Линклар

Юқоридаги суратда гўдак маъсум жилмайиб турибди, унинг тим қора кўзлари шодликка тўла, оппоқ жемперида эса овқат қолдиқлари.

Бундай сурат билан ҳар қандай ота-она фахрланса арзийди.

Аммо бу гўдакнинг отаси фарзандини ўзи сингари кийдиришга ҳаракат қилган жангаридир.

Қозоғистонлик Исломий Давлат (ИД) жангчиси Артём ўз фарзанди бошига қора лентани боғлаб қўйган.

Лентада оқ ҳарфлар билан, худди ИД байроғида бўлгани сингари, калимаи шаҳодат битилган.

Бу фотосурат Россиянинг VKontakte веб сайтига 14 июль куни қўйилди.

Артём ижтимоий тармоқларга “ИД гўдаклари”нинг суратларини қўяётган биринчи русийзабон жангари эмас.

Гўдак ва чақалоқларни ижтимоий тармоқларга қўйиш ИДнинг Россия ва Ўрта Осиёдан келган жангчилари орасида анъанага айланишга улгурган.

ИД жангчилари фарзандларининг сони ортиб бораётганига ажабланмаса ҳам бўлади, зеро Сурия ва Ироққа хорижий жангчилар келиб жойлашмоқда, ИД эса уларни оила қуришга ташвиқ қилади.

Кўплаб жангарилар Артём сингари ИД назорат қилаётган ҳудудларга ўз фарзандларини ҳам олиб кетишган.

Аммо оталар ўз фарзандларидан не қадар “яхши” мужоҳид эканликларини исботлаш учун фойдаланмоқда.

Фарзандларини кўтариб турган жангарилар суратлари остига “бўлғуси мужоҳидлар” деб ёзишади.

Кўп ҳолларда гўдаклар кичик жангарилар каби кийинтирилган.

Баъзилари, ҳаттоки, қурол ушлаб турибди.

Бундай тенденция айниқса ал-Ақсо катибасидан бўлган шимолий кавказлик жангарилар орасида урфга кирган.

Бир чечен жангариси, Мансур Шишаний, май ойида Асҳаб исмли фарзанди билан суратга тушган.

Мансур ҳам, унинг гўдаги ҳам қўлида қурол тутиб турибди.

Мансур Шишаний ва унинг ўғли Асҳаб

Мансур Шишаний ва унинг ўғли Асҳаб

Ал-Ақсо катибасидан бўлган яна бир жангари, Закарё Қурайш, ижтимоий тармоққа ўзи ва икки фарзанди суратини жойлаштирган.

Сурат устида мана бу сўзлар битилган: “Фарзандларим халифаликда улғаймоқда”.

Аммо бундай суратларни ижтимоий тармоқларга фақат жангарилар жойлаштираётгани йўқ.

Шу ой бошида Сурияда ҳалок бўлгани ишонилган таниқли тожик жангариси Нусрат Назаров (Абу Ҳолид Кўлобий) ҳарбий либосда гўдакни ушлаб турган ҳолда суратга тушганди.

Ал-Ақсо катибасининг бошлиғи, Абу Умар Грозний исмли чечен ҳам, ўзи ва ҳижоб ўраган қизалоғи суратини ижтимоий тармоққа жойлаштирган эди.

Ёллашда болалардан фойдаланиш

ИД жангарилари “ИД болалари” суратларидан янги жангариларни ёллаш мақсадида ҳам фойдаланишмоқда.

Ҳарбий либос, жиҳодий ленталардан Сурияга бормоқчи бўлган бўлажак жангарилар ҳадафга олинади.

Бундай суратлар воситасда берилаётган мужда битта: ИД назоратидаги ҳудудларда ҳаттоки болалар ҳам қўлларига қурол олишмоқда ва улар ўз уйида ўтирган ва жанг қилмаётганлардан “эркакроқ”дир.

Муслим Дарбандий исмли доғистонлик жангари 27 июнь куни VKontakte тармоғида қўлида қурол ушлаб турган болакай суратини қўйганди.

Сурат остига Дарбандий мана бундай сўзларни битган:"Эркаклар қани??? АГАР ЭРКАК БЎЛСАНГИЗ, ТУРИНГ ВА УММАТНИ ҲИМОЯ ҚИЛИНГ."

Қоронғу келажак

Суратлардаги чақалоқлар ва болалар келажаги қоронғу.

Агар улар жангларда ҳалок бўлмасалар ёки ИД Сурия ва Ироқда эгаллаб олган йирик ҳудудлардан чиқарилмаса, ИД жангариларининг ўғил фарзандлари ёшлигидаёқ ҳарбий ва мафкуравий тайёргарликдан ўтказилади.

Артём фарзандини нималар кутаётганини тасаввур қилиш учун унинг шу ҳафта тарқатган бошқа бир суратига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя.

Унда ҳарбий либос кийган бир гуруҳ марказий осиёлик болалар тасвирланган.

Уларнинг ёши ҳали ўнга кирмаган.

Улар балоғатга етгунга қадар “Исломий Давлат” енгилмаса, ИД уларни "халифалик марказларига" юборади.

ИД ёши ўн саккизга кирмаган болаларни жабҳаларга, интиҳорий амалиётларга юбормоқда ва улардан ҳаттоки асирларни қатл этишда фойдаланмоқда.

Суратлардаги болаларнинг аксари балоғатга етгунга қадар ўз жангчи оталаридан ажралади.

Асҳаб билан суратга тушган чечен жангариси, Мансур, май ойи охирида ўлдирилди.

Асҳабга нима бўлгани аниқ эмас, аммо унинг Сурияда қолиши эҳтимоли катта.

"Исломий Давлат" жангарилар фарзандларини халифалик мулки деб билади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG