Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Мустақилликнинг 24 йиллигини нишонлашга ҳозирлик расман бошланди. Президент бу байрамни ҳам "юксак даражада ўтказиш"га қарор қилди ва ўз ҳозирлигини баён қилди. Қарор матнида 24 йилда эришилган ютуқлар картошка-пиёз даражасидаги икир-чикирларигача аниқ баён қилинди. Навбат Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳокимият, бизнес ва фермерларга келди.

Шиор: Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!

ЎзА агентлиги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини эълон қилди.

17 июль куни матбуотда эълон қилинган қарорга биноан бу йилги тадбирлар “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилади.

Уқдирилсин: Давлатчилик, муқаддас ислом, баркамол авлод

Президент 24 йиллик тантана олдидан, одатдагидек, бу йилги дастурларда халққа уқдирилиши керак бўлган гапларни аввалдан тайинлаб қўйди:

устақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг акс эттириш".

Мисол: 90-йилда импорт еганлар бугун ички маҳсулот емоқда

Ўзбекистон мустақил бўлганидан 24 йил ўтганига қарамай, собиқ совет замонидаги маъмурий-буйруқбозлик тизимини қоралашдан бошланган қарор матнида "яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган" Ўзбекистоннинг айнан президент Каримов ишлаб чиққан 5 тамойил асосида "саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган" мамлакатга айлангани таъкидланган.

Бунинг яққол намунаси ўлароқ, қора қозонни қайнатиб ўтирган оддий ўзбекистонликлар тушунарли тилда бир мисол келтирилган:

"1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани, мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,6 карра, картошка – 1,7 марта, сабзавот – 2 баробардан ортиқ, мева – қарийб 4 карра кўпайганини эл-юртимиз фаровонлиги тобора ортиб бораётганининг амалий тасдиғи".

Вазифа: Даромад 9, иқтисодиёт 5,5 баробарга ошди...

Қарорда 24 йилликка бағишланган турли тадбирларда аҳолига айтилиши керак бўлган юксак натижалар бирма-бир саналди:

- иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етди,

- иқтисодиёт 5,5 баробардан кўпроқ ўсди,

- аҳолининг реал даромади жон бошига қарийб 9 баробар ошди,

- ўтган даврда 190 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди,

- фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 90-92 фоизини ишлаб чиқармоқда,

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқармоқда,

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилмоқда,

- ялпи ички маҳсулот ҳажми жон бошига 4 марта ўсди ва ҳозирги кунда бу кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади,

- сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилди ва реконструкция қилинди,

- бугунги кунда мамлакатнинг 2 миллион нафар фарзанди, жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

Унутилмасин: Чегаралар оша таҳдид, ҳушёрлик...

Табиийки, бу гал ҳам Ислом Каримов юртга чегара нарисидан келаётган таҳдидларни тилдан қўймади ва қарорда "чегаралар дахлсизлигини асраш,.. турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарликни янада ошириш" заруратини алоҳида таъкидлади.

Мустақилликнинг 24 йиллигини нишонлайдиган ўнлаб давлат ташкилоти ва уларнинг ўнлаб ҳудудий бирлашмаси байрам тадбири сценарийларига бу жиҳатни ҳам сингдиришлари зарурлиги уқдирилди.

Қизиғи, бу йилги қарорда президент Каримов "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”ни яна тилга олди. Ўзбекистон 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани" мисолида Ўзбекистоннинг "барқарор тараққиёт суръатларини теран очиб бериш" вазифасини ҳам қўйди.

Ижрочилар: Вазирлик, агентлик, бирлашма ва ҳоказо

Демак, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси каби ўнлаб давлат ташкилотларига уюштирадиган байрам тадбирларида юқоридаги рақамларни қайсидир бир шаклда ифода этиш вазифаси юкланди.

Пул масаласи: Маҳаллий бюжет, хайрия...

Бу борада ҳам аввалги йиллардан жиддий фарқ йўқ:

"Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан; Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади".

Ундириш йўли: Шавкат Мирзиёев

"Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG