бўйича ўринбосари Аббос Шерий Моғадам мамлакатнинг нефть ва нефть -кимё соҳаларига сармоя ёқтизишни истовчи чет эл ширкатлари сони кескин ўсишини башорат қилди.

IRNA расмий янгиликлар агентлиги 14 июлда тарқатган хабарда ёзилишича, Шерий Моғадам “Биз шундай кунга ўзимизни тайёрлашимиз керак”, деган.

Аммо ўша куни иқтисод вазири Али Таебния Эрон иқтисодида жиддий ёндашиб ҳал қилиниши керак бўлган “структуравий муаммолар” борлигини айтиб, эҳтиёткорлик кўрсатди.

“Ҳозир яхши ҳодиса содир бўляпти. Жорий қилинган чекловлар иқтисодимиздан олиб ташланади. Иқтисодимизни ҳозирги ижобий шароитлардан фойдаланиб гуллатиш бизга боғлиқ”, деди Таебния.

Иқтисодчи Эмадий бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, Эрон иқтисодий муаммоларининг кўпи билан 30 фоизига санкциялар сабабчи бўлиб, “кенг тарқалган коррупция, самарасиз давлат сектори ҳамда нефть ва газ секторлари бўйича равон боғланишли стратегиянинг йўқлиги” каби муаммолар ҳал қилиниши керак.

Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Гулноз Исфандиёрий қаламига мансуб мақолани инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG