Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Украинада минага учраган ўзбекистонлик шифохонага ётқизилди


Ўзбекистонлик темирйўл рельси орқали Россияга пиёда боришни режалаштирган.
Ўзбекистонлик темирйўл рельси орқали Россияга пиёда боришни режалаштирган.

19 июль куни Украинанинг Луганск вилоятида Ўзбекистон фуқароси минага учраб, яраланди. Ҳозирда шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик темирйўл рельси орқали Луганскдан Россияга пиёда боришни режалаштирган экан. Унинг ёнида ҳайдовчилик гувоҳномасидан бошқа бирорта ҳам ҳужжати бўлмаган.

Минага учган ўзбекистонлик

Воқеа якшанба куни кечқурин Станично-Луганск тумани ҳудудидаги темирйўлда юз берган.

Луганск вилоят ҳарбий-фуқаровий маъмурияти тарқатган хабарга кўра, ўзбекистонлик темирйўл рельсидан кетаётган пайти мина сими тортилган жойга дуч келган.

"Якшанба куни темирйўл рельси орқали Россияга бормоқчи бўлган, лекин минага учраган Ўзбекистон фуқароси Станично-Луганск тумани ҳудудий тиббий бўлимига ётқизилди", дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон фуқаросининг ёнида фақат ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган.

Станично-Луганск тумани ҳарбий маъмурияти масъули Озодлик билан суҳбатда минага учраган ўзбекистонликнинг миллати рус, исм-шарифи Смирнов Александр Иванович эканини айтди.

Украинада минага учраган ўзбекистонлик шифохонага ётқизилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк

Озодлик илтимосига кўра, масъул Смирнов ётган шифохона билан боғланиб, унинг аҳволини ўрганди:

"Унинг аҳволи яхши. Шифокорлар билан гаплашдим. Ўлмайди, яшайди дейишди", деди Станично-Луганск тумани ҳарбий маъмуриятининг масъули.

Киевдаги Ўзбекистон элчихонасидан ушбу воқеа бўйича бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик мухбири 20 июль куни элчихонага бир неча бор боғланди, бироқ Смирнов воқеаси бўйича саволларига жавоб ололмади.

Миналаштирилган ҳудудда ўзбекистонлик нима қилаяпти?

Станично-Луганск тумани ҳарбий маъмурияти масъулига кўра, Смирнов терговчилар билан суҳбат чоғида темирйўл рельси орқали Луганскдан пиёда юриб, Россия ҳудудига ўтмоқчи бўлганини айтган.

"У Луганскдан темирйўл орқали юриб, Россиянинг чегарадаги энг яқин қишлоқларидан бирига ўтишни режалаштирган. Бироқ, Станично-Луганск туманининг Кондрашова қишлоғида минага учраган ва мина парчасидан жароҳатланган", деди ҳарбий маъмурият масъули.

Луганск вилоят ҳарбий-фуқаровий маъмурияти расмийси Юрий Клименконинг матбуотга айтишича, Луганскнинг воқеа юз берган ҳудудидаги темирйўлларда поездлар қатнови тўхтатилган.

Боиси, Клименкога кўра, бу ҳудудларда темирйўллар ва автомобиль йўллари россияпараст айирмачилар томонидан миналаштирилган.

Ҳозирда Смирновнинг қандай қилиб бу ҳудудга бориб қолгани, нима мақсадда Украинага келгани ва Луганскда нима қилиб юрганини ҳарбий прокуратура ходимлари ўрганмоқда.

Смирновнинг айирмачиларга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳам текширилаётгани айтилди.

Айирмачи ва ҳукумат тарафдори бўлган ўзбеклар

Украина расмийларига кўра, мамлакат шарқида айирмачилар сафида жанг қилаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор, уларнинг​ асосий қисми Россия махфий идораси ходимлари ва ҳарбийлари томонидан “вербовка” қилинмоқда.

Айни пайтда Украина ҳарбийлари томонида туриб, айирмачиларга қарши курашаётганлар орасида ҳам ўзбеклар талайгина.

Шулардан бири Украина Мудофаа вазирлиги қошидаги “Айдар” кўнгиллилар батальони сафида туриб, ўн ойдан бери айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммаддир.

- "Айдар" батальонида мен танийдиган ўзбекистонлик олти киши бор. Улар орасида келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган рус, корейс миллатидагилар бор. Кейин "Донбасс" батальонида ҳам ўзбеклар бор. Кейин ўзбеклар "Азов" батальонида ҳам бор деб эшитдим. Лекин уларни ҳали ўзим кўрмадим. Эшитганим, "Азов" билан "Донбасс"да тўртта ўзбек бор. Украина томонида жанг қилаётганлардан ўтган йили бир ўзбек йигити ўлган. Лекин у Украина фуқароси. Кейин "Айдар" батальонидагилар айтишди, иккита ўзбекни асирга олган. Ўтган йилнинг ноябрида асирга олган.Разведкачилар тутган уларни. Уларни артиллерист дейишди. Шу артиллеристларни тутган жойида отиб ўлдиришган,- деди Шавкат Муҳаммад.

Ҳозирда Украинадаги айирмачилар сафидаги ўзбеклар сони ҳам, айирмачиларга қарши курашаётган ўзбекларнинг қанчалиги ҳам маълум эмас.

XS
SM
MD
LG